Линклар

logo-print

Ўтунбаева қирғизистонликларга мурожаат билан чиқди


Қирғизистон муваққат ҳукумати раисаси Роза Ўтунбаева 27 июнга белгиланган мамлакат учун оғир бўлган пайтда ўтказилаётганини эътироф этди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раисаси Роза Ўтунбаева 27 июнга белгиланган мамлакат учун оғир бўлган пайтда ўтказилаётганини эътироф этди.

24 июн куни кечқурун маҳаллий телеканаллар орқали Қирғизистон халқига мурожаат қилган муваққат ҳукумати раисаси Роза Ўтунбаева мамлакатда тезроқ тинчлик-барқарорлик ўрнатилиши учун қирғизистонликларни референдумда фаол иштирок этишга чақирди.

Шу йилнинг 27 июнига белгиланган референдумда Қирғизистон аҳолиси янги конституция бўйича овоз беришлари керак бўлади. Шунингдек, мазкур референдум Қирғизистондаги муваққат расмийларни легитимлаштириши мумкин – агар кўпчилик сайловчилар ёқлаб овоз берган тақдирда, мамлакатда парламент бошқарувига ўтади, айни пайтда Ўтунбаева Қирғизистоннинг ўтиш даври президентига айланади.

- Янги конституциянинг қабул қилиниши Қирғизистон халқининг аввалги икки режим авторитаризми, аҳлоқсизлиги устидан ғалаба қозонганини англатади, коррупция, қонунсизлик ва судлов бошбошдоқлигига қарши кураш учун замин яратади, деди Роза Ўтунбаева кечаги мурожаатида.

Муваққат ҳукумат раисаси референдум Қирғизистон учун ўта мураккаб шароитда ўтказилаётганини қайд этади.

- Бузғунчи кучлар ҳақиқий ўзгаришлар бўлиши истамаяптилар, улар фуқаролик уруши оловини ёқишга уриниб кўрдилар. Муайян кучлар бошқа номлар остида яна ҳокимият тепасига келиш ва ўз халқини талашда давом этиш учун бугунги кунда ҳам референдум ўтказилмай қолишига ҳаракат қилаяптилар, деди Ўтунбаева.

Муваққат ҳукумат раисаси ўз мурожаатида ўшлик ва жалолободликларга ҳам алоҳида мурожаат қилди.

- Фожиалар чоғида ўз яқинларини йўқотган кишилар қалбидаги яралар ҳали жуда янги. Муваққат ҳукумат сизга яна бир маротаба чуқур ва самимий ҳамдардлик изҳор қилади. Бироқ қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида асрлар давомида юзага келган ва вақт синовидан ўтган қардошлик муносабатларини бир зумда йўқ қилиш мумкин эмас. Халқларимизнинг дўстлиги, қардошлиги мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро учун муқаддас бўлиб келган ва бундан буён ҳам муқаддас бўлиб қолади, дер экан Роза Ўтунбаева бунга икки халқ вакиллари яшаган Аравон ва Новқат каби туманларда осойишта ҳаёт давом этгани мисол қилиб келтиради.

Ўтунбаева Муваққат ҳукумат ҳозирги пайтда Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш, барча одамларга, жумладан, ўз уйларига қайтаётган қочқинларга куйган ва бузилган уйларини, ишхоналарини қайта қуришда ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор чоралар кўраётганини ҳақида ҳам гапирди.

Муваққат ҳукумат раҳбари мамлакат бундан буён муаллақ ҳолатда яшай олмаслигини, мамлакатда тартиб ўрнатиш лозимлигини қайд этароқ бу ишларни янги Конституцияни қабул қилмай туриб, давлат тузилмаларини шакллантирмай туриб амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлади.

- Биз қатъий ҳаракат қилишга бурчлимиз. Ҳозирда кечикиш жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган вазиятда турибмиз, деган Роза Ўтунбаева бу борада БМТ ва ЕХҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам муваққат ҳукумат позициясини қўллаётганини қайд этди.

Гарчи муваққат ҳукумат раҳбарининг мурожаати қирғизистонликлар, хусусан, аксар жанубликлар томонидан ошкора скепсис билан қабул қилаётган бўлса-да, кўпчилик мамлакатдаги вазиятни изга солиш, давом этаётган бошбошдоқлик, талончилик ва босқинчиликларни тўхтатиш учун референдум ўтказиш лозимлигини эътироф этмоқдалар.

Қирғизистонга халқаро тинчликпарвар кучлар киритилишидан умиди узилаёзган ўшлик ва жалолободликлар референдум ўтиб бўлгач, машрулашиб олган муваққат расмийлар жанубда давом этаётган адолатсизликларга оз бўлса-да чек қўйилишига умидланиб турибдилар.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 10 июнидан 11 июнига ўтар кечаси Ўшда бошланиб, кейинчалик Жалолободга ёйилган қирғинда, норасмий маълумотларга кўра, 2000 дан зиёд киши нобуд бўлди, юзлаб уй ва дўконлар ёқиб юборилди ва таланди. Зўравонликлар натижасида 400 минг қочқин уйларини ташлаб кетди, улардан 100 мингдан зиёди Ўзбекистонга ўтиб кетганди. Сўнгги маълумотларга кўра, бу қочқинларнинг 70% икки мамлакат расмийлари даъвати билан шу кунда уйларига қайтган ва улар якшанба кунги референдумда иштирок мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG