Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:58

Гуманитар ëрдам бошпанасиз қолганларга етмаяпти


Ўшда тарқатилаëтган гуманитар ëрдамни олаëтганлар орасида ўзбеклар деярли йўқ.
Ўшда тарқатилаëтган гуманитар ëрдамни олаëтганлар орасида ўзбеклар деярли йўқ.

Ўшдаги уйи кул бўлиб¸ тирикчилик учун зарур барча шароитдан мосуво қолган¸ ўзбек-қирғиз чегарасига жон сақлаш учун қочган ўн минглаб ўзбеклар Ўшга келаëтган гуманитар ëрдамни тақсимлашда ҳам катта адолатсизликлар бўлаëтганини айтмоқда.


Ўшдаги муҳтожлар ëрдамдан мосуво қолмоқда

Ўшга узатилаётган инсонпарварлик ёрдами ҳалигача ҳақиқий муҳтожларга етиб боргани йўқ. Ўшликларнинг айримлари мазкур ёрдамни тақсимлашда ҳам чекловлар борлигини айтмоқда.

-Ўн адир томонга ҳам чиқмаяпти гуманитар ëрдамлар. Пулга сотиб олиб еяпмиз¸ деган гапларни кунда эшитаяпмиз. Қирғизларга гуманитар ëрдам келаяпти. Қирғиз маҳаллада иккита-учта бўлиши мумкин ўзбек. 20 та қирғизнинг ичида иккита-учта ўзбек бўлиши мумкин. Ўзбек томонларга келмаяпти гуманитар ëрдам, дейди ўшлик Суюнтой ака.

Ўшнинг Бешкапа маҳалласидаги уйида ўнлаб бошпанасиз қолганларга жой бераëтган яна бир суҳбатдошимиз Зокиржон ака ҳам шунга яқин гапни айтади.

-Уйи куйганларга бир қопдан ун¸ икки килодан картошка пиëз беришди. Биттадан адëл берди. Лекин уйи куймаганларга ҳеч нарса йўқ, дейди Бешкапалик Зокиржон ака.

Ўшлик рус миллатига мансуб суҳбатдошимизга кўра, шаҳарда инсонпарварлик ёрдами кўпроқ тарқатилаëтган бўлса-да¸ унинг четроқ жойларида бунинг акси кўринмоқда.

- Ҳар бир одамга ярим килодан ун беришди. Ундан олдин ҳар бир кишига 200 граммдан шакар тарқатишди. Ўш шаҳрида эса бир қопдан ун беришаяпти экан. Нега шаҳарда бошқача? Инсонпарварлик ёрдами келганини қирғизлар биринчи билишади. Навбатга туриб ҳар бир келаётган ёрдамдан олишмоқда. Бошқалар эса ҳатто шу пайтга қадар инсонпарварлик ёрдамини ололмайди, дейди ўшлик рус аёли.

Бу суҳбатдошимиз инсонпарварлик ёрдамини узатаётганлар ўзбек маҳаллаларига ўзлари бориб тарқатишга ҳаракат қилаётганликлари, бироқ Ўш мэри Мелис Мирзакматовнинг бунга тўсқинлик қилаётганини айтади.

- Менинг олдимда 11 “Камаз” Россиядан инсонпарварлик ёрдами келди. Ўш мэри Мелис Мирзакматов бу ёрдамни умумий омборга туширишни айтди.Улар юкни туширмаймиз, ўзбек маҳаллаларига берамиз¸ дея кўнмади. Мэрни роса жаҳли чиқди,бу менинг шаҳрим, мен бўламан деди. Эрталабга бориб эса бир камаз ёрдам йўқолди.Уни кейин ўша омбордан топишди. Мен шуни гувоҳиман. Россия инсонпарварлик ёрдамини ўзбек маҳаллаларига этиб, рўйхат бўйича бериб келишди.

Расмий маълумотларга кўра¸ Бишкекдан шу пайтга қадар Ўш ва Жалолободга 2,5 минг тонна инсонпарварлик ёрдами узатилган.


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги гуманитар фожиа давом этмоқда


Халқаро Қизил хоч қўмитаси каби халқаро ташкилотларга кўра¸ жон сақлаш умидида ўзбек-қирғиз чегараси томон қочган¸ бироқ Ўзбекистон қочқинларни қабул қилишни тўхтатгач¸ тиканли симнинг қирғиз томонида қолган қочқинлар сони¸ ҳозирда 20 мингга яқин ва айнан ана шу қочқинлар ниҳоятда аянчли вазиятда қолмоқда.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган ўшлик ҳуқуқ фаолларидан бири Ўзбекистон чегарасидаги Суратош маҳалласига боргани ва у ерда айни пайтда озиқ-овқат масаласи аянчли ҳолда эканини айтади:

- Буларга Қизил хоч гуманитар ташкилоти катта-катта пластмасса қопларда сув олиб келиб бераяпти. Практический буларга озиқ-овқат¸ гуманитар ëрдам етишмаяпти. Келаяпти¸ бироқ оз миқдорда. Ҳаммага етмайди. Қирғизистондаги Қизил хоч ташкилотидан келаяпти. Фақатгина жипларда сув ташиб беришаяпти. Уч кундан бери ўша ерда юрган бўлсак¸ фақат икки марта гуманитар ëрдам келди. Ўшанда ҳам одамлар талаш-талаш. Биринчисида адëллар келди¸ иккинчисида озиқ-овқат. Озиқ-овқат тақчиллиги сезилаяпти. Кечаги Наримон қишлоғидаги спецоперациядан кейин яна қочоқлар сони Суратошда 800-900 одамга кўпайган, деди ўшлик ҳуқуқ фаоли.

Ўш қирғини бошланган илк кунлари ўзбек-қирғиз чегарасидан Қирғизистон томонида жон сақлаб турган ўшликларга Ўзбекистон томонидан ёрдам узатилиб турилган эди.

Суратошдаги 18 мингга яқин ўшлик қочқинлар Ўзбекистондан ҳаёт учун зарур бўлган инсонпарварлик ёрдамини яна узатишни сўрамоқда.


Ўзбекистон халқи Андижон вилоятидаги қочқинларга ёрдам кўрсатмоқда

Ўзбекистонликлар томонидан қочқинларга юборилаётган инсонпарварлик ёрдами маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмоқда.

Маҳаллий матбуотга кўра¸ Ўзбекистон президентининг кичик қизи Лола Тиллаева-Каримовага қарашли “Сен ёлғиз эмассан” фонди шу пайтга қадар 270 тонна инсонпарварлик ёрдамини Андижон вилоятига узатди. Бу эса¸ айтилишича¸ фақат Тошкент вилояти бўйича тўпланган ёрдам.

Мазкур ташкилот вакили Галина Смирнованинг Озодликка айтишича¸ бу ёрдам оддий тошкентликлар томонидан ўшликларга кўрсатилаëтган меҳр-мурувват ифодасидир.

- Шу пайтга қадар 12-14 Камаздан ташкил топган иккита катта карвонни Андижонга йўлладик. Уларда асосан муҳлати тез тугамайдиган озиқ-овқатлар, кийим-кечак, рўзғорга энг керакли буюмлар. Эрталабдан кечга қадар бизнинг Тошкентдаги ёрдам қабул қилиш бўлимимиз ишлаб турибди. Биз Андижондаги штаб билан доимий алоқадамиз.Улар бизга қочқинларга нима кераклигини ҳам айтиб туришибди. Ўша керакли нарсаларни ҳам узатаяпмиз, деди “Сен ёлғиз эмассан”болалар жамғармасининг қочқинларга инсонпарварлик ёрдами узатишни мувофиқлаштираëтган вакили.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор “Соғлом авлод учун” жамғармаси ходимаси Полина Костинага кўра, кунора ўзбек-қирғиз чегарасига Тошкентдан инсонпарварлик ёрдами узатилаяпти.

- “Соғлом авлод учун” жамғармаси шу пайтга қадар етти маротаба инсонпарварлик ёрдами узатди. Ҳар бир юк 40 тоннага яқин бўлаяпти. Бу инсонпарварлик ёрдамига турли ташкилотлар, халқаро жамғармалар ва оддий фуқароларнинг ёрдами киради. Андижон вилоятигача етказишга Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги кўмак бермоқда. 24 июн куни яна бир инсонпарварлик ёрдами юкланган карвон Андижон вилоятига қараб йўлга тушади, деЙди “Соғлом авлод учун” жамғармаси вакили Полина Костина.

Андижон вилояти ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамига шу пайтга қадар жисмоний ва юридик шахслардан 4 миллиард сўмга яқин маблағ тушган. 22 июн куни ЎзА ахборот агентлиги Ўзбекистон хукуматининг ўз фуқароларига билдирган миннатдорчилигини эълон қилди.

Ўш ва Жалолобод қирғинидан сўнг Ўзбекистон 100 мингдан ортиқ қирғизистонлик қочқинни қабул қилган эди. Айни пайтда¸ Қирғизистон Чегара хизмати тарқатган маълумотга кўра¸ уларнинг 35 мингдан ошиғи Ўш ва Жалолободга қайтган.
XS
SM
MD
LG