Линклар

Қирғизистон жанубига ЕХҲТ полициячилари киритиладими?


Қирғизистондаги армия ва милициянинг моноэтник таркиби шу кунларда норозликларга сабаб бўлмоқда.

Қирғизистондаги армия ва милициянинг моноэтник таркиби шу кунларда норозликларга сабаб бўлмоқда.

Айни кунларда ташкилотга аъзо давлат расмийлари Қирғизистон жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида халқаро кучларини киритиш масаласини муҳокама этмоқда.


Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низони бартараф этиш масаласи, дунёнинг йирик ташкилотлари анжуман ва йиғилишларида муҳокама этилмоқда. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийлари миллий низо аланга олган Қирғизистон ҳудудларига халқаро тинчликпарвар кучларни киритиш таклифини илгари сурди.

Куни кеча, ЕХҲТнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Киимо Кильюнен Бишкекдаги матбуот анжуманида Қирғизистондаги воқеалар юзасидан халқаро тафтиш ўтказиш заруратига алоҳида тўхталди:

- Қирғизистон жанубидаги вазият ҳанузгача тинч эмас. У ерда муаммолар етарли. Тўғри, вазият барқарорлашаётганини кузатиб турибмиз, лекин халқаро тинчликпарвар кучларни киритиш барқарорликни таъминлашда мақсадга мувофиқ бўлар эди. Жанубда тинчликни сақлаш учун ҳарбий кучларни эмас,балки полиция бўлинмаларини жалб қилиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, деди ЕХҲТнинг Марказий Осиё бўйича вакили Киимо Кильюнен.

Жаноб Кильюненнинг айтишича, бу таклиф Қирғизистонга 50-100 кишидан иборат малакали полиция мутахассисларини жалб қилиш ҳамда маҳаллий кучишлатар тизимларга техник ёрдам кўрсатишни назарда тутади. У ЕХҲТнинг расмий позициясига таяниб, Қирғизистонга четдан ҳарбий қўшин киритиш ҳожати йўқлигини билдирди.

Кильюнен баëноти юзасидан изоҳ берган ЕХҲТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси расмийси Бурул Усманалиева, Озодлик билан суҳбатда бу таклифнинг ҳозирда муҳокама босқичида эканини таъкидлади:

- Бу ҳозирча ҳал этилмаган масала. Биз бу таклифни қўллаб- қувватлаймиз. Жаноб Кильюнен саволларга жавоб бера туриб, ЕХҲТнинг Доимий кенгашига шу таклиф билан мурожаат қилишини билдирган. ЕХҲТ барча халқаро тинчликпарвар ташкилотларнинг ўзаро ҳамкоролигини йўлга қўйиш билан шуғулланмоқда. Мана бугун Бишкекка Миллий озчилик бўйича Олий Комиссарликнинг махсус вакили, ЕХҲТнинг Қозоғистон раислигидан вакиллар келиши кутилмоқда, деди ЕХҲТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси матбуот котиби Бурул Усманалиева.

Усманалиева¸ Кильюнен таклифининг бунгача амалда қўлланилгани ЕХҲТ махсус дастурга биноан 2004 йилдан буён Қирғизистонга полициячи-инструкторлар жўнатиб келаëтганини қўшимча қилиб ўтди.

Яна бир йирик ҳарбий тузилма – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти раҳбари Николай Бордюжа ҳам Қирғизистонга ҳарбий қўшин эмас, балки тартибсизликларни олдини олиш бўйича юқори малакали мутахассислар жўнатиш борасида расмий фикр билдирган эди.

Сиëсий таҳлилчи Дўсим Сатпаев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти полициячи кучларининг Қирғизистонга киритилиши тез бўладиган жараëн эмаслигини тахмин қилади.

- Бу баёнотлар бироз ғалати туюлмоқда, чунки ЕХҲТ аслида ҳарбийлашган тузилмалар, полиция бўлинмаларига эга эмас. Бу ташкилот таркибида аксилтеррор бўлинмалари мавжуд, холос. Менимча, улар бир қатор мамлакатлардан жамланган полиция қисмларини тузмоқчи. Аммо Қирғизистонга ўз манфаатларига эга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ўз кучларини киритмаганидан кейин, бу масала Европада тезда ҳал этилишига кўзим етмаяпти. Агарда гап қирғиз полициячиларини тайёрлаш ҳақидагина кетаётган бўлса, унда бу бошқа гап¸ дейди қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев.
XS
SM
MD
LG