Линклар

Эркин микрофон - Ўшда ҳамма ëқ талон-тарож

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Кўпгина ахборот воситалари Ўш ва Жалолободда тинчлик¸ деган ëлғон хабар тарқатмоқда. Бу ердаги ўзбек маҳаллаларида ҳамон тинчлик йўқ¸ дейди бу ерлардан сим қоққан ўзбеклар.

“Тинчлик бўлмаяпти-да?”

дейди Ўш шаҳри марказидан 12 километрлик масофада жойлашган Ўн адир қишлоғидан қўнғироқ қилган Ғанижон:

Ғанижон: Тинчлик бўлмаяпти. Кечаси 12 дан бери уйқу йўқда.

Озодлик: Қандай тинчлик бўлмаяпти?

Ғанижон: Тинчлик бўлаяпти. Кечалари хавфли. Миш-мишлар бўлаяпти у ердан келаяпти экан¸ бу ердан келаяпти экан деб. Аниқ бир информация йўқ. Телевидениедан берилаëтган хабарлар ҳам анча кеч бўлиб қолаяпти. Ўтирибмизда блокадада. Гуманитар ëрдамлар келиб турибди. Одамларда ҳалигача қўрқув борда.

Озодлик: Ҳарбийлар шаҳарни назорат қилаяптими?

Ғанижон: Масалан¸ бизнинг Ўн адирга ҳеч ким келгани йўқ. Ҳар бир кўчада дружиначилар алмашиб кечаси билан ўтириб чиқамиз. Кундуз озгина дам оламиз. Кечқурундан яна назорат. Ҳарбийлар чиққани йўқ бу ëққа.

Озодлик: Ўт қўйишлар сизларда ҳам бўлдими?

- Ўшани ўз кўзимиз билан кўрдик. Канал деган жойимиз бор. Ўша жойда шундай бостириб келишиб¸ мол бозордан чиқиб келадиган жойлардаги уйларга ўт қўйишиб¸ снайперлар отди. Бошимиздан қанча ўқлар шувиллаб учиб ўтди. Қанча бола ўлиб кетди. Снайпер отаяпти. Тегмагани қумга тегиб чанги чиқади. Уйларга ўт қўйилиб¸ шундан бери уйқу йўқ¸ тинчлик йўқ¸ дейди Ғанижон.


“Бозорлар таланди, йигитлар эса таъқибга учрамоқда”

дейди Ўш шаҳридан қўнғироқ қилган яна бир суҳбатдошимиз. Суҳбатдошнинг айтишича, улар банклардан кредит олиб бозорда савдо қилганлар. Бироқ уларнинг дўконлари номаълум шахслар томонидан таланиб, ҳеч вақосиз қолишган. Кредит берган банклар эса пулларни қайтариб беришни талаб қиляпти. Яна бу суҳбатдошнинг айтишича, ўзбек йигитлари ҳарбийлар томонидан олиб кетилиб, аёвсиз калтакланмоқда:

- Кеча сизларга телефон қилган эдик.

Озодлик: Қаердансизлар? Ўшнинг ўзиданми?

- Ҳа. Ўзбек маҳалладанмиз. Сизларнинг раидони эшитаëтган эдик. Ҳамма ëқ тинч¸ деяпти. Бизда ҳеч ҳам тинчлик бўлмаяпти. Кеча биз мэрияга чиқдик. Биз бозорда савдо қиламизда. “Бизнинг товарларимиз ўғирлаб кетилиб ҳеч нарса қолмади. Шунга бир нажот борми? Кредитга олинган пулларимиз бор” деб мэриянинг олдига чиқсак¸ анча қирғиз хотинлар турибди. Бизларга “Сенларга Ўшда яшашнинг умуман ҳожати йўқ. Овора бўлиб бу ерга келма. 10 кун умринг қолди. 10 кундан кейин ўласан” деб мэрияга киргизмасдан учта қизимизни залогга олиб қолди. Кейин биз қайтиб қочиб келдик.

Озодлик: Нима учун залогга олди?

- Биздан ўлганлар билан бошма бош алмаштирамиз¸ деб залогга олган эди. Биз кейин ГОВД га келдик. У ерга келсак “Сенлар болаларга қурол бериб яхши тарбиялаган экансан. Энди бориб додингни Худога айт” деб қулоқ солмади. Уйга келиб “Бизнинг учта одамимиз шу ерда залогда қолди” деб мэрияга телефон қилган эдик¸ “Мен ўзим қараб қўяман” деди. Кечки пайт улар келишди. Қирғиз хотинлар уларни уришибди. Ҳозир бозорда ҳеч нарсамиз қолмади. Ейишга ҳам нарсамиз йўқ¸ сотишга ҳам. Ҳамма ëқ талон-тарож. Биз ҳукуматдан товар олиш учун кредитлар олганмизда. Энди шу нима бўлар экан¸ деб мэрияга чиққан эдик. Банклардан “пулларни тўланглар” деб телефон қилаяпти.

Озодлик: Бозорни кимлар талон-тарож қилган?

- Кимлигини билмаймиз. Умуман Ўшнинг бозорида бир дона нарса қолмаган. Кийим-кечак¸ емоқ-ичмоқ ҳеч нарса. Қаердан келиб таланган¸ биз билмаймиз. Биз ҳамма ëқ тинчигандан кейин тушиб қарасак¸ умуман ҳеч нарса қолмаганда.

Озодлик: Сизларнинг маҳалланинг номи ўзбек маҳалла деб аталадими?

- Бизнинг маҳалламиз Калинин кохозда. Пастимизда қирғиз маҳалла. Уларга биз текканимиз йўқ. Маҳаллий халқ тегмасдан ўтирибди. Лекин мэрияда шунақа ëмон қилишдида. Бу ерда тинчиди деяпти¸ лекин улар болаларни секин-секин олиб чиқиб кетиб калтаклаб умуман одам бўлмайдиган даражада қилиб қўяяпти. БМТ деганлари бор¸ бошқалари бор. Шуни тинчитиш учун жиндай сиëсат қилиб қўя олмасмикан? Ҳамма халқнинг шунга боши қотаяптида. “Э тўхтат” деб сиëсат қилиб қўя олмасмикан? Тўртта-бештадан олиб чиқиб кетаверса¸ бизнинг эркакларни умуман эзиб қўядику. Оиламиздагилар мана Ўзбекистондан келди. Раҳмат. Жуда чиройли қарашибди¸ ҳаммаси миннатдор бўлиб келди. Болаларни олиб чиқиб кетиб эзиб қўйгани ëмон бўлаяптида.


“Қирғиз расмийлари тўғри маълумот берсин”

дейди Германияда яшаётган Аҳмаджон. У Ўш воқеалари юзасидан қирғиз расмийлари бераётган ахборотлар бир-бирига тўғри келмаётгани ҳақида гапирар экан, воқеалар холисона таҳлил қилиниши ва ўзбекларга бўлаётган таъқиблар тўхтатилишини талаб қилади:

- Кеча сизларнинг сайтда иккита интервьюни ўқидим. Биринчи генерал Молдошевнинг интервьюсини ўқидим. У интервьюда Қирғизистондаги қирғинда ҳарбийларнинг аралашгани¸ рейдларда ҳарбийларнинг ўзбекларни таҳқирлагани¸ ëмон сўзлар гапиргани¸ миллатчилик қилганини тан олиб гапирди. Ўш комендантининг интервьюсида бўлса¸ исм-фамилияси ҳозир ëдимдан кўтарилди¸ умуман тескарисини айтаяпти. Шу иккита интервьюдан кейин мен шунақа асабийлашдим. Қандай қилиб битта ҳукуматнинг иккита одами бир-бирига қарши гапларни гапириб ўтирибди. Яна интервьюда ўзбекларнинг маҳалласидан героин топаяпмиз¸ қурол топаяпмиз деяпти. Ўзбекларнинг маҳалласидан қурол топилса¸ ўзини ҳимоя қилгани шу қурол билан чиқмасмиди? “Қирғизларнинг ўзлари автомат олиб келиб бераяпти” дейди. Бу гапни оддийгина қилиб айтиб қўйганини қаранг. Худди қирғизлар келаяптида “Мана акажон. Биз билмасдан автомат олиб қўйдик. Тўртта-бешта ўзбекни ўлдириб қўйдик. Энди керак эмас автомат. Мана олинг” деб қайтариб бераяптида¸ улар индамасдан олаяпти. Бу қанақасига бўлиши мумкин? Ўзбекларнинг маҳалласидан қурол топиб нечтасини қамаяпти? Битта гапирган гапига қамаяпти. Қирғизлар шундай автомат олиб келиб бераяпти¸ индамаяпти.

Яна бир айтадиган гапим. Мана Роза Ўтунбаева “Ҳаммаси барқарор. Бизларда ҳарбийлар ҳаммасини ҳимоя қилаяпти” дейди. Ҳарбийлар қанақасига ҳимоя қилиши мумкин? Мана Наримондаги рейдда иккита ўзбекни отиб ўлдирганлар ҳарбий эдику. На отганларнинг шахсини аниқлаяпти¸ на уларни тергов қилаяпти. Миллатчилик қилган ҳарбийларни Бишкекка қайтариб юборишаяпти¸ интизомий жазо бераяпти¸ ишдан бўшатаяпти. Шунақа бўладими? Булар ўзларининг айбини биринчи бўлиб тан олиши керак. Ўзбекларга қарши геноцид бўлганлигини тан олиб¸ ўша геноцид бўлмаслигига қарши курашиш керак. Улар бўлса кетма кет яна ҳуқуқ фаолларини қамаяпти. Воқеани ëритмоқчи бўлганларни қамаяпти¸ дейди Аҳмаджон.


“Халқаро ташкилотлар ёрдам берсин!”

дейди андижонлик Ёқубжон ака. У Россиядаги меҳнат муҳожири эканлигини айтар экан, Ўш ва Жалолободда рўй берган воқеалардан жуда қаттиқ ташвишга тушганини таъкидлайди:

- Авваламбор ассалому алайкум. Бу Ўшда жуда нима бўлаяптида¸ ўзбекларни хўрлаб ташлади. Кўпчилик қирилиб кетаяпти. Тепадан ëрдам берадиган ташкилотлар борми? Масалан¸ биз Россияда юрибмиз. Бизда кучукка озор берса¸ шуни судга беради. Сизлар ëрдам беринглар¸ шунга ўртада туриб анча юрибсизлар. Менинг ëшим 50 ка бориб қолди. Катта бир отахон сифатида гапираяпман. Болаларим ҳам бор. Сизлардан эшитиб¸ телевизордан кўриб йиғлагим келаяпти. Ўзбек шунчалик хўр бўлдими? Эркин Комиловнинг гапини эшитдим. Ҳақиқатан тўғри гапирди. Тилла¸ у бу йиғмасдан ўзини муҳофаза қилиши керак. Ҳамдардлик билдираман. Бизнинг опамиз бор эди у ерда. Телефон қилиб туша олмаяпман. Улардан ҳам хавотир бўлаяпман ҳозир¸ дейди Ëқубжон.


“Банкда ҳисоб рақами очиш керак”

дея таклиф киритади Қозоғистонлик ўзбеклардан бири Темурбек. Чимкент вилоятида яшаётган бу йигит фикрича, қирғизистонлик ўзбеклар жуда оғир кунларни ўз бошидан кечираётган бир пайтда бошқа миллатдошлар бу ҳолатга бефарқ қараб турмаслиги керак. Темурбек фикрича, ўзбеклар ўз моддий ёрдамларини бирор бир банкда ҳисоб очиб, йиғишлари керак:

- Мен Қирғизистонда бўлаëтган тўплонларда ўзбекларга ëрдам бермоқчи бўлганларданман. Шунга қандай ëрдам берсак бўлади? Банкда бир нима бўлса¸ озгина бўлса ҳам ëрдамимиз бор эдида. Кўп одамлар ëрдам бермоқчи бўлса керак¸ деб ўйлайман. Йўлини билмай юрган бўлса керак. Шунга ëрдам берсангизлар яхши бўларди¸ дейди Темурбек.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG