Линклар

Жалолобод губернатори Андижонда ўзбек қочқинлари билан учрашди


Жалолобод вилоят давлат маъмурияти бошлиғи, губернатор Бектур Асанов сешанба куни Андижонда қирғизистонлик ўзбек қочқинлар билан учрашди.

- Жалолобод вилояти губернатори сифатида, умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади, деб кафолат бераман. Ҳар хил иғволарга ишонманглар. Уйлари куйдирилган ёки вайрон қилинганларга товон тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 500 тонна озиқ-овқат олдик, уни Жалолободга қайтаётганларга тарқатаяпмиз. Уйи бузилганларга чодир ва матрас берилади. Келаси ҳафтада қурилиш материаллари сотиб олиш учун пул тарқатишни бошлаймиз, деди Бектур Асанов.

Қирғизистондаги ахборот воситалари Ўзбекистондан ўшлик ва жалолободлик қочқинлар қайтаётгани тўғрисида хабарлар бермоқда.

Ўзбекистондаги қочқинлар лагерларида жон сақлаётганлардан олинган маълумотларга қараганда, қайтаётганлар Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида, нисбатан хавфсиз жойларда яшайдиганлардир.

11 июн куни Ўшда бошланган зўравонликлардан бир неча юз минг ўзбек ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлди.

Улардан 100 мингдан зиёдига Ўзбекистон вақтинчалик бошпана берди.

Айни пайтда, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан олинган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон чегарасида – Қирғизистон ҳудудида тўпланиб қолган ўн минглаб қочқиннинг аҳволи ўта оғирлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG