Линклар

"Зачистка" баҳонасида яна ўзбек хонадонлари талангани айтилмоқда

  • Барно Анвар

Гувоҳларга кўра¸ зачистка давомида ўзбекларга қарши яна таҳқирловчи амаллар қўлланган.

Гувоҳларга кўра¸ зачистка давомида ўзбекларга қарши яна таҳқирловчи амаллар қўлланган.

21 июндан 22 июнга ўтар кечаси Ўшда яна тўполонлар бўлар экан, деган овозалар боис бу санани нафас ютиб кутган ўшликлар ўқ овозлари эшитилмай қолганидан қувонган эди. Аммо чоршанба кунги очиқ талончилик тинчликнинг ҳали орзу эканини кўрсатди¸ дейишмоқда ўшлик ўзбеклар.



Аммо 22 июн куни тушдан кейин Ўш шаҳрининг бир неча маҳалларида тиш-тирноғигача қуролланган ҳарбийлар худди Наримон қишлоғи ва Отхонадаги каби махсус ҳарбий амалиётларни бошлади.

23 июн куни йиғилган маълумотларга кўра, амалиёт шаҳарда асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган Ўш, Қизил аскар, Энгельс, Қирариқ кўчалари, Черёмушки, Жийдалик, Мирзаолим маҳаллалари ва шаҳарнинг Ун бозори атрофидаги кўчаларда ўтказилган.

Уч киши уйидан қурол топилди, деган айблов билан ҳибсга олинган. Бир киши ҳарбийлар томонидан дўппосланган. Аксарият хонадонлардан аҳолининг пули, уяли телефонлари ва аёлларнинг зебу-зийнатлари олиб кетилган.

Шунингдек, шаҳарнинг Қирариқ маҳалласидан бир ўзбек йигитининг жасади топилган. Аммо унинг ким томонидан ўлдирилгани ва айнан рейд чоғида ўлдирилганми ёки йўқми — бу ҳозирча номаълум.




Шаҳар марказидаги Ўш кўчасида ўтказилган рейд чоғида аҳоли уйларидан қурол-яроғ қидирилган ва қурол топилди, деган айблов билан икки киши - маҳаллада кўзга кўринган ёш диндор йигит Абдураҳмон Қўчқоров отаси билан бирга ҳибсга олинган.

- Ўш кўчада рейд бўлиб¸ одамлардан сўраб Қўчқоров Абдураҳмон деган боланинг уйига кириб¸ тинтув қилиб гувоҳларсиз¸ оила аъзоларини ўртага олиб чиқиб қўйиб уйларни тинтув қилган бўлиб граната билан олтита автоматнинг ўқини топиб чиқишган. Яна бошқа болаларни гувоҳ деб олиб кириб қўрқитиб уларни ҳозир арестоват қилиб олиб чиқиб кетди. Маҳалла тўпланиб турибмиз шунга. Оқсоқолларни комендантга чиқардик.

Озодлик: Неча ëшда у?

- 24 ëшга кирган. “Уйингда граната¸ олтита ўқ бор экан” деб арестоват қилиб олиб чиқиб кетди.

Озодлик: Соат нечада бўлди бу иш?

- Пешиндан олдин соат бирда бўлди.

Озодлик: Бугун 23 июн куни бўлдими бу?

- Ҳа¸ бугун¸ дейди ўшликлардан бири.

Шунингдек, Ўш кўчасида истиқомат қиладиган ёш ўзбек йигитларининг шахсиятига тегилган, ҳақорат қилинган.

- Жуда қаттиқ муносабатда бўлди. “Сен кимсан?” деган эди “Мен мана шу уйда яшайман” дедим. “Урушни сенлар бошладинг. Сенлар ўлдирдинг қизларни” деди. “Биз ўлдирмадик” десам¸ “Кийимингни еч” деди. “Сен издеватся қилаяпсан. Ечмайман” десам¸ “Бўлмаса отаман” деди. Кийимларимизни ечишга мажбурлашди.

Озодлик: Ҳаммасиними?

- Йўқ¸ битта кўйнакни ечтиришди. Шунақа устимиздан кулишди. Жуда кўпчиликни шунақа қилди. “Сенлар урушдинг. Сенлар отдинг” деган эди биз “Кетмон сопи билан турдик маҳалламизни қоровуллаб. Ҳеч қаерга чиқмадик биз” дедик. Футболкаларни ечинтириб текширишди.

Озодлик: Энди чўнтагингларда борми ëки танангларга бирор нарса қадаб олганмисизлар деб текширдими?

- Чўнтакларни кавлади. Телефонингни бер деди. Мен “Телефоним йўқ” десам¸ қўйиб юборди¸ дейди ўшликлардан бири.

Ўш шаҳрининг Энгельс кўчасида ўтказилган рейд чоғида деярли барча хонадонлар кўздан кечирилган. Бу ерда ҳам ўзбекларни ҳақорат қилиш ва талончилик ҳолатлари кузатилган.

- Бугун эрталаб етти ярим-саккизларда келдида¸ хуллас энг ичкари уйга кирмади. У ерда бола-чақам бор эди. Қолган барча уйга кириб қайтиб чиқиб кетди. Бу касофатлар нималарни олганини билмаймиз.

Озодлик: Бирор нарса сўрадими?

- Қурол сўради. “Бизнинг қуролимиз тасбеҳ” дедик. Бошқа ҳеч нарса йўқ.

Ўш шаҳрининг Қизил аскар кўчасида ўтказилган “зачистка” манзараси:

- Паспорт текшираяпмиз деб олтитаси кириб уйимизнинг беш тарафига югуришиб “бир нарсалар ташлаб қўймасин” деб биттасининг орқасидан югурсам¸ бериги бир бола кириб китобларни кавлаган бўлиб¸ коробкада 800 сўм пулим бор эди¸ ўшани олиб чиқиб кетиб қолибди. Қурол борми¸ наркотик борми деган бўлиб қизларимнинг сеплари солинган сандиқларни текшираëтган эди. Шу билан бўлиб қолибман¸ бу бола пулни ўғирлаб чиқиб кетибди. Бундан ташқари 20 июн куни кўчада турган машинамни БТР билан келиб икки марта устига чиқиб мажақлаб юборди. Бугун бўлса яна келиб устимдан кулишиб “Биз мажақлаган машинангиз турибдими” деб кулиб чиқиб кетишди. Шунақа беспредел бўлиб кетди ҳозир бизда.

Озодлик: Ким қилаяпти шу ишни?

- Бизга кирганлар “Бишкек ГОВД нинг милиционерларимиз” деб таништирди ўзларини.

Ўш шаҳрининг Мирзаолим маҳалласидаги рейд манзараси:

- Ҳозир Мирзаолим мавзеси 100 фоиз ëниб тугаб бўлган. 99 фоиз ҳам эмас 100 фоиз. Катта кўчанинг бўйи. Тахминан мингта уй ëниб тугаб бўлган. Ëниб битиб тугаган маҳаллада биз қочириб юборган бола-чақалар келишни бошлаган эди бир маҳал қий-чув бўлиб кетди. Ëш болалар қочишни бошлади. Нима экан десак¸ “рейд бўлаяпти экан¸ очистка бўлаяпти экан” дейишди. Менинг ҳам ëшим катта бўлиб ўлимдан ҳам қўрқмай қолдик. Бир-иккитамиз ўтиб борсак¸ тиш-тирноғигача қуролланган 20-30 солдат автомат билан қатор уйларга кириб ҳамма ëқни текшириб бирорта одам “Нима қилаяпсан?” деса¸ “Сен кимсан? Ҳозир у қиламан¸ бу қиламан” деб сўз угрозалари. Мирзаолимнинг орқасидаги уйларда одамлар яшамас эди. Бир қатор ëниб тугаб бўлган. Иккинчи қаторлар қолганку. Ўша ернинг эшикларини синдириб киришди.

Озодлик: Эгаси йўқ¸ эшиги қулф турган уйларда талончилик бўлдими?

- Мен “мана бу одамники мана бундай бўлди” деб отини айтиб бера олмайман. Бугун мобил телефонларни¸ аëлларнинг бўйнидан тиллаларни тортиб олиб¸ қонуний зўравонлик бўлаяптида. Солдатнинг ўзи марадëрлик қилаяптида.

Озодлик: Кимнидир уриш¸ дўппослаш¸ олиб кетиш ҳоллари бўлдими?

- Икромжон деган боланинг мобил телефонини олиб¸ ўзини тепиб чўнтагидаги пулини олган. Ўша пайтда буни комендантга айтган эдик¸ чораси бўлмади.

Ўш шаҳридаги Жийдалик маҳалласида ўтказилган зачистка манзараси:

- Битта маҳалладан уч-тўрттасиникига кирибди. Сонини айтишмадию¸ мана бу маҳалалдан мана буларникига кирди¸ деб айтди.

Озодлик: 23 июн куними?

- Бугун эрталаб. Ерга ëткизиб бошимизга оëқларни қўйди деди. Автомат тақашибди. “Қирғизча гапир” деб дўқ-пўписа қилибди. Битта мобил телефони бор экан ўшани олиб чиқиб кетишибди. Холодилникдан бир нарсасини олиб “чойингни ичиб ол” деб издеватся қилибдида. Ҳеч кимни олиб чиқиб кетмабди лекин. Очистка қилибдида.

Озодлик: Қурол-яроғ топилибдими?

-Йўқ. Қаëқдан бўлади ўзбекда қурол-яроғ? Бўлганда давно чиқишарди. Биз просто ўзимизни мудофаа қилишга блок-постлар қилиб турдик.

Озодлик: Ҳозир тинчми?

- Ҳа.

Ўш шаҳрининг Қирариқ маҳалласидан бир ўзбек йигитнинг жасади топилган

- Қирариқ мавзеида новвой бола бор эди. Бугун эрталаб унинг ўлигини қўйишди. Пичоқланган танасини бугун қабрга қўйишди.

Озодлик: Ким қилган буни?

- Қирғизлар қиладида.

Озодлик: Биров шуни кўзи билан кўрмаган-а? Фақат ўлигини топишган.

- Болницадан ўлигини олиб келиб бугун қўйилди. Қидирганда болницадан ўлигини топишганда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG