Линклар

Ўзбекистондаги қочқинлар оммавий тарзда уйига қайтмоқда


Ўзбекистондаги лагердан қайтган аксар қочқинлар ўз уйларининг вайрон этилганига гувоҳ бўлмоқдалар.

Ўзбекистондаги лагердан қайтган аксар қочқинлар ўз уйларининг вайрон этилганига гувоҳ бўлмоқдалар.

Ўзбекистонга қочиб ўтган аксар қочқинлар ўз ихтиёрлари билан Қирғизистонга қайтаётганликларини айтишса, айрим қочоқлар уларни қайтишга мажбурлашаётгани ҳақида гапиришаяпти.


Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида яшаган Муҳаммадқодир Қорабоев айни пайтда Андижондан паноҳ топган.

Унинг Озодликка маълум қилишича, 22 июн куни Жалолобод губернатори Андижондаги қочқинлар лагерларига бориб ўзбекларни ўз уйларига қайтиб, референдумда иштирок этишга чақирган.

Муҳаммадқодир Қорабоевга кўра, Жалолобод губернатори кетгач, қочқинларни зудлик билан орқага қайтариш ишлари бошланган ва айрим жойларда қочқинларни қайтишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилаяпти.

Муҳаммадқодир Қорабоев: Бугунги кунда бизнинг, яъни Жалолобод вилоятининг губернатори келиб “Ҳамма ëқ тинчиди. Қайтиб келинглар. Референдумни ўтказамиз” дегани билан кимлар биландир алоқага чиқишиб, ҳозир бизнинг фуқароларимизни¸ ўзбек аëл ва қизларимизни орқага қайтараяпти. Бизнинг аëлларимиз¸ ëш болаларимиз бўлаëтган ситуацияни тўлиқ тушунмайдию. “Кетинглар¸ ҳамма ëқ тинчибди” деса¸ бўпти деб кетишаяпти. Лекин айрим тушунган одамлар у ерда насилие яна бўлишини билиб ҳозир кетмай турибди. Кетаётганлардан мажбуран тилхат ëздириб олаяпти, ўз хоҳишим билан чиқиб кетаяпман, деб. Лекин ҳақиқатан бўлаëтган иш эса ундай эмас. Катта ҳарф билан олганда “Мажбур¸ давай чиқинглар¸ бўшатинглар” деяпти. Масалан, пахта заводни оладиган бўлсак¸ пахта заводда “Бугун охирги кун. Ҳамманглар кетинглар” деяпти.

Озодлик: Пахтаободда нечта қочқин бор эди?

Муҳаммадқодир Қорабоев: 15 мингдан ошиқ.

Озодлик: Туман бўйичами?

Муҳаммадқодир Қорабоев: Ҳа.

Озодлик: Ҳозир қанча қолди?

- Ҳозир 5000 қолгандир. Ҳозир ҳам битта автобусда одамларни “сизларни бошқа жойга кўчирамиз” деб тўғри чегарага олиб борган экан. Улар “Йўқ¸ биз у ëққа ўта олмаймиз. Биз қайтамиз” дегани учун пахта заводга қайтариб олиб келди, дейди Муҳаммадқодир Қорабоев.

Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги пахта тозалаш заводи ҳудудида ташкил қилинган қочоқлар лагерида яшаётган жалолободлик Мунира Мамадалиева қайтаётган қочоқлар сони кўплигини айтади.

Мунира Мамадалиева: Биз 14 июн куни келдик.

Озодлик: Нечта одам бор эди пахта заводда?

Мунира Мамадалиева: Тахминан 5000 га яқин.

Озодлик: Ҳозир нечта одам қолди?

Мунира Мамадалиева: Ҳозир тахминан 100-120 та қолди.

Озодлик: Кетаëтганлар ўз хоҳишлари билан кетишаяптими?

Мунира Мамадалиева: Олдин тушунмовчилик бўлди. “Иккита давлат раҳбарлари учрашди. Сизларнинг хавфсизлигингиз тўлиқ кафолатланди. Уйга кетишинглар мумкин” дегандан кейин кўп одамлар кетворди.

Озодлик: Сизларни ҳеч ким кетинглар деб мажбурламаяптими?

- Олдин “Барибир кетасизлар ўзингларнинг она юртинглар бўлгандан кейин” деган гап бўлди. Кейин “Сизларни ҳеч ким мажбур қила олмайди. Қанча ўтирсанглар, сизларнинг хоҳишинглар” дейишди. Кейин биз кетмай қолдик, дейди Мунира Мамадалиева.

Ўшлик Феруза Раимжонова 23 июн куни Андижонннинг Хўжаобод туманидаги қочоқлар лагеридан уйига қайтди.

Феруза Раимжонова у билан бирга қайтган ўшликлар ўз ихтиёрлари билан қайтгани ва уларни ҳеч ким мажбурламаганини айтади.

Феруза Раимжонова: Олдин Андижонда қариндошларникида турдик. Кейин ҳаммамизни бир тўплаб стадионга олиб боришди. 3000-4000 одам Хўжаободнинг стадионида бўлдик.

Озодлик: Лагер эдими бу ер?

Феруза Раимжонова: Ҳа, стадионнинг ичини лагер қилишиб палаткалар тикиб беришиб, лагерда бўлдик.

Озодлик: Нимага қайтиб келдингиз?

- Биринчидан¸ 19 га кирмаган ўғлим уйда ëлғиз қолган. Кейин ўз уйимиз. Бизни ҳеч ким мажбурлагани йўқ. Аксинча “Қолинглар. Имконимиз борича қараймиз” дейишди. Жуда ҳам яхши эътибор билан қарашди. Иссиқ чой¸ овқатларни вақтида бериб туришди¸ ҳеч ким қайтишга мажбурлагани йўқ. “Кетинглар” деган гап бўлгани йўқ. Ҳамма ўз хоҳиши билан чиқди. Ҳеч ким мажбурлагани йўқ, дейди Феруза Раимжонова.

Ўшлик Отабек исмли ўзбек йигити ҳам Андижондан уйига қайтган қочқинлардан бири. Отабек Ўшга ўз ихтиёри билан қайтганини, бироқ Ўшда қолиши ҳавфли бўлгани учун Андижонга яна қайтиб келганини айтади.

- Ўзлари қайтишаяпти. Уларга ëлғон гапларни гапириб қайтаришаяптида. Референдумнинг нимасини қилиб қайтинглар¸ деяптида. Ўшда ҳамма ўзбек маҳаллаларини босишаяпти ҳозир. Ҳамма ëқни талон-тарож қилиб тилласи борми¸ пули борми олиб чиқиб кетаяпти. Тинчлангани йўқ. Йўллар бекик. Кеча мен ўзим ўтдим у ёққа. Кеча менинг уйимга келишди. Солдатлар келиб ҳамма ëғимни бардак қилиб чиқиб кетишди. Ҳозир Ўзбекистонга ўтдим яна мен. Хўжаободдаман. Ўшда ҳамма уйлар куйиб кетган. Қаерга бориб яшашади? Битта уйда 10 тадан оила турибди ҳозир, дейди ўшлик Отабек исмли йигит.

Андижон вилоят ҳокимлиги қошидаги қочқинлар иши бўйича махсус штаб ходими қочқинлар ўз ихтиёрлари билан Қирғизистонга қайтаётганини айтиб, бу борада ҳозирча аниқ рақамлар йўқлигини билдирди.

- Қочқинлар Қирғизистонга қайтиб кетишаяпти. Аввал оз-оздан кетаётганди. Ҳозир бир-бирига эргашиб кўпчилик кетаяпти. Улар ўз хоҳишлари билан кетаяпти. Биз уларга кетинглар¸ демаяпмиз. Тилхат ёзиб¸ ўз ихтиёрлари билан қайтишаяпти, деди махсус штаб ходими.

Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот вакили Айгул Шафигулина ҳам қочқинларни Қирғизистонга қайтишга мажбурлаш ҳолатлари мавжудлигини инкор қилди.

- Жойлардаги ходимларимиз Қирғизистонга қайтиб борган қочқинлар билан суҳбатлашишди ва суҳбатлар давомида улар қайтишга мажбурлангани ҳақида бирон шикоят бўлмади. Аксинча, улар Ўзбекистонда яратилган шароитлар ва уларга муносабатдан жуда мамнун бўлишганини айтишди. Қайтишларининг сабаби эса, Қирғизистонда кўпчилигининг яқинлари қолган, ҳосилни йиғиб олиш керак, айримлари эса референдумда овоз бериш нияти борлигини ҳам айтишди, деди Айгул Шафулина.

Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Қирғизистондаги вакили Пьер-Эммануэль Дюкруэ ҳам қайтиб келган қочқинлар билан суҳбатлашганини, улар ўз ихтиёрлари билан қайтишганини билдирди.

Жаноб Дюкруэдан Ўшда уйлари ёниб кетган қочқинлар қайтса¸ улар қаерда яшаши мумкинлиги борасида сўрадик.

- Менимча¸ қайтиб келган қочқинларнинг агар уйлари ёниб кетган бўлса, улар дўстлариникида, яқинлари оиласида яшашлари мумкин. Яна кўпчилик чегара яқинида ташкил қилинган лагерларда яшашлари мумкин. Аввал қишлоқларда¸ масалан¸ дейлик 5000 одам яшаган бўлса¸ ҳозир 10 000 атрофида одам яшаяпти. Қочқинлар одамларнинг уйларига жойлаштирилаяпти. Ҳукумат эса қочқинлар қайтса¸ улар хавфсизлиги таъминланишини ваъда бераяпти, дейди Пьер-Эммануэль Дюкруэ.

Жаноб Дюкруэга кўра, қирғизистонлик қочқинлар орасида Ўзбекистондан қайтиш ниятида бўлмаганлар ҳам бор.

Беш боласи ва хотини билан Ёрқишлоқда яшаётган ўшлик Баҳром Ёқубов ҳам Қирғизистонга умуман қайтиш ниятида эмас.

- Мен Ўшга қайтмайман. У ер оилам учун хавфли. Оиламни ва ўзимни ҳам хавфга қўйиш ниятида эмасман. Лекин бу борада кимга мурожаат қилишни билмайман, дейди Баҳром Ёқубов.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камоллиддин Раббимов фикрича, Расмий Тошкент қирғизистонлик қочқинларни вақтинча қабул қилган бўлиб, уларнинг деярли барчаси Қирғизистонга қайтарилиши аниқ.

- Ўзбекистон давлатида қирғизистонлик ўзбекларга ëрдам берадиган катта иқтисодий ресурс мавжуд эмас. Яъни уларга уй бериш керак¸ ер бериш керак¸ уй қуриб бериш керак¸ уларни Ўзбекистон ижтимоий воқелигига секин-секин сингдириш керак. Бунга кўп йиллар ва катта маблағ талаб қилинади биринчидан.

Иккинчидан¸ Ўзбекистон ҳукуматининг сиëсатида шу нарса кўринаяптики¸ временно переселился¸ деган терминни ишлатди ҳукумат. Яъни вақтинчалик¸ деган сўзга урғу берилаяпти. Ўзбекистон ҳукуматининг сиëсати шундан иборатки¸ уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинча жой берилди ва улар албатта¸ Қирғизистонга қайтишлари керак ва ўзларини қайтадан тиклашлари керак. Ўйлайманки¸ қирғизистонлик ўзбекларнинг мутлақ аксарият қисми қайтарилса керак, дейди Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG