Линклар

Ўзбекистондаги лагерларда ўшлик қочқинлар қолмади


Ўшлик қочқинлар Ўзбекистондан қайтмоқда.

Ўшлик қочқинлар Ўзбекистондан қайтмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Андижон вилоятида қирғизистонлик қочқинларни қабул қилган қочқинлар лагерларида одамлар қолмаган. Айни пайтда Андижон касалхоналарида фақат ярадор беморларгина қолишган. Бироқ улар ҳам шу кунларда Қирғизистонга чиқариб юборилиши мумкин.

Нега Ўзбекистон Қирғизистонга қайтишни истамаган қочқинларни ҳам чиқариб юбормоқда?

25 июн куни Хўжаободдаги қочқинлар лагеридан қайтиб келган ўшлик Барнохон опа уларни мажбурлаб чиқариб юборишганини айтади:

-Бошида яхши қарашди жуда ҳам, хамма шароитларни яратиб беришди. Емоқ-ичмоқ, ҳаммаси чиройли бўлди, хурсанд ўтиргандик. Шу охирида чиқариб юбордида. Мажбур чиқариб юборди, йиғлаб чиқиб кетдик.Мажбурлашди бизни, - деди Қирғизистонга қайтишни истамаган ўшлик Барно опа.

15 июн куни ўзбек-қирғиз чегараси яқинида Ўзбекистон томонидаги Ёрқишлоқ қочқинлар лагеридаги Нодирахон Соипова яратилган шароитлар ва уларга Ўзбекистон томонининг муносабати ҳақида шундай деган эди :

-Рахмат Ўзбекистонга. Жуда ҳам, ҳамма беженецларни қўллаб қувватлашаяпти. Миннатдорчилигимни сўз билан ифода қила олмайман-да. Озиқ-овқатлар етишаяпти, дори-дармонларни беришаяпти. Раҳмат буларга, - деган эди Ёрқишлоқ қочқинлар лагеридаги Нодирахон Соипова. Бугун Нодирахон Соипова Ўшга қайтган.

Яна бир Ёрқишлоқ қочқинлар лагерида 5 боласи ва хотини билан яшаган ўшлик Баҳром Ёқубов ҳам шароитларни тилга олганда бундай деган эди:

- Болаларнинг памперсигача олиб келиб бераяпти.Икки маҳал иссиқ овқат бераяпти.Эрталаб печене, вафли, шакар чойлар. Хатто уларга шундай буйруқ бўлибди: “Жуда ҳам гўзал муносабат қилинглар, муомалангларни чиройли қилинглар” деган нарсада. Бизга шунақа чиройли муомала қилишаяпти, - деган эди 16 июн куни Ёрқишлоқдаги қочқинлардан бири Баҳром Ёқубов.

Андижондаги қочқинлар лагеридаги ўшлик Баҳром Ёқубов оиласига хавф борлиги учун Ўшга қайтиш истаги йўқлигини билдирган эди.

Сўнгги уч кун ичида эса Ўзбекистон томонидаги қирғизистонлик қочқинлар чиқариб юборила бошланди. Ўш ва Жалолободга қайтаётганларнинг айримлари ўз истаги билан уйларига бораётганларини билдиришди. Суҳбатдошимиз Барнохон опа каби айрим фуқаролар эса уларни мажбуран чиқариб юборишганини айтишади. Барно опа Ўзбекистон томонига Ўш қирғини бошланганидан сўнг 13 июн куни қочқин сифатида ўтган. У Ўшга қайтиш истаги бўлмаган қочқинлардан бири эди.

"Охирги автобусга чиқдик"

Барно опа: Оиламиз билан, бешта болам, овсиним ва унинг тўртта боласи билан ўтган эдик.Суратошдан ўтган эдик.

Озодлик: Қаерда сизларни жойлаштирди?

Барно опа: Хўжаободдаги консерва заводига. Шароит, яхши қарашди, уч ярим мингта одам бўлди. Ҳаммани ўша ерга тўплади. Кечагача бўлган ҳамма ўтганларни тўплаб, уч ярим мингтача одам бўлди. Кейин хаммасини секин-секин “Ўша кетадиган одам борми?” деб, “Ҳамманглар чиқиб кетишинглар керак” деди. “Бизни орамизни ёмон қилиб қўйяпсизлар,сизларни талаб қилаяпти, катталар сўрашаяпти”деди. Ундан кейин чиқмаймиз дедик, 400тача одам охирида қолди.Қолганларни чиқарди. 400 тамиз қолдик. “Кетмаймиз” десак, “Тўпланиб ҳамма чиқсин, сизларни стадиондаги лагерга жойлаштирамиз, қоладиганлар ўша ерга боради” деди. Ундан кейин хаммамиз йиғиштирилиб, ховлида кутиб турсак, “списка қиламиз” дейишди, ҳаммамизни исм-фамилиямизни ёзишди. Кейин билсак, Ўшга ўтказиш учун ёзган экан. Уни билиб “чиқмаймиз” деб турдик. Барибир мажбур қилишди-да. Автобусларни шундай эшикни тагига олиб келиб қўйиб, “Чиқасизлар” деб, охирида дўқ қилишди. “Чиқасизлар, хеч ким қолмайди, ҳамма кетаяпти.Ўшда тинчлик” деб мажбур бўлдик-да.Охирги автобусга чиқдик биз. Хеч ким қолмади, лагерни ёпишди кўзимизни олдида.

Озодлик:
Ёпишди деганингиз энди қандай бўлди?

Барно опа:
Битта катта обший ётоқ бор эди, икки мингта одам ётар эди. Ҳаммани ўша ердан чиқариб бўлгандан кейин автобусга, кўзимизни олдида ўша ерни қулфлашди. Беркитишиб, ўзларининг ходимлари қолишди. Мажбур бўлдик кейин чиқишга.

Шуҳрат Қаюмов келди бир кун бурун Тошкентдан, Фотимахон деган хотин-қизлар бўлимидан келди.Ундан кейин вазир келди, вазир дейишди битта аёл кишини. Бир беш –олтитаси келдида. Улар ҳам “Чиқмасанглар бўлмайди, тушунинглар, биз сизларни чиқармасак бўлмайди” деб. Эрталаб ҳам ўтирган эдик. Йигит –қизларни олиб келишган экан, улар тугунларимизни кўтариб, автобусга олиб чиқиб қўйишди.

Бошида яхши қарашди жуда ҳам, ҳамма шароитларни яратиб беришди. Емоқ-ичмоқ, хаммаси чиройли бўлди, хурсанд ўтиргандик. Шу охирида чиқариб юбордида. Мажбур чиқариб юборди, йиғлаб чиқиб кетдик.Мажбурлашди бизни.

Озодлик:
Мана келибсиз. Келганингиздан кейин нимани кўрдингиз? Ўшдамисиз?

Барно опа: Ҳа, Ўшдаман. Хамма ер вайрон, хеч қаер ишламаяпти. Бозорлар йўқ. Ёнган-куйган ҳаммаси жойида турибди, ўнглашмаган ҳам. Хаммаси бузилган кўчада. Ваҳима, хеч ким йўқ, фақат қирғизлар юришибди.

Озодлик:
Чегарадан ўтиш қандай бўлди?

Барно опа: Чегарасига олиб келмади. Халиги симга олиб келишди. Объезддан ўтказишди бизни. Симга олиб келиб туриб, озгина жойини очиб, тез-тез тушириб, киргизиб юборишди.

Озодлик: Қирғизистон томонидан биров турганмиди?

Барно опа:
Биз ўтиб бўлганимиздан кейин, анча ичкарида ўтиришибди улар. Қирғиз солдатлари.

Озодлик
: Улар гапирмадими сизларга?

Барно опа:
Йўқ, хеч нарса демасдан ўтиришди.

“Фарғона ру” ахборот агентлигининг Андижондаги мухбирларига кўра, Андижон вилоятида бир нечта Қизил Хоч халқаро ташкилотига қарашли бўш чодирлар қолган.Қолган чодирлар йиғиштириб ташланган.

"Қирғизистондаги ўзбекларга Ўзбекистон бефарқ эмас"

Айни пайтда Францияда истиқомат қилувчи ўзбек сиёсатшуноси ва социологи Камолиддин Раббимов Ўзбекистоннинг қирғизистонлик қочқинларни чиқариб юбораётганига қуйидагича шарҳ беради:

-Мени назаримда Қирғизистон билан муносабатлар энди совуқлашади секин секин. Чунки Ўзбекистон айнан дипломатик сиёсий босим йўллари билан этник ўзбекларнинг ҳақ- ҳуқуқларини талаб қилади. Бу жуда ҳам очиқ сиёсат бўлмаслиги мумкин.Лекин ўзининг доираларида, ёпиқ каналлар орқали ўша ердаги ўзбекларнинг ҳақ ҳуқуқларини талаб қилишда, ва шу орқали Ўзбекистон ўзининг миллий хавфсизлигини таъминлашга харакат қилади мени назаримда.

Демак Ўзбекистон хозирги пайтда бир томондан нолегитим, яъни жуда ҳам мураккаб аҳволда қолаяпти. Лекин айни пайтда ўша ердаги ўзбекларнинг тақдирига мутлақо бефарқ эмас, мутлақо бефарқ бўла олмайди. Чунки бу Ўзбекистоннинг, айнан ўша сиёсий режимнинг манфаатлари билан боғлиқ.

Агар тинимсиз мана шундай қирғинлар бўлаверса, ва у ердаги ўзбеклар Ўзбекистон давлати томонидан эътиборсиз қолдирилса, бу расмий Тошкентнинг ҳам легитимлигини ўзбеклар кўзида йўқотади. Ўзбекистоннинг ичига кўчиш эҳтимолини, мана шундай ижтимоий норозиликлар, Фарғона водийсига ёки Ўзбекистоннинг ичига кўчишини тақозо қилиши мумкин, - дейди ўзбек сиёсатшуноси ва социологи Камолиддин Раббимов.

Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот раҳбари Виталий Пономарёв Ўзбекистондан қочқинлар қайтишини изоҳлаб шундай деди:

-Балким бордир шундай мажбурлаб уларни Қирғизистонга қайтариш холатлари ҳам. Билишимча, Ўзбекистон қочқинларнинг ўз худудида бўлишини беқарорлик ўчоғи деб қарайди. Шу сабабдан уларни чиқариб юбориш хукумат манфаатларидан биридир, деди россиялик ҳуқуқ фаоли, айни пайтда Қирғизистон жанубида бўлган Виталий Пономарёв.

Навбат касалхонадаги қочқинларга.Ундан кейин...

Андижондаги қочқинлар лагеридан соғлом қирғизистонлик қочқинлар чиқарилганидан сўнг, вилоятда фақат ярадор беморлару, қариндош уруғиникига яширин йўллар билан ўтган қирғизистонлик қочқинлар қолган эди.

25 июн куни Андижонда бўлган Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Дамира Ниёзалиева ўзбекистонлик ҳамкасби билан жароҳат олган бемор қирғизистонлиқ қочқинлар билан учрашганидан сўнг Андижон вилоятидаги қочқинлар Ўш ва Жалолободга ўтказила бошлаши мумкинлигини қайд этган эди:

- Биз қирғизистонлик қочқинларни қандай қилиб ўзимизга олиб келиш масалалари ҳақида гаплашдик. 143 нафар беморлар оғир ахволда. Уларни Қирғизистонга олиб ўтиш учун махсус транспорт ва шифокорлар зарур. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбим билан Ўшга қайтишга ўзи истак билдирган беморларни олиб ўтиш учун кўмаклашишга келишдик. Улар чегарагача олиб келишда кўмак беришади, биз эса у ерда кутиб олиб, улар учун Қирғизистонда даволаниш учун шароит яратиб берамиз, деди Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Дамира Ниёзалиева.

Андижон касалхоналаридан беморлар ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтказилганидан сўнг, навбат чегарани бошқа йўллар билан кесиб ўтган Фарғона водийсидаги хонадонларда яшаётган қирғизистонлик қочқинларга ҳам келиши мумкин.

Айни пайтда Халқаро Амнистия ташкилоти ўзбекистон ҳукуматини қочқинларни Ўзбекистондан мажбуран чиқармасликка ундади.

Мазкур ташкилот қочқинларни қайтишга ундаш ортида Қирғизистон ҳукуматининг 27 июнга белгиланган референдумни ўтказиб олишга уринишини кўради ва шунинг учун "сиёсий мақсадлар йўлида минглаб кишиларнинг ҳаётларини хавф остида қолдириш мумкин эмас"лигини уқтиради.

Ташкилот фаоллари фикрича, Қирғизистон жанубидаги вазият беқарорлигича қолмоқда ва ўзбек аҳолисининг ҳукуматга ишончи йўқ, ўзбеклар ҳукуматнинг янги ҳужумлардан ҳимоя қила олишига ишонмайди.

ХА Қирғизистон жанубида амалга оширилган зўравонликлар халқаро миқёсда ўрганилиши керак, деган фикрда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG