Линклар

Ўшда бедарак йўқолганлар яқинлари уларни қайдан излашни билмаëтир

  • Фаррух Юсуфий

Қирғизистон муваққат ҳукумати мудофаа вазирлиги расмийлари Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларга ўз яқинларининг нимага олиб кетилаëтгани борасида изоҳ бермаëтир.

Қирғизистон муваққат ҳукумати мудофаа вазирлиги расмийлари Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларга ўз яқинларининг нимага олиб кетилаëтгани борасида изоҳ бермаëтир.

Бедарак йўқолганлар ҳарбийлар томонидан олиб кетилган, гаровга олинган, сотиб юборилган ва ҳатто тириклайин ёқиб юборилган бўлиши мумкин, демоқда уларнинг яқинлари. Расмийлар эса ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинганлар тақдири борасида изоҳ беришдан бош тортмоқда.



Қирғизистон жанубида рўй берган зўравонликларда ўлдирилганларнинг расмий сони 214 кишига етди, мустақил манбалар ва муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаева бу рақамлар камида ўн баробар кўпроқдир, демоқда. Қонли воқеаларда юзлаб одамнинг бедарак йўқолгани ҳам айтилмоқда.

- Полиция¸ милиция деб ëзилган формалар кийиб олишибди. Военный формада келишди. Битта-иккитасида шунақа ëзувлар ҳам бор эди. Атрофимизни ўраб катта машинада киришди булар. Бизни ҳеч қаëққа чиқаргани йўқ¸ даже туалетга ҳам сўраб чиқиб сўраб кирдик. Бизни шунақа маҳкам ушлади. Эркакларимиз ичкарида эди. Эркакларни¸ масалан менинг хўжайинимнинг бошларига автоматнинг қўндоқлари билан уриб¸ бошларини ëриб машинага залог қилиб олиб тушиб кетди. 100 та залог бизга етади¸ деб олиб тушиб кетишди. Ҳозир эркакларимизнинг ҳаммаси залогда. (йиғлаб) Бизни қийнаб ташлашди болам. Қийналиб кетдик биз. Кўчада қолиб кетдик.

Исмини айтмаслигимизни сўраган бу аёл, душанба куни Черёмушки мавзесига туташ Калинин кўчасидаги Отхонада жон сақлаётган ўзбеклар орасида бўлган ва ҳарбийлар рейд бошлагач¸ қамалдан қочишга муваффақ бўлган. Унинг айтишича, бир неча минг киши омон қолиш илинжида яшириниб турган Отхона милиция ва ҳарбий кийимдаги кишилар томонидан қамал қилинган, улар орасидаги эркаклар ҳарбийлар томонидан калтакланиб, номаълум томонга олиб кетилган.

Бу гапларни Отхона қамалидан қочиб чиққан яна бир суҳбатдошимиз ҳам тасдиқлади.

- Мана шу қўрғон деб номланган жой бор. Илгари бу ер отхона бўлган. Шу ерда 5000 га яқин Черемушки мавзеидан йиғилган қочқинлар турган. Бу ерда касаллар ҳам бўлган. Шу ерга қочиб келганларга Россия томонидан ва Қизил хоч ва Қизил ярим ой халқаро жамиятлари томонидан ажратилган гуманитар ëрдамларни булар ўзларининг машинасига солиб¸ бу ердан олиб чиқиб кетдилар.

Озодлик: Улар деяëтганингиз кимлар?

- Улар махсус қўшинлар. Улар шу ишни амалга оширди. Улар келиб шу ерда ярадорларни ҳам ўзларининг машиналарига солиб олиб кетиб қолди. Уларни қаерга олиб кетишганлиги тўғрисида бизга аниқ айтгани йўқ. Шунингдек 5000 га яқин одамларга жой берган уй эгасини калтаклашган. Уйидаги бор қимматбаҳо нарсаларини олиб кетган. Шунингдек бир Мерседес русумидаги автомобил¸ 07 маркали Жигули машинасини олиб кетган¸ дейди Отхона қамалидан қочиб чиққан яна бир суҳбатдошимиз.

Ўшнинг Ўн адир мавзеси хотин-қизлар қўмитаси раиси¸ ҳозирда маҳаллий аҳолига бошчилик қилаётган Гулбаҳор Жўраева бедарак йўқолганлар орасида ҳарбийлар томонидан олиб кетилганлардан ташқари, Ўзбекистонга қочиб ўтганлар ёки ўлдириб юборилган кишилар ҳам бўлиши мумкин, дейди.

- Аёллар ҳозир ҳалок бўлганлар ва бедарак кетганлар рўйхатларини тузишмоқда. Бедарак йўқолганлар борасида бугун аниқ маълумот йўқ. Биз уларни қидиряпмиз, лекин бугунги бош-бошдоқлик вазиятида бедарак кетганларнинг аниқ сонини айтиш қийин. Чунки улар орасида, Ўзбекистонга ўтиб кетганлар, балки уларни тириклайин ёқиб юборишгандир, ё гаровга олиб, сотиб юборишган бўлишлари мумкин. Лекин ҳозиргача кўпчиликнинг дараги йўқ, уларни яқинлари қидирмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари эса, юзага келган вазият боис уларни қидириб, топиш имконига эга эмас, дер экан Гулбаҳор Жўраева биргина Ўн адир мавзесидан 300га яқин одам бедарак кетган, дея тахмин қилади.

Ўш вилояти ва шаҳар коммендантлари бедарак йўқолганларни топиш борасида қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида Озодлик радиоси билан гаплашишни истамади.

Душанба куни Наримон қишлоғи ва Калинин кўчасидаги Отхонадан ҳарбийлар томонидан олиб кетилганлар тақдирини билиш учун муваққат ҳукумат Мудофаа вазири Исмоил Исоқовнинг қўл телефонига қўнғироқ қилдик. Телефонга жавоб берган ва ўзини вазирнинг ёрдамчиларидан бири, деб таништирган киши ҳибсга олинганлар ёнидан қурол-аслаҳа ва наркотиклар топилган, дея иддао қилди.

“Уларга қарши тергов ишлари олиб борилмоқда”, деган расмийга уйлари ёниб кетган кишиларга, яъни жабрланувчиларга қарши қандай тергов ишлари олиб борилиши мумкин, дея савол бердик.

- Уларнинг ёнидан қурол-аслаҳа, наркотиклар топилганини биласизми, дея жавоб берди.

Ҳибсга олинганларнинг аёллари қурол ва наркотиклар уларга махсус ташлаб қўйилганини айтишмоқда, дея суҳбатни давом эттиришга ҳаракат қилдик.

- Аёллар гапираверадида, агар бунақа саволлар берадиган бўлсангиз, сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, дея телефон гўшагини қўйиб қўйди муваққат Мудофаа вазири Исмоил Исоқовнинг ёрдамчиси.

Ўн адирдаги ўзбекларга бошчилик қилаётган Гулбаҳор Жўраева қочқинлар ёнидан қурол ва наркотиклар топилгани ҳақидаги гапларга ишонмаслигини айтади.

- Мен кеча Ўш шаҳар коменданти Курсантбек Асанов билан гаплашдим. У менга Наримон қишлоғида ўтказилган махсус операция пайтида 13 кило гашиш, катта миқдордаги бошқа наркотиклар, қурол аслаҳалар топилганини айтди. Қурол-аслаҳа тўғрисидаги гаплар ҳақида бир нарса деëлмайман. Чунки халқ қурол сотиб олаётгани бўлиши мумкин. Лекин наркотиклар ҳақидаги иддаолар куракда турмайди. Чунки улар “Колумбиядаги наркобарон Дон Карлос” эмаски, ёнларидан шунча миқдорда наркотик топилса. Улар ўзимизнинг “Ҳасанбой ёки Ҳусанбойлар”дир ва улардан бунча миқдордаги наркотикнинг топилиши ақл бовар қилмайдиган гапдир, дейди Гулбаҳор Жўраева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG