Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:57

Россия Қирғизистон жанубида янги ҳарбий база очмоқчи


Рус ва қирғиз матбуотига кўра¸ Россия ҳарбийлари Қирғизистон жанубида янги база очиш режасини кўпдан муҳокама қилиб келмоқда.
Рус ва қирғиз матбуотига кўра¸ Россия ҳарбийлари Қирғизистон жанубида янги база очиш режасини кўпдан муҳокама қилиб келмоқда.

Бу ҳақда “Независимая газета” Россия хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб маълум қилди. Газетага кўра¸ ҳозирча асосий вазифаси Қирғизистон жанубидан ўтадиган наркотиклар йўлини тўсиш бўлажаги айтилаëтган бундай база режаси амалда пишиб қолган.


“Россия манëврларининг қирғизча акс-садоси”, дея номланган мақолада “Независимая газета” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Владимир Мухин ҳозирда Кант авиабазасига ташланган Россия ҳаво десант қўшинлари Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасидаги Тезкор коллектив кучларнинг кириши ва тегишли сиёсий қарор қабул қилинса, ҳар қандай вазифани бажаришга шай бўлиб турганини ёзди.

Кант ҳаво базасига апрелда Бакиев ҳукумати ағдарилганида юборилган кучлар ва июнда Қирғизистон жанубида бошланган хунрезликлардан кейин қўшимча ташланган десант қўшинлари олдига, расмий Москвага кўра, Россия ҳарбий иншоотлари, дипломатик миссиялари, ҳарбийлар оилаларини қўриқлаш вазифаси қўйилган.

Лекин мақола муаллифи Мухиннинг Озодлик радиосига айтишича, бевосита президент Медведевга етказилаётган Қирғизистон жанубидаги вазиятга оид разведка маълумотларидан келиб чиқиб, бош штаб Фарғона водийсида база ташкил қилиш масаласини ҳал қилишга қарор қилган.

- Ўзи Қирғизистонда база ташкил қилиш масаласи принципда деярли ҳал бўлган эди. Қурмонбек Бакиев билан бу ҳақда келишувни январ ойида имзолаш режалаштирилган эди. Кейин мамлакатда беқарорлик пайдо бўлди. Лекин ҳозир бу масалага қайтилмоқда. Нега бу масала ҳозирча муҳокама қилинмаяпти, десангиз, ҳозирча Роза Ўтунбаева ҳукумати нолегетимдир ва 27 июн куни референдум ўтиб бўлгач, базани ташкил қилиш бўйича расмий музокаралар бошланади, дейди Мухин.

Унинг айтишича, Қирғизистон ҳудуди Россияга олиб кирилаётган наркотрафикнинг асосий йўналишларидан бири бўлгани боис, янги база олдига қўйиладиган асосий вазифалардан бири наркотиклар контрабандасига қарши курашдан иборат бўлади.

- Бу базанинг ташкил этилишига наркотикларни назорат қилиш федерал хизматининг қизиқиш кўрсатаётгани боис, янги базада наркотиклар савдоси билан шуғулланадиган гуруҳларга қарши кураш бўйича тузилмалар ҳам Қирғизистоннинг мутасадди идоралари билан ҳамкорликда иш олиб бориши кўзда тутилмоқда, дейди ҳарбий таҳлилчи.

Айни пайтда, Қирғизистон муваққат ҳукумати вакиллари мамлакат жанубида Россия базасини ташкил қилиш борасида Москва билан музокаралар олиб борилиши ҳозирча мавҳум масала эканини айтмоқда. Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Азимбек Бекназаров пайшанба куни Озодлик радиосига берган суҳбатида шундай деди:

- Ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ, бизга расман мурожаат ҳам қилишгани йўқ. Бу ерда гап айрим сиёсатчиларнинг тахмини ҳақида бормоқда. Боткендан наркотиклар ўтадиган йўл борлигини ҳам ва айни шу йўлдан Россияга наркотиклар ўтаётганини ҳам биламиз. Бунга қарши чора қўллаш лозим албатта, лекин менинг фикримча¸ наркотикларга қарши курашнинг янги база қуришдан бошқа йўллари ҳам бор, деди Бекназаров.

Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий таҳлилчиси Александр Гольц Россиянинг бугунги кунда МДҲ давлатлари, жумладан Қирғизистонда янги база қуриш имкониятлари чекланган, деган фикрда.

- Мен бу хабарларга ишонқирамай турибман. Бунинг оддий сабаби бор. Энг аввало бу базада ким хизмат қилади, деган савол туғилади. Маълумки¸ Россия кейинги пайтларда контракт асосида хизмат қиладиган аскарлардан иборат қўшинларни тузиш ғоясидан қатъиян воз кечди. Бу ҳар ярим йилда базанинг шахсий таркибини янгилашга тўғри келади, деганидир. Ташкил этилиши айтилаётган база олдига террорчиликка қарши кураш ёки тинчликпарварлик вазифалари қўйилиши инобатга олинса, бу мутлақ ақлсизликдир. Чунки қўшинларни у ерга етказишнинг ўзига бир неча ҳафта талаб қилинади, дейди ҳарбий таҳлилчи.

Мухин Озодлик радиосига берган суҳбатида, Фарғона водийсида ташкил қилиниши айтилаётган базада Россия фуқаролигини олган маҳаллий аҳоли вакиллари контракт асосида хизмат қилиши мумкин, деган фикрни илгари сурди.

Ҳарбий таҳлилчи Гольц бу вариантни эҳтимолдан соқит қилмайди, лекин дейди у:

- Албатта, МДҲ давлатлари фуқаролари Россия армиясида хизмат қилиши мумкин, лекин Россия генераллари бу ғояни йўққа чиқариб бўлди. Бугунги кунда бутун Россия армиясида атиги 300га яқин МДҲ фуқароси хизмат қилмоқда. Бунинг бошқа томони ҳам бор. Агар ташкил этилиши айтилаётган базанинг асосий вазифаси тинчликпарварлик бўладиган бўлса, у ерга маҳаллий аҳолини хизматга олиш энг яхши вариант бўлмайди, чунки бирор жиддий можаро чиқадиган тақдирда қуролланган бу одамлар ўз вазифасини эмас, биринчи навбатда ўзлари ва оиласини ҳимоя қилади, дейди ҳарбий таҳлилчи Гольц.

Ўтган йили Россия расмийлари Қирғизистон жанубида ҳарбий базани қуриш режаларини эълон қилганида, Ўзбекистон бунга жиддий эътироз билдирган эди.

"Расмий Тошкент ўз чегараларига яқин ҳудудда янги хориж ҳарбий базаларининг ташкил этилишига мутлоқ қарши", дея баён қилган эди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги.

Мухиннинг айтишича, энди Кремлнинг президент Каримов эътирозларини инобатга олиш нияти йўқ.

- Россия ҳозир Каримовга қулоқ солиб ўтирмайди. Чунки бир марта қулоқ солиб, масала ечимини кейинга қолдиришди. Оқибатда бугунги воқеалар юзага келди. Агар у ерда база бўлганида, бундай хунрезликлар рўй бермаган бўларди, дейди Мухин.

Лекин Қирғизистон муваққат ҳукуматининг Россиядан хунрезликни тўхтатишда ёрдам сўраб қилган мурожаатлари Кремл томонидан жавобсиз қолдирилмоқда.

Айни пайтда, Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Ўш ва Жалолободда рўй берган хунрезликлар ортида турган учинчи кучлар аниқлангани, булар Ўзбекистон исломий ҳаракати, Исломий жиҳод иттифоқи ва улар билан тил бириктирган Бакиевлар режимидир, дея баёнот тарқатди пайшанба куни Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати.

Қирғизистон МХХсига кўра, рўй берган хунрезликларга Максим Бакиев ваъда қилган 30 миллион АҚШ долларига учган Толибон ҳаракатининг ҳам алоқаси бор.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати қўлга киритган разведка маълумотларига асосан, террорчи гуруҳларнинг асосий мақсади минтақада халифалик ўрнатиш эканини иддао қилмоқда. Лекин Қирғизистон МХХси тарқатган баёнотда Максим Бакиевнинг халифалик қуришдан манфаати нима эканини тушинтирилмаган.

Ҳарбий таҳлилчи Мухин ҳам Қирғизистон МХХси тарқатган маълумотларни тасдиқлайди.

- Учинчи кучлар Ўзбекистон исломий ҳаракати, Тожикистон бирлашган мухолифатидир. Бакиевнинг ўғли уларни ёллаган ва улар бу воқеаларда одамларга қарата ўт очган асосий кучлардир, дейди Мухин.

Александр Гольц Қирғизистон МХХси ва Мухин илгари сураётган версияга унча ишонмайди.

- Бундай воқекаларни ёритиш тажрибасидан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкин. Миллий низолар бошланганда ҳар бир томон аввал бир-бирини айблайди. Ўзбеклар бизнинг қизларимизни зўрлашди, қирғизлар бизнинг қизларимизни зўрлашди, қабилидаги айбловлар янграйди. Кейин одамлар ўзига келиб, нега бундай ақлдан оздик, деган саволларни бера бошлаганда, учинчи кучлар қидирила бошлайди. Менимча, бундай вазиятларда учинчи кучларга оид гаплар бироз бўрттирилган бўлади. Албатта, рўй берган воқеаларда қандайдир кучлар ҳаракат қилганини эҳтимолдан соқит қилмайман, лекин бундай кўламдаги оммавий ақлдан озишда учинчи кучлар эмас, Қирғизистондаги ижтимоий ҳаёт шароитлари сабабчидир, дейди Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий таҳлилчиси Александр Гольтц.
XS
SM
MD
LG