Линклар

Қирғизистонда референдум ўтказилмоқда


Бугун Қирғизистонда мамлакат янги Конституциясини қабул қилиш юзасидан умумхалқ референдуми бўлиб ўтмоқда.

Қирғизистон муваққат ҳукумати етакчиси Роза Ўтунбаева сўзларига кўра, янги Конституцияни қабул қилмай туриб, мамлакатда, жумладан, яқинда қонли тўқнашувлар рўй берган жанубда тартиб ўрнатишнинг имкони йўқдир.

Муваққат ҳукумат етакчиси Роза Ўтунбаева ҳамда муваққат ҳукуматнинг яна бир етакчиларидан бири Исмоил Исоқов бугун Ўш шаҳрида овоз бердилар.

-Халқаро ҳамжамият мамлакатимиздаги вазиятни кузатиб бормоқда. Аксар давлатлар муваққат ҳукуматнинг мамлакат жанубидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда, -деди Роза Ўтунбаева Ўш шаҳрида қилган чиқишида

Куни кеча Бишкекда журналистлар билан учрашган Роза Ўтунбаева мамлакат жанубидаги вазият борасида ҳавотирлар билдирилаётганига қарамай референдум 27 июн куни бўлиб ўтиши ҳамда ҳукумат хавфсизликни таъминлаш борасида барча имкониятларни ишга солишига ваъда берган эди.

Озодлик радиосининг Қирғизистондаги мухбирларига кўра, овоз бериш жараёни давомида ҳозирча ҳеч қандай қоидабузарликлар ёки нохуш ҳодисалар қайд этилмаган. Қирғизистон милицияси ва ҳарбий бўлинмалари кучайтирилган тартибда хизмат ўтамоқда.
XS
SM
MD
LG