Линклар

"Қирғизистон яна бир хавфли босқичга кирди!"


Референдумни легитимлаштириш даъвосида сайлов участкалари маъсуллари ўзбек маҳаллаларига қути кўтариб келишди.

Референдумни легитимлаштириш даъвосида сайлов участкалари маъсуллари ўзбек маҳаллаларига қути кўтариб келишди.

Россиядаги “РИА Новости” агентлиги шарҳловчиси Санобар Шерматова Қирғизистон референдумини Ўшда кузатди. Мустақил таҳлилчи¸ эндиликда парламент республикасига айлангани айтилаëтган Қирғизистондаги сиëсий жараëнларнинг янада мураккаблашганини айтади.


Россиялик мустақил шарҳловчи билан суҳбат 27 июн кунги референдум билан айни кунда ўтказилди.

Озодлик:
Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган хунрезликлар чоғида Қирғизистонда мамлакат келажагини белгиловчи янги конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш¸ Сизнингча¸ нечоғли легитим?

Санобар Шерматова: Куни-кеча ўз уйидан жон сақлаш илинжида қочишга мажбур бўлган одамларнинг ҳаммаси бирданига бугун Қирғизистонга қайтибоқ овоз бергани референдумга борди¸ дея олмайман. Улар орасида референдумга боришни мутлақ истамаганлар ҳам бор. Аммо қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Тўлейкан Исмоилова билан мулоқотим чоғида, у референдумда ўзбеклар ҳам фаол иштирок этишганини айтди. Нима бўлган тақдирда ҳам, менинг англашимча, ўзбеклар ҳам мамлакатда қонуний хукумат шаклланиши тарафдори. Референдум¸ унда қанча одам қатнашганидан қатъий назар, бўлиб ўтган ҳисобланади. Бунга одамлар сони таъсир этмайди. Аммо бундай референдумнинг нечоғли легитимлиги бошидан катта шубҳа остида эди.

Озодлик: Агар бу тадбирда қанча одамнинг қатнашгани муҳим бўлмаса¸ нима сабабдан Ўзбекистон ҳудудига ўтган қочқинлар бу қадар тез, айнан референдумдан олдин қайтарилди? Айрим таҳлилчиларга кўра¸ ўзбек қочқинларининг бундай фавқулодда тезлик билан ëппасига қайтарилиши Қирғизистон илтимосига кўра амалга оширилган.

Санобар Шерматова: Ўзбекистоннинг нима учун қочқинларни бу қадар шошилинч тарзда қайтаргани у қадар тушунарли эмас. Мен Роза Ўтунбаева билан бу масалада гаплашганимда, у Ўзбекистон раҳбариятига қочқинлар орасида референдумда овоз беришни ташкиллаштириш учун кўмак беришни илтимос қилиб хат ёзгани¸ аммо жавоб ололмаганини айтди. Қочқинлар эса қайтарилди. Роза Ўтунбоева ўзича келган хулосага кўра¸ Тошкент қочқинларнинг Ўзбекистон ҳудудида овоз беришидан кўра уларни ўз уйларига қайтариб юборишни афзал билган. Балким шундай бўлгандир ҳам, биз Ислом Каримовнинг нимага бундай қилганини фақат тахмин қила оламиз¸ холос. Факт шуки, қочқинлар Қирғизистонга қайтарилди, уларнинг айримлари референдумда овоз ҳам берди. Ўтунбаевага Ўшдаги ўзбекларнинг айримлари имзолаган хат ҳам берилди. Унга қўл қўйганлар референдумни қўллаб-қувватлашлари, тезроқ сайловлар ҳам бўлишига умид қилишаëтганини билдирган. Демакки, Қирғизистон жанубида бир тоифа ўзбеклар овоз берди, бошқаси эса¸ ҳукуматга ишонмагани учун умуман референдумда қатнашмади.

Озодлик: Референдумда қатнашган ўшликлар паспорти бўлмаса қандай овоз берганини кузатдингизми? Ахир уларнинг паспортлари ёниб кетган бўлса, кўпчиликнинг ҳужжатлари йўқку!

Санобар Шерматова: Ҳа, муваққат хукумат бу борада ҳам декрет чиқарди. Яъни овоз бериш участкаларидан овоз бериш қутиси қочқинлар тўпланган ҳудуд, ёки уларнинг маҳаллаларига этилади ва улар ўша ерда овоз беришлари мумкин бўлди. Бугун ҳуқуқ фаоллари ҳам бу масалани кўтаришди. Ҳуқуқ –тартибот идоралари янги паспорт мурожаат қилганларга бепул берилишини айтишди. Албатта¸ у бир кунда бўлмайди. Шу сабабдан сайловларда аслида нима бўлаётганини кузатиш ғоятда қийин эди. Шу учун мен ҳуқуқ фаоллари айтган гапларга таянаяпман¸ холос.

Озодлик: Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб¸ Сиз бир йилдан кейинги Қирғизистонни қандай тасаввур қиласиз?

Санобар Шерматова : Қирғизистондаги воқеаларни олдиндан башорат қилиб бўлмай қолди. Қирғизистон келажаги ҳақида гапирганда фақат воқеалар ривожининг турли вариантлари ҳақида гапириш мумкин. Чунки бу давлат ҳақида олдиндан бир нарса айта олмаймиз. Агар некбин вариантни тасаввур қиладиган бўлсак¸ унда муваққат ҳукумат референдумни муваффақиятли ўтказиб олади. Агарда референдумда қарши овоз кўп бўлса, унда аввалги конституция ишга тушади.

Агар ҳукумат референдумни муваффақиятли ўтказса¸ галдаги вазифа парламент сайловларини ўтказиб олишдир. Парламент сайлови энг мураккаб жараён. Чунки бу давлат фуқаролари ҳукуматга ишонмайди, қонунлар устиворлиги у қадар кучли эмас. Парламент сайловидан ўтиш Қирғизистон учун энг катта синов. Кейин Бош вазир лавозими учун кураш бошланади. Бу яна бир катта ўйинга сабаб бўлади. Агарда бу давлатда иқтисод мустақил бўлиб, Ғарбдаги каби ўз-ўзини ўзи тартибга солганда эди¸ унчалик қўрқмаса ҳам бўларди. Аммо Қирғизистонда давлат тизимлари ўта мўрт, бошқарув йўқ, молиявий бюджет йўқ, давлатнинг ўзи қашшоқ. У кредит, грантларга яшашга маҳкум. Бунинг устига минглаб қочқинлару, вайронага айланган шаҳарларни ҳам қўшинг. Мен ўйлайманки, бу вазият Қирғизистон учун хавфли. Агар Қирғизистонда сиёсий гуруҳлар бирлаша, шундагина янги қирғиз тузуми шаклланади¸ дея оламиз. Бироқ жуда кўп “бироқ” лар бор.

Озодлик: Сизнингча¸ Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган қонли воқеалар ўзбекларнинг Қирғизистон сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга туртки бўла оладими?

Санобар Шерматова: Биласизми, мен ҳозир бундай фаоллашувни кутмаган бўлардим. Чунки апрел воқеаларидан сўнг Жалолободда шу ниятда қилинган уринишлар натижа бермади. Албатта¸ бу уринишлар нўноқроқ эди. Бунга бошқа кучлар ўз таъсирини ўтказишди¸ албатта. Қисқа муддатда ўзбеклар сиёсатга кириб¸ Қирғизистон сиëсатида фаол рол ўйнайди¸ деб ўйламайман. Агар давлат демократик тизимларини шакллантиришни бошласа, унда табиий равишда мамлакатдаги бошқа миллат вакиллари ҳам сиёсатга кира бошлайди. Бундай амалиёт бошқа демократик давлатларда бор. Аммо агар бошқа йўл билан кетилса, унда ўзбеклар, бошқа миллат вакиллари каби Қирғизистон сиëсатида умуман ҳеч қандай ўрин эгаллай олмайди¸ деб қўрқаман.
XS
SM
MD
LG