Линклар

logo-print

КХШТ тезкор гуруҳи Ўшга жойлаштирилди


КХШТ Бош котиби Бордюжа тезкор гуруҳ Ўшда доимий асосда ишлашини айтди.

КХШТ Бош котиби Бордюжа тезкор гуруҳ Ўшда доимий асосда ишлашини айтди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Бош котиби Николай Бордюжа 26 июн куни Ўш ва Жалолободдаги вазият билан танишди. Этник низо оқибатида энг кўп азият чеккан ушбу шаҳарларида КХШТ нинг доимий асосда ишловчи экспертлар гуруҳи жойлаштирилди.

Николай Бордюжага ҳамроҳлик қилган муваққат ҳукумат мудофаа вазири генерал Исаков айни пайтда КХШТ билан ҳамкорликда чегараларнинг мустаҳкамлаш масаласи ҳал этилаётганини билдирди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжанинг учқичи, юзлаб ва ҳатто минглаб одамлар қурбон бўлган бир ҳафталик низодан сўнг ниҳоят Ўш аэропортига келиб қўнди.

Мамлакат тақдирини ҳал этувчи референдумдан аввал Қирғизистон жанубидаги вазият анча тинчиган бир пайтда КХШТ Қирғизистон хавфсизлик идораларига ҳарбий техник ёрдам ва тинчликни сақлаш бўйича ўз маслаҳатларини таклиф этмоқда.

Қирғизистон расмийларига кўра, КХШТ дан ҳарбий техник ёрдам ҳалигача олинган эмас, аммо ташкилотнинг маслаҳатчилар гуруҳи Ўш ва Жалолободда жойлаштирилиб бўлинди. Бордюжанинг айтишича, ушбу гуруҳ доимий асосда ишини давом эттиради.

- Мен билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг барча вакилларидан иборат тезкор гуруҳ келди. Гуруҳ Ўш ва Жалолободда қолиб доимий асосда ишлайди,- деди Николай Бордюжа.

Унга ҳамроҳлик қилган Қирғизистон муваққат ҳукуматининг мудофаа вазири, генерал Исмоил Исаков бундан асосий мақчад Қирғизистонда юз берган низоларнинг келажакда такрорланмаслигини таъминлаш эканини айтди. Унинг айтишича, КХШТ билан ҳамкорликда чегара хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар ишлаб чиқилмоқда.

- Қирғизистондаги вазиятни издан чиқаришни хоҳлаётган гуруҳларнинг мамлакатимизга кириб келишининг олдини олиш учун чегарамизни қандай қилиб мустаҳкамлаш, бунинг учун КХШТ нинг ёрдами қандай бўлиши белгилаб олдик,- деди генерал Исаков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG