Линклар

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Андижон касалхоналарида қирғизистонлик қочқинлар билан учрашди. Маълум бўлишича, Андижон касалхоналаридаги қочқинларнинг уйга қайтиш истагини билдирганлари Қирғизистонга олиб ўтилиши мумкин.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромовнинг сўзига кўра, Андижон вилоятидаги тиббий муассасаларга 63 мингдан ортиқ қирғизистонлик қочқинлар мурожаат қилган. Шулардан 2 мингга яқини касалхоналарга ётқизилган. Бу маълумотларни Адҳам Икромов Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Дамира Ниёзалиева билан учрашув чоғида билдирди.

- Ўта оғир ахволдаги беморлар шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб келинди. Шу билан бирга, тез ёрдам талаб қилинган беморлар туман касалхоналарида жаррохлик йўли билан операция қилинди, деди Қирғизистонлик ҳамкасби билан учрашув чоғида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирига кўра, Андижон туғруқхоналарида қочқин хомиладор аёлларнинг 175 нафарининг кўзи ёриган.

Андижон касалхоналаридан бирида даволанаётган ўшлик Нодиржон “Озодлик”нинг қирғиз хизмати билан суҳбатда уларнинг қўлларида қурол бўлмаганини айтди. Шу билан бирга, айни пайтда Ўшдаги яқинлари унга хозир ҳам харбийлар томонидан тазйиқлар бўлаётгани ҳақида айтишаётганини гапирди:

- Тегишли бирорта жойга айтишнинг иложи бўлса, солдатлар қаттиқ тегаяпти экан болаларга шу куни кечада. Паспорт режими қилиб қўйибди, паспортларини ҳам йиртиб юборибди, дейди Андижон касалхонасида даволанаётган ўшлик Нодиржон.

Ўш ва Жалолобод қирғинида ярадор бўлган беморлар билан тўла Андижон касалхоналаридан хорижий журналистлар видеотасвирлар узатишган эди. Си-эн-эн телеканали мухбири Мэтю Ченз мана шундай беморларни тасвирлар экан, уларнинг тирик қолганлигини мўъжиза, дея изохлаган эди.

Ўш ва Жалолобод қирғини акс этган интернетдаги видеотасвирларда бўғизланганлар, оловда бутун танаси куйганлар, қайнок сув юзига сепилган гўдаклар, оёғи, кўкрак қисмига, қорнига ўқ тегиб, суяклари титилиб кетган фуқаролар акс этган. Улардан Ўзбекистон чегарасигача етиб олган ва чегарадан Андижон касалхоналарига етказилганлари шифокорлар ёрдамида ҳаёти сақлаб қолинган.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Дамира Ниёзалиева ўзбекистонлик ҳамкасби билан ана шундай жароҳат олган бемор қирғизистонлиқ қочқинлар билан учрашганидан сўнг Андижон вилоятидаги қочқинлар Ўш ва Жалолободга ўтказила бошлаши мумкинлигини қайд этди:

- Биз қирғизистонлик қочқинларни қандай қилиб ўзимизга олиб келиш масалалари ҳақида гаплашдик. 143 нафар беморлар оғир ахволда. Уларни Қирғизистонга олиб ўтиш учун махсус транспорт ва шифокорлар зарур. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбим билан Ўшга қайтишга ўзи истак билдирган беморларни олиб ўтиш учун кўмаклашишга келишдик. Улар чегарагача олиб келишда кўмак беришади, биз эса у ерда кутиб олиб, улар учун Қирғизистонда даволаниш учун шароит яратиб берамиз, деди Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Дамира Ниёзалиева.

10 июндабошланган Ўш ва Жалолободдаги қирғинда расмий маълумотларга кўра 240 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Норасмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони ўн баробарига кўп. Шунингдек, мазкур хунрезликда минглаган кишилар турли жароҳатлар олгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG