Линклар

Хунрезлик учун ўзбекларни айбдор қилиш бошландими?

  • Ҳурмат Бобожон

Зачистка давомида ўзбек маҳаллаларидаги ëш йигитлар хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб кетилмоқда.

Зачистка давомида ўзбек маҳаллаларидаги ëш йигитлар хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб кетилмоқда.

Жалолобод вилоят прокурори Канибек Турдумамбетов май ва июн ойида вилоятда рўй берган миллий асосдаги низо учун Бакиевлар клани ҳамда тарафдорлари баробарида ўзбек жамоаси етакчиларини расман айбдор деб эълон қилди.


Қирғизистон хавфсизлик кучлари мамлакат парламентининг собиқ депутати, Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Жалолиддин Салоҳиддиновга қарашли офисдан қурол-яроғ топилганини маълум қилди.

Бу ҳақда Озодлик радиосига Ўш шаҳар комменданти Курсанбек Асанов билдирди. Унинг сўзларига кўра, қурол-аслаҳа “Ўшкрастекст” ишлаб чиқариш корхонаси идораларидан бирида топилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда Жалолободда ҳам республика Ўзбек миллий-маданий маркази аъзолари ва Билол масжиди имоми хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди. Жалолобод прокуратураси уларни вилоятда рўй берган этник тўқнашувларни уюштирганликда айбламоқда.

Озодликка бир-биридан бехабар қўнғироқ қилаëтган аксар ўшликлар айни шу гапни айтмоқдалар. Уч кундан бери Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида бораëтган"зачистка" оқибатида шундоқ ҳам хону мони куйган ўзбек йигитларининг уйдирма айблар билан ҳибсга олинаëтгани¸ қийноққа солинаëтгани хабар қилинмоқда.

23 июн куни Ўшнинг Черëмушки маҳалласида истиқомат қилиб келган Файзулла ака Озодликка Қирғизистон махсус қўшинлари¸ хавфсилик хизмати амалга ошираëтган зачистка тафсилотларини гапириб берди.



- Ишларимиз жуда ҳам ëмон. Мен тўғрисини айтаверай. Мен ҳозир синглим билан КГБ нинг олдида турибмиз. Жуда аҳвол ëмон. Ҳозир мана синглим тушунтиради. Мен адвокат билан гаплашаëтган эдим.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Ассалому алайкум.

- Мен бўлаëтган вазиятни сизга тушунтириб берсам. Мана шу уруш кунлари бизнинг Черемушки маҳаллага налëтчиклардан¸ мародëрлардан иккитаси кириб қолган. Биз аëллар Суратошга қочиб кетганмиз. Бизнинг маҳаллага кирган мародëрлардан иккитасини ушлаб қолган бизнинг болалар. Кейин депутатларга мурожаат қилишган. Бўрибой Жўраев деган киши олиб кетган уларни. Биз кеча Суратошдан келганимизда уйимизни кўриб бўлмайдиган ҳолга келтиришган экан. Айрим нарсаларни олиб чиқиб кетишган. Шуни биз терговчиларга тушунтиришга ҳаракат қилсак¸ ҳеч ким қулоқ солишга ҳаракат қилмаяпти. Биз правозашитный органларга мурожаат қилдик. Ҳозир маҳалладаги айрим болаларни қўйиб юборди. Уларни қовурғаси синадиган даражагача уришибди.

Озодлик: Қаерда улар?

- СНБда. Мана ҳозир СНБ нинг эшигининг олдида турибмиз. Жуда ҳам переживат қилаяпмиз. Эрталабдан бери бир коса овқат киргизишга эришдик. Қўшнимизнинг болалари ичаклари чўзилиб¸ қовурғалари синган даражада чиқишди СНБ дан. Масалан ҳозир менинг укам ўша ерда. Ëмон қилишаяпти¸ ëмон уришаяпти. Орган одамлари “биз ҳеч қанақасига калтакламадик” дейишаяпти. Правозашитный органдан келган вакил “мен қайси аҳволдалигини кўриб чиқаман” деб кириб кетди. Аëл киши экан.

СНБ нинг одамлари “Сизлар мародëрларни ушлаган бўлсанглар¸ бир соатнинг ичида топширишларинг керак эди” деяпти. Отишма бўлаëтса¸ бошқа бўлаëтган бўлса¸ ҳеч ким бизга қулоқ солмадида. Телефонларда гапирсак¸ бизнинг устимиздан кулиб¸ уят гаплар билан мурожаат қилишди. Шахсан мен ўзим милициясига телефон қилиб сўкиш эшитганман.

Озодлик: СНБ да болалар урилганини қандай билдингиз?

- Мана маҳалламизнинг болалари калтак еб чиқди. Мана қўшнимизнинг боласи қовурғаси синиб чиқди. Бизникилар тўртта одам. Ҳозир уларга статя қўйиб қаттиқ ушлаб туришибди. (шу ерда телефонни Файзулла ака синглисидан олиб ўзи гапира бошлади)

- Ўша 12 июн куни бизнинг болалар уйларга ўт қўйиб юрганлардан иккитасини ушлашган. Кейин бу иккита одамни Бўрибой Жўраев деган олдинги депутатга топширишган. Бўрибой Жўраев кейин СНБ га топширган. Кейин СНБ дагилар уч-тўрт кундан кейин бу болалар билан чиқиб маҳаллага келиб “бу эди¸ у эди” деб 12 та болани ушлаб кетишган. Ҳозир тўртта болага “буларни сен ноқонуний ушлаб тургансан” деб статя қўяяпти. Буларни гуноҳкор қилаяптида. Уйларга ўт ўйиб юрган болаларни ушлаганларга “Буларни ушлашга сенинг ҳаққинг йўқ эди. Сен дарров бизга маълум қилишинг керак эди” деб статя қўяяпти. У маҳалда маълум қилишнинг иложи йўқ эди. Уруш кетаëтган маҳалда бирорта милиция ҳам клегани йўқ бизнинг олдимизга ëрдам бергани. Энди ҳозир шуларни ушлаб ўлдирмасдан¸ эҳтиросга берилмасдан топширганлар айбдор бўлаяпти. Болаларни жуда қаттиқ уришган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига бордик. Мана эрталаб 40-50 та оқсоқоллар тушди маҳалладан. “Қонун доирасида бўлади” деяпти. Қонун доирасида бўладиганга ҳеч ўхшамаяпти. Қаерга мурожаат қилишни билмай қолдик ҳозир. Азиза Абдурасулова деган ҳуқуқ ҳимоячисини олиб келдик¸ маҳалладан оқсоқолларни олиб келдик. Ҳозир мақсад буларга айбни тўнкаш бўлаяптида. Ҳозир бизнинг болаларни айбдор қилиш жараëни кетаяпти. Уйни ëққанларни¸ одам ўлдирганларни олиб келиб тергов қилаëтганини кўрмаяпмиз. Битта ҳам олиб келгани йўқ ҳали.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG