Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:18

Учинчи республика: янги Конституция, янги давр


Қирғизистондаги сайлов участкаларини эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам қўриқладилар.
Қирғизистондаги сайлов участкаларини эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам қўриқладилар.

Қирғизистонликлар бугун Учинчи республика учун овоз бердилар. Мамлакат жамоатчилиги янги Конституциянинг қабул қилиниши билан Қирғизистон давлатчилигининг янги даври, яъни Учинчи республикага асос солинмоқда, деган фикрдалар.

Учинчи республика атамасини таомилга киритган қирғиз сиёсатчилари ва матбуотига кўра, Шўролар давридаги Қирғизистонни Биринчи Республика, мустақилликдан кейинги Ақаев ва Бакиев бошқарувидаги Қирғизистонни Иккинчи республика деб аташ мумкин. Янги ҳукуматга кўра, Учинчи республика Қирғизистон учун демократик тамойиллар тантанаси даври бўлади.

Референдумга овоз бериш учун келган муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаев ҳам журналистларга мана шулар ҳақида гапирди.

- Қирғизистонда демократик давлат, айниқса парламент бошқарувидаги демократия қуриш мумкинлигига шубҳа билан қаралмоқда. Аммо мен бундай фикрларни Марказий Осиё халқари учун ҳақорат сифатида қабул қиламан. Биз инсон ҳуқуқларига қатъий риоя қилинадиган демократик давлат қура оламиз,- деди Текебаев.

Ўшдаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Роза Ўтунбаева эса Текебаевдан фарқли ўлароқ эҳтиросларга берилмади.

- Референдум бизни, яъни муваққат ҳукуматни ҳуқуқий майдонга олиб киради, -деди Роза Ўтунбаева.

Муваққат ҳукумат раисининг яна бир ўринбосари Алмазбек Атамбаев эса Қирғизистон мустақил бўлганидан буён биринчи марта референдумда иштирок этаётганини яшриб ўтирмади. Унинг айтишича, референдум натижасида легитимлаштирилган янги ҳукумат мамлакат барқарорлигининг кафолати бўилб қолади.

Айни пайтда Атамбаев овоз бериб бўлгач журналистлар билан қилган суҳбати чоғида Қирғизистон жанубидаги хунрезликларни ҳам эслаб ўтди.

- Афсуски, мамлакат жанубидаги фожеали воқеалар жуда кўп ҳал қилинмаган муаммолар мавжудлигини кўрсатди, -деди Атамбаев.

Муваққат ҳукумат расмийси бу муаммолар нималардан иборат эканини очиқламади. Лекин муаммолар ҳал қилинмас экан, мамлакат барқарорлиги таҳдид остида қолавериши мумкинлиги ҳақида эслаб ўтди.

- Менимча, бу воқеалар Қирғизистон халқи учун сабоқ бўлди. Биз муаммоларни яшириш керак эмаслигини, уларни ҳал қилиш лозимлигини билиб олдик,-деди Атамбаев.

Айни пайтда Қирғизистондаги айрим сиёсатчилар референдумга салбий муносабат билдирмоқдалар. Улардан бири Бакиев даврида Давлат котиби лавозимини эгаллаб турган Адахан Мадумаровдир.

-Янги Конституцияни қаблу қилиниши билан муваққат ҳукуматнинг легитим бўлиб қолади дейишлик ақлга тўғри келмайдиган гапдир. Уларнинг референдум ўтказишдан мақсади фақат битта-Ўтунбаевани 2012 йилгача ўтиш даври президенти қилиб сайлаб олиш, -деди Адахан Мадумаров.

Айни пайтда маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳозирча овоз бериш жараёнида қўпол қонунбузарликлар бўлмаганини, лекин айрим хатоликларга йўл қўйилаётганини эътироф этмоқдалар. Бироқ ҳозирча қўпол қонунбузарликлар содир бўлмади,- деди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари расмийлари эса Ўш ва Жалолобод шаҳарларида овоз бериш жараёни осойишта ўтганини, ҳозирча тартиббузарликлар кузатилмаганини расман билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG