Линклар

Эркин микрофон - Ҳарбийлар элни талашни тўхтатмаëтир

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Ўш ва жалолободликлар қуролли кучларнинг ўзбек маҳаллаларида кўнгилларига келган номаъқулчиликни қилаётганларидан зорланмоқда.

Қатағонни қирғиз ҳарбийлари давом эттираяпти...

дейди Ўшдан қўнғироқ қилган тингловчи. Унинг айтишича, ўзбек йигитлари ҳарбийлар томонидан ушлаб олиб кетилиб, қийноқларга солинаяпти:

- Мана бунақа воқеалар бўлаëтгани тўғрисида информациямиз бор эди. "Шуни айтайлик¸ дунë эшитсин" деган мақсадда телефон қилаëтган эдик.

Озодлик: Қаердансиз?

- Ўшдан.

Озодлик: Қайси маҳалласидан?

- Ўзидан. Маҳалламизни айтсак¸ қулоғимизни дум¸ кўтимизни чучвара қилиб, олиб чиқиб кетаяпти-да ака. Икки-уч кундан бери болаларнинг кўпчилигини олиб чиқиб кетиб қолди.

Озодлик: Ким олиб чиқиб кетаяпти?

- Военнийлар. Учта-тўртта болани уриб ўлдириб қўйишди. Ўшаларнинг исм-фамилиялари ҳамма нарсалари бор. Ҳарбийлар ноқонуний равишда уйларни текширишаяпти. Кирганда издиватся қилишиб: “Сенинг Каримовинг ким бўлибди? Сенинг Қодиринг ким бўлибди? Сенларнинг Худойинг ким бўлибди? Сенларнинг Худойинг ҳам энди ëрдам бера олмайди. Худойингга ҳам ахлатимни қўйдим” деб шунақа сўзларни гапиришиб “Қуръонингга ҳам қўйдик” дейишиб¸ жуда ҳам нохуш сўзлар билан сўкиб чиқиб кетишаяпти. Ҳар битта хонадонга кириб, шунақа қилиб чиқиб кетишаяпти. Болаларга граната ташлаб қўйиб, уч-тўрт кун ушлаб туришиб¸ бугун чиқариб юборди. Бу гранаталарга бу болаларнинг ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Отилган ўқларнинг гилзаларини ташлашаяпти. "Бозорларни¸ уйларни сенлар ëққансан" деб болаларни айбдор қилишаяпти. Репрессия қилишаяпти-да. Ҳамма нарсани ўзбек маҳаллаларига кириб қилишаяпти. Қирғиз маҳаллада бирор марта текширилиш йўқ. Ҳамма нарсани ўзбекларга ағдариб қўйишаяпти. Адолатсизлик бўлаëтганлиги учун эшитинглар, деб телефон қилган эдик¸ дейди ўшлик тингловчиларимиздан бири.


“Энди ҳарбийлар талаяпти”

дейди Россиядан қўнғироқ қилган ўшлик Илҳомжон, ўз яқинларининг айтганларига таяна туриб. Унинг сўзларига кўра, қирғизистонлик ҳарбийлар ўзбеклар яшайдиган маҳаллаларда тозалаш ишлари баҳонасида одамларни молк-мулкларини таламоқда:

- Мен асли Ўшдан бўламан. Ҳозир Россияда юрибман. Оилам Ўшда. Ҳозир улар Андижонда юришибди. Акам иккита жойидан ўқ еб, Андижон касалхонасида ëтибди. Унинг ҳам оиласи чегарада. 80 ëшга кирган онамиз ҳам чегарада. Ўшга қайтиб келаëтганлар билан бугун кун бўйи телефонлашиб турдик. Уларнинг айтишича¸ қирғиз спецнази¸ ҳарбийлари Ўшни талон-тарож қилаяпти. Мародëрлар қолиб Қирғизистоннинг армияси¸ спецнази хотинларнинг бўйнидаги тақинчоқларни¸ одамларнинг пулларини¸ умуман кўзига нима яхши кўринса¸ олиб чиқиб кетаяпти. Қароқчиликни энди Қирғизистоннинг ҳарбийлари спецназ билан бирга қилаяпти. Бугун яна шундай гап эшитдикки¸ уларнинг ҳаммасининг гапи бир хил. Одамлар мана ҳозир яна Ўзбекистонга қайтиб кетаяпти экан. Кўрган одамнинг гапи бунақа. Битта одам уйига қайтиб келса¸ қирғизлар ўзбек одамнинг уйида туриб олиб прессага: “Мана бу менинг уйим эди, ўзбеклар уйга ўт қўйиб юборди”, деяпти. Буларнинг туҳмат¸ бўҳтонларига қандай чидаса бўлади? Ҳалиги ўзбек одам келиб: “Чиқ, бу менинг уйим, бу қандай сенинг уйинг бўлади?” деса¸ унга ҳам тўполончилик қилишади. Одамларни ўғирлаб кетаяпти. Хотинларни¸ қизларни ўғирлаб кетиб, пул талаб қилаяпти экан. Аҳвол жуда қийин¸ дейди Илҳомжон.


“Ўрмонга ўт кетса...”

ҳўлу қуруқ баравар ёнади, дейди Санкт Петербург шаҳридаги қирғизистонлик меҳнат муҳожири Тожиддин. Унинг фикрича, Қирғизистонда ўзбегу қирғизлар минг йиллардан буён дўстликда яшаб келган. Бугун эса уларнинг орасига бу миллатлар дўстлигини истамаётганлар нифоқ солди:

- Мен Ўшдан бўламан. Ўзим Питерда ишлайман. Мен илтимос қиламан, бу ерда ўзбек-қирғиз урушмаган. Бу ерда кимдир наëмникларни ëллаганда. Қаерда бўлмасин ўзбек-қирғиз мусулмон. Мен шунақа деб ўйлайман. Президентлардан илтимос, Қирғизистонники бўладими¸ Ўзбекистонники бўладими - ҳаққоний қилиб ҳукм чиқарсин. Каримовнинг “ўзбегим қаерда бўлса¸ юрагимнинг ярми” деб айтганини мен ўзим телевизордан эшитганман. Шунинг учун сизлардан илтимос - мана шуни етказсангизлар. Уйимиз билан ҳозир алоқа қилмаяпмиз. Нима бўлаяпти¸ нима қўяяпти, Оллоҳга омонат деб юрибмиз¸ дейди Тожиддин.


“Сўх блокадаси очилди, бироқ...”

Фарғона вилоятининг Сўх туманидан қўнғироқ қилган муштарийнинг айтишича, 11 июндан бошлаб Сўх анклавига кириш чиқиш тамоман беркитилган эди. 25 июн куни эса йўл очилди. Бироқ Ўзбекистон чеграчилари чегардан ўтиш тартибини жуда ҳам мушкуллаштирган. Натижада чегарада юзлаб машиналар тирбанд бўлиб қолди ва ёзнинг жазирама иссиғида ёш болалар ва қариялар азоб чекмоқда:

- 11 июндан бери бекик. Риштон билан умуман алоқа йўқ эди, бугун очилди. Соат ўндан еттигача рухсат берибди. Ҳозир ўзим ўша ердан келдим. Риштон постида турибман. Қирғизлар бемалол ўтказаяпти¸ ўзбеклар умуман. Биттама-битта текшириб ўтказаяпти. Ҳозир у ердаги 100 та машина ўта олмайди. Соат 10 дан бери туришибди. Бола-чақали аëллар келган.

Озодлик: У энди Сўхдан Риштонга ўтиш керакми?

- Риштонга ўтиш керак¸ Фарғонага бориш керак-да. Ҳаммаси Ўзбекистоннинг фуқаролари. Аксарият сўхликлар. Риштондан¸ Фарғонадан келган меҳмонлар ҳам бор.

Озодлик: Қанча одам бор?

- Ҳозир 100 та машина бор. Ҳар биттасида тўрт-бештадан бўлганда 500 га яқин одам борда. Аëллар¸ болалар¸ касаллар бор. Беш-олти соатдан бери туришибди. Етти бўлса¸ орқага қайтиш керак. Еттидан кейин ўтказмайди-да. Бугун 10 дан 7 гача¸ эртага 10 дан 12 гача¸ якшанба куни берк¸ душанба куни тўрт-беш соат рухсат деб Ўзбекистоннинг пости ëзиб қўйган¸ дейди сўхлик муштариймиз.


“Бозоримизни очиб берсин”

дейди Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидан қўнғироқ қилган тадбиркор.

- Деҳқон бозоримизга рухсат бераяпти. Тошкентдан “очилсин¸ таъминлансин” деб қоғоз келган. Биз ўзимиз таъминламоқчимиз. Ҳамма ҳаракат қилмоқчи. Замонавий қилиб қурмоқчи. Лекин бизга ҳокимимиз рухсат бермаяпти. Ундай¸ бундай деб у қоғозни тўғирлаб келсак¸ "наригисини тўғирла" дейди¸ наригини тўғирласак, "унисини тўғирла" дейди. Шунга сиздан илтимос, президентимизга етказиб берасизми? Болаларимиз бор. Менинг бешта ўғлим бор. Боқиш керак.

Озодлик: Тўрткўл шаҳридаги бозорми бу?

- Ҳа. Тўрткўл шаҳридаги деҳқон бозори.

Озодлик: Ҳозир ëпилганми у?

- Ҳозир янги бозорга кўчди-да. Аҳоли сони 180 мингга яқин. Ундан ҳам кўп. 183 минг аҳоли бор. Ўзи 10 минг одамга мўлжалланган бозор экан бу. Аҳоли сони эса 183 минг. Иккита эмас, учта бозор ҳам тўғри келади. Шунга ëрдам берворсангиз. Одамлар жуда сиқилиб қолаяпти-да. Нима иш қилиш керак бўлса, ўзимиз таъминламоқчимиз. Ҳар ким ўз дўконининг олдини ўз маблағи билан безамоқчи. Булар фақат орқага тортаяпти-да.

Озодлик: Бозор ëпилиши натижасида қанча одам ишсиз қолди?

- 400 га яқин одам ишсиз қолди. Менинг қўлимда 20 тадан ортиқ бола ишлар эди. Бу дегани 20 та хўжалик дегани. Битта одам 20 та хўжаликни иш билан таъминлаб турса¸ қанча одам иш билан таъминланиб кетади. Ўзи ҳозир кризис вақти. Бунақа бўлмаслиги керак-ку. Қўлимиздан келган ҳиссамизни қўшаяпмиз. Президентимиз бераяпти. Кредит десангиз¸ кредит бераяпти¸ бошқа десангиз¸ бошқа бераяпти. Камчилик йўқ. Фақат бозорни сиқишаяпти-да. Милициялар билан бирга ҳайдаб нариги бозорга олиб кетишди. Нариги бозорда дўкон йўқ¸ дейди тўрткўллик тадбиркорлардан бири.


“Ўзбекистонда адолат қолмади”

дейди ўзбек қонунчилигининг ишламаслигидан шикоят қилган избосканлик ўқитувчи Шокиржон Мавлонов.

- Мен Андижон вилояти¸ Избоскан тумани¸ Пойтуғ шаҳри¸ Ойбек маҳалла фуқаролар йиғинида яшайман. Шокиржон Мавлоновман. Тумандаги 38-мактабда 26 йилдан бери ўқитувчилик қиламан. Яқинда бошимга бир иш тушиб қолиб, ижтимоий адолатсизлик бўлиб қолди-да Ўзбекистонда. Каримовга ëздим¸ "Инсон ва қонун" газетасига ëздим. Яна битта журнал бор жуда катта-катта гапларни гапирадиган. "Ҳаëт ва қонун" деган шекилли. Шунга ëздим. Лекин ҳеч ижобий натижага эриша олмадим.

Озодлик: Муаммо нимадан иборат?

- Муаммо шуки¸ ўтган йил 8 июнда уйимга ўғри тушган. Мен бу ўғрини тан жароҳати етказмасдан ушлайман деб қувиб, оëғим синиб қолди. Қизимнинг қўлига ўғрининг пичоғи тегиб¸ у ҳам жароҳатланган. Ўғрини ушладик¸ қаматтирдик. Сентябрдаги амнистия билан чиқиб кетди. Энди биз зарарни ундирайлик десак¸ ўғрининг бойлиги йўқ деб, бир сўм ҳам унмади. Бундай ўйлаб кўрсам¸ бу ғирт адолатсизлик-да. Биз қолаверамизми энди? Қачонгача давлат ўғриларнинг бошини силайди? Ахир ҳозир ўғри¸ фирибгарлар кўпайиб кетди. Биттаси пластик карточкадан ечиб бераман деб, 160 минг пулимизни олиб кетиб қолди. Фойдаси йўқлигидан маҳалладаги одамлар милицияга мурожаат ҳам қилмай қўйди. Шу тўғрисида сизларга айтмоқчи эдим. Мана Каримовга мурожаат қилиб фойдаси бўлмади. Озодликка айтиб, сал бўлса ҳам юрагимизни бўшатиб оламиз-да¸ дейди Шокиржон Мавлонов.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG