Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:54

"КХШТда бирлик йўқ"


КХШТ бош котиби Николай Бордюжа Қирғизистонга сафари чоғида қатор расмийлар билан учрашишни режалаган.
КХШТ бош котиби Николай Бордюжа Қирғизистонга сафари чоғида қатор расмийлар билан учрашишни режалаган.

25 июн куни Қирғизистонга Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа ҳамда КХШТнинг мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилиш бўйича тезкор ишчи гуруҳи келди. Бу сафар мамлакат жанубидаги вазиятни изга солишда қанчалик самарали бўлиши мумкин? Нега Ўзбекистон мазкур делегация таркибига ўз вакилларини киритмади?

КХШТ делегацияси Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштиришда мамлакат куч ишлатар тузилмаларига кўмаклашишга қаратилган қўшимча таклифлар ишлаб чиқиши кутилмоқда.

Николай Бордюжаниниг айтишича, гуруҳ таркибида КХШТга аъзо Ўзбекистон ва Беларус вакилларидан ташқари қолган барча давлат вакиллари бор. Этник можаро оқибатларига бевосида дуч келган Ўзбекистон вакилларининг нима учун экспертлар гуруҳи таркибида кирмагани ҳақидаги саволга жавоб берган Бордюжа, бунга эҳтиёж йўқлигини айтди.

Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаева билан учрашган КХШТ экспертлари Ўш ва Жалолобод шаҳрида ўз фаолиятини давом эттиради ва Қирғиз ҳукуқ-тартибот идораларига пайдо бўладиган муаммоларни ҳал этиш бўйича маслаҳат беради.

- КХШТ кенгаши қарори билан генерал Бережний раҳбарлигида муваққат тезкор ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Генералнинг ўзи ҳам шу ерда. Ушбу ишчи гуруҳ таркибида КХШТга аъзо барча давлат вакиллари бор ва улар Ўш ва Жалолобод вилоятларига сафарбар қилинадилар, деди КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида.

КХШТ масъуллари билан учрашувдан сўнг журналистлар олдига чиққан Роза Ўтунбоева Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ниҳоят анчадан буён кутилган ҳарбий-техник ёрдам келиши ҳақида айтди.

- Тушунишимча, тегишли ҳужжат яқин орада эълон қилинади. Яқин кунларда биз узоқ кутилган моддий-техник, ҳарбий ёрдам ола бошлаймиз. Бу ёрдамга биз жуда ҳам муҳтожмиз. Мамлакатимиз олдида турган барча синовларни яхшироқ қуроллар билан енгиб ўтишга имкон пайдо бўлади, деди Роза Ўтунбоева.

Матбуот брифингида КХШТ бош котиби Николай Бордюжа Бишкекка Россия президенти Дмитрий Медведев топшириғини бажариш учун келганини яширмади. Унга кўра, 14 июн куни Қирғизистондаги зўравонликларни иҳоталаш бўйича бир қатор чоралар белгилаб олинган.

- Ташкилотга аъзо барча давлатлар президентлари томонидан тасдиқланган қарорлар заминида Қирғизистон хавфсизлик тизимларига тартибни ўрнатишга кўмак бериш чоралари ётибди. Барча томонлар Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ҳалигача вазиятни издан чиқаришга уринаётган иғвогар-провокаторларни аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортишга кўмаклашишга рози бўлди, деди Николай Бордюжа.

КХШТ бош котибининг айтишича, оломонни яна кўчаларга етаклаши мумкин бўлган турли миш-мишлар ва ахборот оқимини тўхтатиш бўйича ҳам амалий чоралар кўрилади.

Бордюжа КХШТ ёрдами маслаҳат ва моддий техник ёрдам билан чекланишига ишора қилиб, бу вазифаларнинг уддасидан чиқиши учун Қирғизистоннинг етарлича малакали кадрлари борлигини таъкидлади.

КШХТ делегацияси Қирғизистон расмийлари билан учрашаётган бир пайтда айрим таҳлилчилар бу ташкилот вакилларининг Ўш ва Жалолободдаги фаолияти кутилганидек катта самара бермаслиги мумкинлигини таъкидламоқдалар. Москвадаги “Независимое Военное Обозрение” журналининг таҳлилчиси Александр Храмчихин КХШТни “қоғоздан ясалган арслон” деб атаб, бу ташкилотнинг жиддий можаронинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этишга қўшадиган ҳиссасини шубҳа остига олди:

- Бу ташкилот қоғоздагина НАТОга ўхшаш, амалда эса бу тузулманинг ўзи йўқ. Коллектив хавфсизлик ташкилоти аъзоларида ҳеч қандай бирлик йўқ, шу ўринда аъзо давлатлар ўртасида ўзаро қарама-қаршиликлар талайгина. Боз устига, шартнома бирор-бир муаммони ҳал эта оладиган деярли ҳеч қандай ҳарбий контингентга эга эмас. КХШТнинг ҳарбий тузилма сифатида лаёқатсизлигига аъзолар ўртасида ҳамжиҳатликнинг йўқлиги билан биргаликда ташкилотнинг ҳарбий потенциалга эга эмаслигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Бугунги сафар эса Қирғизистондаги вазиятни Россия назоратидан четга чиқармаслик, деб биламан, дейди Храмчихин.

Сиёсий таҳлилчининг сўзларига кўра, жаҳоннинг йирик тузилмалари ҳам Қирғизистон воқеалари имтиҳонидан ўта олмади. “Нима сабабдан Ўзбекистон бу гуруҳ таркибига ўз вакилини жўнатмади?” деган саволимизга сиёсий таҳлилчи Храмчихин “Ўзбекистон имкон қадар Қирғизистон можаросидан узоқлашига ҳаракат қилмоқда”, дея жавоб берди.

- Чунки, биринчидан, улар қирғизистонлик ўзбекларнинг Андижон воқеаларида тутган ўрнини эсдан чиқаргани йўқ. Иккинчидан, Ўзбекистон Россия билан муносабатларини таранглаштиришга олиб келиши мумкин бўлган можарога бош суққиси келмаётир. Эсланг, жабр кўрган ўзбеклар Тошкентни эмас, Россияни ёрдамга чақирди. Агарда бу аланга Фарғона водийсига кўчадиган бўлса, ана ўшанда ҳақиқий фалокат юзага келади. Россия эса ҳозирги вазиятда иложи борича охирги имкониятгача қўшин киритмасликка ҳаракат қилади. Шунга қарамасдан, унинг қўшинлари доимо шай туради. Россияга қўшин киритиш молиявий ва ҳарбий талафотлардан бошқа ҳеч қандай наф бермайди. Муваққат ҳукумат эса “ким айбдор?” саволига жавоб беришдан кўра “Нима қилиш керак?” саволига жавоб излаши зарур, деди россиялик таҳлилчи Александр Храмчихин.
XS
SM
MD
LG