Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:03

Қирғиз ҳарбийларининг талончилиги эътироф этилди


Ўшда ҳарбийларнинг ноқонуний ҳаракатларини тергов қилувчи махсус бўлинма ташкил қилинмоқда.
Ўшда ҳарбийларнинг ноқонуний ҳаракатларини тергов қилувчи махсус бўлинма ташкил қилинмоқда.

Ўш шаҳри коменданти ўринбосари Замир Молдошев 22 июн куни журналистларга берган суҳбатида махсус амалиётлар пайтди айрим ҳарбийлар томонидан ноқонуний ҳатти–ҳаракатлар, жумладан, талончилик ҳолатлари бўлганини эътироф этишга мажбур бўлди.


Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев Ўш шаҳридаги ўзбек маҳаллаларида тозалаш ишлари давом эттирилишини айтди. Унга кўра, аҳоли томонидан тўсиб олинган маҳаллалар ихтиёрий тарзда очилмаса, ҳарбийлар бу тўсиқларни куч ишлатиш йўли билан йўқ қилишга мажбур бўладилар.

Дуйшебаев тозалаш ишлари пайтида аҳоли ва ҳарбийлар ўртасида тўқнашувлар хавфи мавжудлигини ҳам эътироф этди.

- Шунга қарамай тозалаш ишлари ўз натижасини бермоқда. Масалан, кеча биргина Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 42 та портловчи мослама аҳолидан тортиб олинган, деди Кенешбек Дуйшебаев.

Айни пайтда тозалаш ишлари олиб борилган ўзбек маҳаллалари аҳолиси Озодликка қирғиз ҳарбийлари томонидан уларга ўта қўпол муомала қилинаётгани ва аёлларнинг қимматбаҳо буюмлари тортиб олинаётганидан шикоят қилган эдилар. Қирғиз ҳарбийлари , ўзбек аҳолисига кўра, очиқчасига миллатчилик руҳидаги баëнотлар ҳам қилмоқдалар.

Бу маълумотни 21 июн куни қирғиз расмийлари рад этган эдилар. Бироқ 22 июн куни Ўш шаҳар комендантининг ўринбосари Замирбек Молдошев ҳарбийлар томонидан талончилик ҳолатлари ва қўпол муомала кузатилганини эътироф этди.

- Бундай воқеалар бўлмади, деб айтсак тўғри бўлмайди. Бундай ҳолатлар бўлган. Ҳозир бу ҳолатлар бўйича Бош прокуратуранинг махсус ишчи гуруҳлари текширув олиб бормоқда, деди Замирбек Молдошев.

Шу билан биргаликда, Ўш комендатураси қошида ички хавфсизлик хизмати ташкил этилган ҳақида 22 июн куни хабар қилинди. Бу бўлим асосан ҳарбийлар томонидан қилинаётган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни аниқлаш билан шуғулланади.

Бош прокуратура томонидан эса Ўш ва Жалолободдаги қирғин юзасидан 67 та жиноят иши тергов қилинмоқда. Хунрезликлар иштирокчиларидан 22 киши қамоққа олинган.

Айни пайтда Қирғизистон муваққат ҳукумати вайронага айланаёзган Ўш ва Жалолобод шаҳарлари қайта қурилиши ҳақида махсус декрет қабул қилди.

- Биз иккита декрет қабул қилдик. Биринчиси, жанубий ҳудудлар дирекцияси ташкил этиш ҳақида. Бу дирекция Ўш ва Жалолобод шаҳар бош планларини ишлаб чиқади ва бу икки шаҳарни қайта тиклаш билан шуғулланади. Бу шаҳарларда катта қурилишлар олиб борилади.

Иккинчи декрет эса солиқлар ҳақида. Биз 2012 йилнинг 31 декбаригача катта ва кичик бизнесни солиқлардан озод қилиш ҳақида. 2012 йилгача тадбиркорлар фақат даромад ва қўшимча даромад солиғи тўлайдилар¸ холос, қолган барча солиқ турлари бекор қилинди, деди Темир Сариев.

Шу билан бир қаторда муваққат ҳукумат “Ўш ва Жалолободда уйи ёндирилган юзлаб одамларга ҳукумат томонидан кўмак бериладими?” деган саволни ҳозирча жавобсиз қолдирмоқда. Ҳукумат расмийлари барча жабр тортганларга кўмак берилиши ҳақида гапираётган бўлсаларда, бу ёрдам нималарда акс этиши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслар.
XS
SM
MD
LG