Линклар

Хунрезликларда ЎИҲ жангарилари ҳам айбланмоқда


Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаевнинг айтишича, Максим Бакиев Афғонистон ва Покистондан келган жангариларга 30 миллион доллар берган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаевнинг айтишича, Максим Бакиев Афғонистон ва Покистондан келган жангариларга 30 миллион доллар берган.

Қирғизистонда Жалолободдаги миллий низога раҳбарлик қилгани айтилаётган Санжар Бакиев ( Қурмонбек Бакиевнинг жияни) қамоққа олинди. Санжар Бакиев Жалолободга 2000 мингга яқин ҳужумчиларни бошлаб боргани ҳақида воқеага гувоҳ бўлган журналистлар хабар берган эдилар.

Айни пайтда Ўш ва Жалолободдаги хунрезликда Афғонистон ва Покистондан келган бир қатор жангари гуруҳлар ҳам айбланмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев Ўзбекистон исломий ҳаракати, Тожикистон Бирлашган мухолифати ва исломий жиҳод гуруҳи жангарилари Ўш ва Жалолободдаги хунрезликларда иштирок этгани ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиев бир ой олдин араб давлатларидан бирида бу гуруҳ вакиллари билан учрашиб, музокаралар олиб борган. Кейинроқ эса уларга 30 миллион доллар миқдорида маблағ ўтказган.

Кенешбек Дуйшебаевнинг айтишича, Ўшдаги хунрезликка Ўзбекистон исломий ҳаракати зобитларидан бири бўлган Илҳом исмли шахс раҳбарлик қилган.

Миллий хафвсизлик хизмати айни пайтда жангарилардан 20 нафари қамоққа олинганини, улар орасида чет эл фуқаролари ҳам кўпчилик эканини алоҳида таъкидлади.

Кенешбек Дуйшебаевнинг айтишича, қўлга олинган жангарилар айни пайтда тергов билан ҳамкорлик қилмоқдалар.

Шу билан бир қаторда Жалолободдаги тартибсизликларни уюштирганликда айбдор деб гумон қилиниб, Қурмонбек Бакиевнинг жияни Санжар ҳам қамоққа олинган. У 25 июн куни жалолобод вилоятининг тоғли ҳудудларида яшириниб юрган жойида қўлга тушган. Унинг олдидан бир қанча қурол ва ўқ – дори мусодара қилинган.


Айни пайтда вазият барқарорлашаётгани ҳақида расман билдирилаётган Жалолобод ва Ўш вилоятларида ёниб кетган уйларни аниқлаш жараёни олиб борилмоқда. Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазири Дуйшенқул Чўтўновнинг айтишича, Ўшда мазкур вазирлик ходимлари томонидан 488 та, ҳокимиятлар томонидан 744 та ёниб кетган уй рўйхатга олинган. Жалолобод вилоятида эса ҳозигача ёниб кетган уйлар сони 642 та экани аниқланди.

Д.Чўтўновга кўра, ёниб кетган уйлар сони янада кўпайиши мумкин, чунки ёндирилган хонадонларни аниқлаш ишлари эндигина бошланган.

Ўш вилоят коменданти Бакитбек Алимбеков эса 26 июн куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўшдаги хунрезликлар юзасидан 500 та жиноят иши очилганини айтди. Хунрезлдикларда иштирок этганлик айби билан 60 киши қамоққа олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG