Линклар

logo-print

Ўшда комендантлик соати бекор қилинди


Ўшдаги вазият тўла барқарорлашганига ишонч бўлмаса-да, муваққат ҳукумат комендатлик соатини бекор қилди.

Ўшдаги вазият тўла барқарорлашганига ишонч бўлмаса-да, муваққат ҳукумат комендатлик соатини бекор қилди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати янги зўравонликлар рўй бериши хавфи сақланиб қолаётгани ҳақидаги БМТнинг огоҳлантирувларига қарамай, мамлакат жанубида комендантлик соатини бекор қилди. 10 июн куни Ўш шаҳридан бошланиб кетган, кейин Жалолобод вилоятига ёйилган зўравонликлар юзлаб одам ҳаётига зомин бўлди.

Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбоева пайшанба куни қилган чиқишида комендантлик соати, янги Конституция бўйича ўтказиладиган референдумдан бир кун олдин, 26 июндан эътиборан бекор қилиниши ҳақида билдирди.

"26 июндан эътиборан фавқулодда холатлар эълон қилинган ҳудудларда комендантлик соати бекор қилинади. Бир вақтнинг ўзида аҳоли яшайдиган ҳудудларда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилади", - деди Ўтунбоева.

Якшанба куни Қирғизистонда халқ муҳокамасига қўйиладиган янги Конституцияда президент ваколатларини қисқартириб, парламентга кўпроқ ваколатлар бериш кўзда тутилган.

Ўтунбоева фуқароларни референдумда қатнашишга даъват қилар экан, янги Конституцияни қабул қилмай туриб, мамлакатда тартиб ўрнатиш имконсиз эканини қайд этди.

Аммо мамлакат жанубида кўпчилик референдум борасида скептик қарашда. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳам хавфсизлик таъминланмаган бир шароитда ўз экспертларини референдумни кузатишга юбормоқчи эмас.

Пайшанба куни БМТ юқори мартабали мулозими Хавфсизлик Кенгашини Қирғизистонда этник тангликлар ҳануз барҳам топмагани ва янги зўравонликлар тўлқинига оид хавотирлар мавжуд экани ҳақида огоҳлантирди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ёпиқ эшиклар ортида ўтган муҳокамаларида ташкилот Бош котиби муовини Фернандез-Таранко агар миллий низолар қайталанса, бунинг Қирғизистон ва бутун бир минтақага таъсири ҳақида огоҳлантирган.

Қирғизистон мавзуси АҚШ ва Россия президентларининг Вашингтондаги учрашувида ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув сўнггида АҚШ президенти Барак Обама АҚШ ва Россия Қирғизистонга кўрсатиладиган гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириб олишга келишилганини билдирди.

Россия президенти Дмитрий Медведев эса миллий низолар Қирғизистонни парчалаб юбориши ва бунинг оқибатида "радикал унсурлар"нинг ҳокимиятга келиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

- Сайловлар жараёнида Қирғизистон қаршисида турган муаммоларни бартараф этишга қодир тўлақонли ҳукумат ташкил топади, деб умид қиламиз. Акс ҳолда Қирғизистон таназзул ва балки парчаланиш даражасига етиши мумкин. Бунақа вазиятда радикал унсурлар ҳокимият тепасига келиши мумкинлиги барчамизни хавотирга солмоқда. Ана унда бизнинг олдимизда, бошқа давлатлардаги каби, масалан, Афғонистондаги каби муаммолар олдимизда кўндаланг бўлади, - деди Медведев.

Россия президенти Қирғизистонга алоҳида тинчликни сақлаш кучларини юбориш режаси йўқлигини билдирди. Аммо Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) нинг қўшма кучлари аралашуви эҳтимолини назардан соқит этмади.

- Ташкилот хавфсизлик кенгаши котиблари бу масалани, жумладан, тинчликпарвар кучларни киритиш масаласини муҳокама этишди. Ҳозирча бунга эхтиёж бор деб қарашмади. Лекин вазият ҳар томонга ўзгариши мумкин. Шундай экан КХШТ бундай муаммоларга албатта эътиборни қаратади ва лозим бўлса КХШТ раиси сифатида мен истаган пайтда хавфсизлик кенгаши котиблари ва ҳатто аъзо давлатлар раҳбарларини бир орага тўплашим мумкин, - деди Россия президенти Дмитрий Медведев.

АҚШ ва Россия президентлари музокаралари сўнггида чиқарилган қўшма баёнотда ҳар икки давлат Қирғизистонда демократия ва барқарорлик ўрнатилишидан бирдек манфаатдор эканликлари айтилади.

Ҳар икки президент Қирғизистон Муваққат ҳукуматини мавжуд муаммоларни ҳал этишда зўравонсиз сиёсий усуллардан фойдаланишга даъват этишган ва Қирғизистонда вужудга келган инқирозга БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда эътибор қаратиш ғоясини қўллаб қувватлашган.

Аввалроқ АҚШ ва БМТ расмийлари икки минг киши қурбон бўлгани айтилаётган Қирғизистондаги этник зўравонликлар юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказишга чақиришган эди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати Қирғизистондаги зўравонликлар собиқ президент Қурмонбек Бакиев қариндошлари молиявий ёрдами билан террорчи ва экстремист гуруҳлар, жумладан, Толибон ва минтақадаги бошқа жанггари гуруҳ тарафдорлари томонидан ташкил этилганини иддао қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG