Линклар

Генерал Молдошев: "Зачисткалар" бугун тугатилади

  • Фаррух Юсуфий

Ўш вилояти коменданти ўринбосари, генерал Замир Молдошев "зачисткалар" пайтида ҳарбийларнинг ноқоуний ҳатти-ҳаракатларини эътироф этди

Ўш вилояти коменданти ўринбосари, генерал Замир Молдошев "зачисткалар" пайтида ҳарбийларнинг ноқоуний ҳатти-ҳаракатларини эътироф этди

Қирғиз армиясининг Ўшдаги ўзбек маҳаллаларида ўтказилаëтган зачисткалар давомида аҳолига зўравонлик қилиб¸ улар мулкини талон-тарож қилганини тан олган Ўш вилояти комендати ўринбосари¸ бундай ҳолатларни тўхтатиш чораси кўрилаëтганини таъкидлади.


Ўш вилояти комендантининг аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолидан қурол-яроғни мусодара қилиш бўйича ўринбосари, генерал Замир Молдошев Озодлик билан суҳбатда Ўшдаги ўзбек маҳаллалари аҳолисидан келаëтган шикоятлардан туғилган саволларга жавоб берди.

Озодлик:
Ўш шаҳар ва вилоятидаги вазият¸ ҳамда у ерда ўтказилаётган “зачитка”, деб аталувчи операциялар ҳақида сўрамоқчи эдим.

Молдошев: Ҳақиқатан олинган оператив маълумотларга асосланиб, қурол-аслахаларни топиш мақсадида, тозалаш бўйича маълум нуқтларда бир нечта амалиёт ўтказдик. Лекин бугундан бошлаб бундай тадбирлар тугатилмоқда ва биз оддий режимда хизмат ўташга ўтмоқдамиз.

Озодлик: Бугунги кунгача нечта аҳоли пунтида бундай амалиёт ўтказилди?

Молдошев: Шаҳарнинг тўртта туманида ўтказилди.

Озодлик: Шаҳар бўйича тўртта бўлса, вилоят бўйича нечта жойда ўтказилди?

Молдошев: Ҳаммасини айтаяпман, шаҳар ва вилоят бўйича тўртта, буларга Наримон қишлоғида ўтказилган рейд ҳам киради.

Озодлик: Бизга ўшликлардан ҳарбийларнинг қўпол ҳатти-ҳаракатлари, одамларни калтаклаётгани ҳақида кўплаб хабарлар келмоқда. Шунингдек, ҳарбийлар ўзбек маҳаллаларидаги рейдлар пайтида уларнинг ҳужжатлари йиртиб ташлангани ва ўн кун ичида ўзбекларни қириб ташлаш билан таҳдид қилганига оид хабарлар ҳам бор, буни изоҳлай оласизми.

Молдошев: Ҳақиқатан, бунга оид арзлар бизга ҳам келмоқда. Биз бу маҳаллаларга борган пайтда аҳолига бундай ҳолатлар юзасидан дарҳол комендант ёки унинг ўринбосарларига ёзма тарзда ариза билан мурожаат қилишларини сўраяпмиз. Бу маълумотларни оператив равишда тергов органларига топшира олишимиз учун аризаларда бундай гапларни айтаётган кишиларнинг кўриниши, бундай ҳолатларга оид фактларни кўрсатишларини ҳам сўраяпмиз. Бундай оператив тегров органлари ташкил қилинган ва иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, мен телевидениеда чиқиш қилиб, блок-постларда хизмат қилаётган командир, зобит ва аскарларга маҳаллий аҳоли билан қонун доирасида, хушмуомала муносабатда бўлишларини сўраб мурожаат қилдим. Шунингдек, ҳар куни комендант ҳузурида кеч соат 8 да ўтказилаётган мажлисларда командирларга ҳарбийларнинг хушмуомала бўлишлари лозимлиги тўғрисида эслатмоқдаман.

Озодлик: Сизга арз қилишаётгани ҳақида айтдингиз, бу арзлар бўйича қандайдир чоралар кўрилиб, бирор киши жавобгарликка тортилдими?

Молдошев: Бу ҳақда тергов гуруҳларини хабардор қилмоқдамиз ва улар бевосита жойларга бориб, мазкур ҳолатларни текширомоқда.

Озодлик: Рейдлар пайтида жуда кўплаб наркотик ва қуроллар топилгани ҳақида гапирилмоқда. Лекин рейдларга гувоҳ бўлган одамлар бизга қўнғироқ қилиб, наркотик ва қуроллар одамларга ҳарбийлар томонидан махсус ташлаб қўйилаётганини гапириб беришмоқда. Бундан ташқари, блок-постларда наркотик ва қурол ўзбекларга ташлаб қўйилаётгани ҳақида кўплаб хабарларни олмоқдамиз. Бу ҳолатни ҳам изоҳлаб берсангиз.

Молдошев: Бу факт юзасидан изоҳ беролмайман. Чунки бу масала менинг ваколатимга кирмайди. Менга берилган топшириқ бўйича бошқа масалалар билан шуғулланмоқдаман. Бу масала юзасидан Ўшда иш олиб ораётган бош прокуратура ва тергов органлари вакилларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Озодлик: Бизга айтишларича, “зачистка”, деб айтилаётган амалиётлар асосан ўзбек маҳаллаларида ўтказилмоқда, шундайми?

Молдошев:
Буни аниқ шундай, деб айтмаган бўлардим. Лекин бизга келаётган маълумотларга кўра, бунинг эҳтимоли бўлиши мумкин. Саволингизга шундай жавоб беришим мумкин.

Озодлик: Эҳтимоли бор, деяпсиз, нега энди асосан ўзбек маҳаллаларида бундай амалиётлар ўтказилмоқда? Зўравонликлар бошиданоқ, расмийлар тўқнашувлар иккала тарафдан содир этилгани, яъни ҳам ўзбеклар, ҳам қирғизлар ўт очди, дедику.

Молдошев: “Зачисткалар” комендантнинг режасига кўра, амалга оширлмоқда.

Озодлик: Демак, комендантнинг режасида “зачисткалар” биринчи навбатда ўзбек маҳаллаларида ўтказилиши кўзда тутилган, дейишимиз мумкинми?

Молдошев: Йўқ, ундай бўлиши шарт эмас, амалиётлар олинган оператив маълумотларга кўра ўтказилмоқда. Масалан, аниқ маълумот бўлса, ўзбек ёки қирғиз маҳалласи бўлишидан қатъий назар¸ амалиёт ўтказилади.

Озодлик:
Бугунги кунгача нечта ўзбек маҳалласи ва нечта қирғи маҳалласида бундай амалиётлар ўтказилганини айта оласизми?

Молдошев: Бу менинг ваколатимга кирмайди, мен бошқа масалалар билан шуғулланаяпман.

Озодлик: Наримон қишлоғида ўтказилган амалиёт ҳақида сўрамоқчи эдим. У ерга қилинган рейд оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Улардан бири отиб ўлдирилдир, иккинчиси ҳарбийлар томонидан калтаклаб ўлдирилди...

Молдошев: Бу факт бўйича у ерга бош прокурор ўринбосари, Ўш вилояти ва шаҳрида иш олиб бораётган тергов гуруҳ вакиллари борди ва бу ҳолат юзасидан жиноий иш очилди.

Озодлик: Икки кишининг ўлдирилиши учун масъул шахслар қўлга олиндими, яъни бу ишда гумонланувчилар борми?

Молдошев: Тегров гуруҳи иш олиб бормоқда.

Озодлик: Тергов гуруҳи иш олиб бораётгани яхши, лекин бу ишда гумонланувчилар борми?

Молдошев: Бу тергов гуруҳи ваколатига кирадиган масала. Мен жиноий ишлар қўзғатилгани ва бу борада иш олиб борилаётганини биламан.

Озодлик: Бугун кўплаб ўшликлар бизга қўнғироқ қилиб, уларнинг маҳалласида ҳам “зачистка” ўтказилишини ваҳима билан кутаётганини айтишмоқда. Агар бундай амалиётлар яна давом этадиган бўлса, ҳарбийлар қўпол ҳатти-ҳаракатда бўлишининг олдини олиш бўйича бирор чоралар кўрилдими?

Молдошев: Мен сизга режаларимизнинг тафсилотларини ошкор қила олмайман, чунки бу сир. Лекин бугун бундай амалиётлар тугатилишини айтишим мумкин.

Озодлик: Яъни, янги “зачисткалар”ни кутмаса бўлади, шундайми?

Молдошев: Ўйлашимча шундай, ҳозирча шундай дейишимиз мумкин.

Озодлик: Ҳозир ҳамма ўн кун ҳақида гапирмоқда, яъни “ҳарбийлар ўн кун ичида барча ўзбекларни қириб ташлаш билан таҳдид қилгани” ҳақида ваҳима бор. Бу ваҳималарнинг сабаби нимада?

Молдошев: Кейинги пайтларда жуда кўп миш-мишлар пайдо бўлди. Бу миш-мишлар махсус тарқатилаётган бўлиши мумкин. Яқиндагина шаҳарда 22-23 июнда нимадир тайёрланаётгани ҳақидаги миш-мишлардан ваҳима тарқалди. Худога шукр бу кунлар тинч ўтиб кетди. Ҳозир эса фуқароларимизда қўрқув уйғотиш мақсадида ўн кун ҳақидаги гаплар пайдо бўлди. Буни фуқароларнинг ишончига путур етказиш, ваҳима тарқатиш мақсадида олиб борилаётган махсус иш, деб ҳисоблайман.

Озодлик: Айтганингиз рост бўлсин. Лекин бу миш-мишлар ва ваҳимани ҳарбийлар тақатаётгани ташвишларга сабаб бўлмоқда. Одамларнинг айтишларича, айнан ҳарбийлар ўн кун ичида барча ўзбекларни қириб ташлаш билан таҳдид қилмоқда.

Молдошев: Мен ҳарбийлар эмас, ҳарбий кийимдагилар, деб айтган бўлардим. Чунки хабарингиз бўлса керак, ҳозир ҳар қандай кийим-кечак бозорида ҳарбий кийимнинг ҳар қандай турини сотиб олиш мумкин. Шунинг учун ҳарбий кийимни кийиб олган баъзи кимсалар бу провокацияни олиб бораётган бўлиши мумкин. Оддий одамлар эса, ҳарбий кийимдаги кишилар бўлса, демак ҳарбийлар, деб хулоса қилаётган бўлиши мумкин.

Озодлик: Бу одамлар бунча қурол ва ҳарбий машиналарни қаердан олишган. Майли кийимни сотиб олишгандир, лекин қурол билан ҳарбий машинани бозордан сотиб ололмайдику?

Молдошев: Сизда конкрет факт борми, масалан, БТРнинг рақами ва ҳоказолар борми. Бизга шуларни айтинг, ўшанда биз чора кўришимиз мумкин.

Озодлик: Менда БТРларнинг рақамлари йўқ, лекин бизга кўплаб ўшликлар жуда катта хавотир билан қўнғироқ қиляпти. Улар “бизни бу ердан олиб чиқишга ёрдам беринг, бўлмаса ўн кун ичида ҳаммамизни қириб ташлашади, ҳарбийлар келиб, бизни калтаклашмоқда ва ўн кун ичида чиқиб кетмасанг, ҳаммангни қирамиз демоқда”, деган хавотирлри гапларни айтмоқда.

Молдошев: Сиз айтаётган ҳолатлар юзасидан биз тегишли чораларни кўрмоқдамиз. Шунингдек, ўз ҳаётидан хавотирланаётган фуқароларни бизда ташкил қилинган ишонч телефонига қўнғироқ қилишларини ҳам сўрамоқчиман. Бу тезкор тергов ишларини олиб боришимизга ёрдам беради.

Озодлик: Ишонч телефони рақамини айта оласизми?

Молдошев: Бу менинг қабулхонамдаги телефон, рақами 2-22-16. Бу телефонга доимий тарзда қўнғироқлар келмоқда.

Озодлик: Ҳозиргача бу гапларни тарқатаётган провокаторлардан бирортаси қўлга олиндими?

Молдошев: Бу тергов органларининг иши, уларнинг ваколатига киради. Лекин мен ҳам комендантнинг ўринбосари сифатида, менга келган маълумотларни дарҳол комендантга топширяпман ва у ўз навбатида, мутасадди органларнинг тезкор чораларни кўриши учун тегишли топшириқларни бермоқда.

Озодлик:
Сиз, комендатнинг ўринбосари сифатида, келаси ўн кун ичида маҳаллий ўзбекларни ҳеч ким қирмаслиги, улар ҳимоя қилинишини бутун масъулият билан айта оласизми?

Молдошев: Мен бутун масъулият билан, Қирғизистон фуқаролари, алоҳида қайтараман, Қирғизистон фуқаролари зарар кўрмасликлари учун барча чоралар кўрилишини ваъда қиламан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG