Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:55

Қирғизистонда референдум ўтмоқда


Қирғизистон расмимйларига кўра, бармоққа белги қўйиш орқали референдумнинг ҳолис ва демкоратик ўтишини таъминлаш мумкин.
Қирғизистон расмимйларига кўра, бармоққа белги қўйиш орқали референдумнинг ҳолис ва демкоратик ўтишини таъминлаш мумкин.

27 июн куни Қирғизистонда мамлакат Конституциясига ўзгартишлар киритишни назарда тутган умумхалқ референдуми бўлиб ўтмоқда. Қирғизистон муваққат ҳукумати етакчиси Роза Ўтунбаева сўзларига кўра, янги Конституцияни қабул қилмай туриб, мамлакатда, жумладан, яқинда қонли тўқнашувлар рўй берган жанубда тартиб ўрнатишнинг имкони йўқдир.

Қирғизистон жанубида рўй берган этник тўқнашувлар ортидан бир неча юз минг кишининг турар жойларини тарк этиши ва хавфсизлик вазияти борасида ҳавотирлар билдирилаётган бир пайтда референдумнинг ўтказилишига айрим кузатувчилар шубҳа билан қарамоқдалар.

25 июн куни Бишкекда журналистлар олдида чиқиш қилган Қирғизистон муваққат ҳукумати етакчиси Роза Ўтунбаева мамлакат жанубидаги вазият борасида ҳавотирлар билдирилаётганига қарамай референдум 27 июн куни бўлиб ўтиши ҳамда ҳукумат хавфсизликни таъминлаш борасида барча имкониятларни ишга солишига ваъда берди.

- Фуқаролар сайлов участкаларига келиб овоз беришни истамоқдалар. Улар референдумнинг мамлакатга барқарорлик ва қонуний ҳукуматни олиб келишига ишондилар. Қирғизистон ҳукумати оҳир оқибат қонуний асосга эга бўлади ва бу ерда истиқомат қилувчи ҳар бир фуқаро шуни истамоқда,- деди Роза Ўтунбаева.

Қирғизистон муваққат ҳукумати етакчиси бу ҳақда КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа билан Бишкекда ўтказган музокаралардан сўнг маълум қилди. Мазкур учрашувда Қирғизистон ҳукуматига референдумни ўтказишга кўмаклашиш ҳамда қонли тўқнашувлар рўй берган Ўш шаҳар ва Жалолобод вилоятидаги вазиятни барқарорлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. КХШТ Бош котиби ўз навбатида ташкилот Қирғизистонга ёрдам тарқасида вертолётлар ва ҳарбий ускуналар ажратишга тайёр эканини билдирди.

- Биз оммавий тартибсизликларни бошлаётган шахслар, ташкилотчилар ҳамда провакаторларни аниқлаб, уларни маҳкамага тортиш борасида Қирғизистонга ёрдам берамиз,- деди Николай Бордюжа.

27 июн кунига белгиланган референдумда Қирғизистон аҳолиси янги Конституция бўйича овоз беришлари керак бўлади. Шунингдек, мазкур референдум Қирғизистондаги муваққат ҳукуматни легитимлаштириши мумкин – агар кўпчилик сайловчилар ёқлаб овоз берган тақдирда, мамлакатда парламент бошқарувига ўтади, айни пайтда Ўтунбаева Қирғизистоннинг ўтиш даври президентига айланади.

Маҳаллий телеканаллар орқали Қирғизистон халқига мурожаат қилган муваққат ҳукумати раисаси Роза Ўтунбаева мамлакатда тезроқ тинчлик-барқарорлик ўрнатилиши учун қирғизистонликларни референдумда фаол иштирок этишга чақирди.

- Қирғизистон халқи ва барча фуқаролар чек қўймагунча бу каби зўравонликлар тўхтовсиз давом этиши мумкин. Давлатимиз ноаниқлик ҳолатида кўп қола олмайди. Малкатда тартиб ўрнатиш лозим. Конституцияни қабул қилмасдан ва давлат тузулмаларини ташкил қилмасдан туриб бу каби ҳаракатларни амалга оширишнинг имкони йўқ,- деди Роза Ўтунбаева.

Қирғизистон муваққат ҳукумати апрел ойида президент Қурмонбек Бакиевнинг кетишига сабаб бўлган намойишлардан сўнг ҳокимиятга келган эди. Ўшандан буён мухолифатга айланган хавфсизлик кучларининг собиқ расмийлари янги ҳукуматга қарши чиқа бошладилар ва эндиликда улар референдум ўтказилишига ҳам қарши чиқмоқдалар.

Улардан бири Ўмурбек Сувоналиевдир. Собиқ Ички ишлар вазири Сувоналиев ўз хохиши билан яқинда тартибсизлар рўй берган Ўш шаҳри милиция бошқармаси раҳбари лавозимини қабул қилиб олди. Бироқ Қирғизистон муваққат ҳукумати 27 июнга белгиланган референдумни ўз вақтида ўтказажагини билдиргандан сўнг, Сувоналиев эгаллаб турган лавозимидан истеъфо берди.

- Нега муваққат ҳукумат ўз режасини давом эттиришга қарор қилди? Чунки мамлакат фуқароларининг кўп қисми янги ҳукуматни қувватламаётганини улар биладилар. Шунинг учун улар ҳар қандай йўл билан ҳокимиятни узурпация қилишга уринмоқдалар,-деди Ўмурбек Сувоналиев.

Унинг сўзларига кўра, қонли тўқнашувлар рўй берган мамлакат жанубида фуқаролар янги ҳукуматни қўллаб-қувватламайди ва муваққат ҳукумат у ердаги референдум натижаларини соҳталаштириши мумкин.

Сувоналиев агар референдум чоғида қонунбузарчиликларга йўл қўйилгудек бўлса, ўз тарафдорлари билан оммавий норозилик намойишлари бошлаб юборишга тахдид қилди.

Айни пайтда АҚШ ҳукумати Қирғизистонда 27 июн куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдум одил ва шаффоф тарзда ўтказилишига умид билдирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Кровли сўзларига кўра, Бишкекдаги АҚШ элчихонаси кичик кузатувчилар гуруҳи якшанба куни ўтказиладиган референдумни назорат қилади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти , ўз навбатида хавфсизлик таъминланмаган бир шароитда ўз экспертларини референдумни кузатишга юбормоқчи эмаслигини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG