Линклар

logo-print

Халқаро Амнистия (Amnesty International) ташкилоти Ўзбекистон расмийларини қочқинларни Қирғизистонга қайтишга мажбурлашни тўхтатишга чақирди.

"Қирғизистон жанубида барқарорлик йўқлиги давом этаётгани туфайли қўрқув сақланиб қолаётган бир пайтда Ўзбекистон расмийлари қочқинларни қайтишга мажбурлашни тўхтатиши лозим". Бу талаб Халқаро Амнистия ташкилотининг 24 июн куни кечга яқин эълон қилинган баёнотида битилган.

Баёнотда ХА ташкилоти директорининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Андреа Хубернинг мана бу даъвати келтирилган: "Биз Ўзбекистон ҳукуматини, қирғизистонлик қочқинларни қайтишлари учун етарли хавфсиз шароит пайдо бўлмагунича чиқариб юбормасликка, қайтишга мажбурламаслик ёки кўндиришга уринмасликка ундаймиз".

Халқаро Амнистия Қирғизистон расмийлари вазият барқарорлашиб қолгани тўғрисида баёнотлар бераётганини эслатар экан, аслида аҳвол ўзгарувчан ва беқарор эканлигини таъкидлайди.

"Ўзбеклар Қирғизистоннинг хавфсизлик кучларига ишонмаяпти, чунки улар аҳолини ҳимоя қилолмади, аксинча, аҳоли уларни қотилликлар ва талон-тарожларда иштирок этишда айбламоқда", дейилган ташкилот баёнотида.

Қирғизистон жанубидаги оммавий тартибсизликлар 10 июн куни Ўшда бошланиб, Жалолобод вилоятига ҳам кўчди ва норасмий ҳисоб-китобларга кўра камида 2000 кишининг нобуд бўлишига олиб келди. Хабарларга қараганда, тақрибан 400 минг нафар киши қочқинга айланди. Улардан 100 мингдан зиёди Ўзбекистонга қочиб ўтди.

ХА ўз баёнотида БМТ сунъий йўлдош орқали ўтказган тадқиқот натижаларига эътиборни қаратади: космосдан туриб олинган суратларни ўрганиш натижасида биргина Ўшнинг ўзида 1807 та иморат ё мутлақ ёки қисман вайрон қилингани аниқланган. Ёндирилган уйлар, савдо ва ишлаб чиқариш дўконлари, ошхона ва ресторанларнинг деярли ҳаммаси ўзбекларникидир.

Ташкилот баёнотида айтилишича, ХА вакиллари Ўзбекистоннинг Пахтаобод туманидаги қочқинлар лагеридан чиқариб юборилган қочқинлар билан гаплашган. Уларнинг айтишича, қочқинлар ўз ихтиёрларига қарши лагер расмийлари томонидан автобусларга ўтирғизилиб, мамлакатдан чиқариб юборилган.

ХА ўз баёнотида қочқинлардан бирининг "Кўпчилик қайтишни истамади, биз ҳаётимиз хавф остида қолишидан қўрқаяпмиз, лекин биздан буни сўрашмади, иложимиз йўқ қайтишга мажбур бўлдик", деган сўзларини келтиради.

Эслатиб ўтамиз, ХА баёноти 24 июн куни кечга яқин эълон қилинди.

Баёнот эълон қилинишидан бир неча соат олдин Озодлик мухбири бошқа бир халқаро ташкилот - Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот вакили Айгул Шафигулина билан боғланган эди.

Қўмита вакили қочқинларни Қирғизистонга қайтишга мажбурлаш ҳолатлари борлигини исботловчи далилларни учратилмаганини билдирди

- Жойлардаги ходимларимиз Қирғизистонга қайтиб борган қочқинлар билан суҳбатлашишди ва суҳбатлар давомида улар қайтишга мажбурлангани ҳақида бирон шикоят бўлмади. Аксинча, улар Ўзбекистонда яратилган шароитлар ва уларга муносабатдан жуда мамнун бўлишганини айтишди. Қайтишларининг сабаби эса, Қирғизистонда кўпчилигининг яқинлари қолган, ҳосилни йиғиб олиш керак", деди Айгул Шафуглина.

Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистондаги қочқинлар лагерларига қирғизистонлик расмийлар бораётганини, қочқинларни қайтишга ташвиқ қилаётганини, улардан бири – Жалолобод вилоят губернатори Бектур Асанов лагерга бориб, қочқинлар 25 июнгача қайтиши лозимлигини айтгани тўғрисида хабар берган.

"Одамлар ўз уйларидан ҳаётлари хавф остида қолгани учун қочдилар. Улар ўқлардан, ҳужумлардан қочдилар, уйлари ёндирилгани ва вайрон қилингани учун қочдилар. Қирғизистон расмийлари уларнинг хавфсизлигини таъминлашга кафолат бера оладиган бўлмагунича, қочқинларни қайтишга ундамасликлари лозим", дейилади ХА баёнотида.

Халқаро Амнистия қочқинларни қайтишга ундаш ортида Қирғизистон ҳукуматининг 27 июнга белгиланган референдумни ўтказиб олишга уринишини кўради ва шунинг учун "сиёсий мақсадлар йўлида минглаб кишиларнинг ҳаётларини хавф остида қолдириш мумкин эмас"лигини уқтиради.

Ташкилот фаоллари фикрича, Қирғизистон жанубидаги вазият беқарорлигича қолмоқда ва ўзбек аҳолисининг ҳукуматга ишончи йўқ, ўзбеклар ҳукуматнинг янги ҳужумлардан ҳимоя қила олишига ишонмайди.

ХА Қирғизистон жанубида амалга оширилган зўравонликлар халқаро миқёсда ўрганилиши керак, деган фикрда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG