Линклар

logo-print

CPJ Қирғизистондаги вазиятдан чуқур ташвишда

  • Сарвар Усмон

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистондаги журналистлар аҳволидан ташвиш билдирди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистондаги журналистлар аҳволидан ташвиш билдирди.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Қирғизистон жанубидаги зўравонликлардан, хусусан маҳаллий журналистларга расмийлар томонидан босим ўтказилаётганидан чуқур ташвиш билдирди.

Қўмитанинг 22 июн куни эълон қилинган баёнотида Қирғизистон маъмурлари томонидан ҳибсга олинган ёки ҳаёти таҳдид остида қолаётгани учун касбий фаолиятини амалга оширолмаётган бир қатор журналистлар ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тилга олинган.

Баёнотни шарҳлар экан, Қўмита вакили Музаффар Сулаймонов бундай деди:

- Қирғизистон расмийлари зўравонликларни амалга оширганларни жазолаш ўрнига ўша зўравонликлар далилларини йиғиш билан шуғулланаётган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини қўлга олмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон расмийларини Жалолобод ички ишлар бўлимида сақланаётган журналист Улуғбек Абдусаломов ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровларни зудлик билан озодликка чиқаришга чақирди.

Улуғбек Абдусаломов Жалолободда ўзбек тилида чиқадиган "Дийдор" газетаси бош муҳаррири, Жалолобод вилоят ўзбек миллий-маданий маркази фаолларидан биридир. У мана бир неча кундирки ҳибсда сақланмоқда.

Озодлик мухбирлари унинг ва Азимжон Асқаровнинг тақдирига қизиқиб, Жалолобод вилоят коменданти Кубат Байболовга савол берганида ундан ҳуқуқ ҳимоячиси бўлса, авлиё эмас, айби бўлса қамайверамиз, қабилида беписанд жавоб эшитган эди.

Умуман, кейинги кунларда, Қирғизистон расмийлари Ўш ва Жалолобод фожеаси учун жавобгарликни ўзбеклар зиммасига, хусусан, Республика ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров зиммасига ағдаришга зўр берилмоқда.

Ботировга яқин жалолободлик ўзбеклар ҳибсга олинмоқда. Улуғбек Абдусаломов уларнинг биринчиси бўлса, қўлга олинганлар 22 июн куни 5 нафарга етди. (Бу ҳақда сайтимизда эълон қилинган "Жалолободда Қодиржон Ботиров сафдошлари ҳибсга олинмоқда", деган сарлавҳали мақолани ўқинг)

Ҳибсда сақланаётган жалолободлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров, хабарларга қараганда, миллий низо қўзғашда айбланмоқда.

Адвокатининг журналистларга айтишича, мижози Азимжон Асқаровга ҳатто кўзойнагини бериб қўйишига ижозат беришмаган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон расмийларини Жалолобод ички ишлар бўлимида сақланаётган журналист Улуғбек Абдусаломов ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровларни зудлик билан озодликка чиқаришга чақирар экан, айни пайтда Озодлик радиоси Ўзбек хизматининг Ўшдаги мухбирлари ҳаёти хавф остида қолгани, шу сабабли воқеаларни ёритишдек касбий бурчларини бажариш ўрнига яшириниб юришга мажбур бўлаётганларидан чуқур ташвиш билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG