Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:33

Каримов яна журналистларни ҳушёрликка чақирди


27 июн Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида президент Каримов ўзбекистонлик журналистларга табрик йўллади. Бу йилги анъанавий табригида президент Каримов Ўзбекистон атрофидаги нотинчликка ишора қилиб, журналистларни юртпарвар бўлишга чақирди.

Бу йили таниқли спорт шарҳловчиси ва энг оммабоп диний-маърифий эштиришлар муаллифи Хайрулла Ҳамидовнинг экстремизмда айбланиб, 6 йилга қамалиши ортидан интернет форумларида мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кўтарилди.

Озодлик интернет саҳифасида фикр қолдирганлар орасида Хайруллани миллат қаҳрамони даражасига олиб чиққанлар ҳам, унинг қамалиши учун шахсан президент Каримовни масъул қилганлар ҳам бўлди. Аммо давлат раҳбари сифатида журналистларни профессионал байрами билан қутлаш ҳам яна Каримов зиммасидадир. Ўзининг бу йилги табригида президент “бугунги нотинч замонда” ўзбек журналистларининг алоҳида ролига ишора қилди.


"…ўзини юртпарвар деб ҳис қиладиган ҳар бир журналистнинг… айниқса ён-атрофимиздаги вазият кескинлашиб бораётган бир пайтда она юртимизни асраш-авайлаш, дўстни душмандан, оқни қорадан ажратишга, аҳолимизни доимо сезгир ва огоҳ бўлиб яшашга даъват этишда ўз ҳиссасини қўшиши алоҳида аҳамиятга эга”, дейилади президент табригида.

Миллий журналистикага нисбатан президент Каримовнинг бундай ёндошуви сабаб бу йил мазкур жабҳада айниқса хавфсизлик хизматларининг роли ошгани кузатилди. Миллий хавфсизлик хизмати томонидан интернетга чеклов қўйиш билан бир қаторда расмий Тошкент нуқтаи назарини акслантирувчи интернет саҳифалари кўпайиб бормоқда. Айни пайтда мамлакат телевидениесида хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорликда тайёрлангани яширилмаган ҳужжатли филмлар мамлакат бўйлаб намойиш этила бошланди.

Режим танқидчилари таниқли имомлар ва бир қатор журналистлар эктремизмда ва террорчилик амалиётларини содир этганликда очиқдан-очиқ айбланди. Улардан бири таниқли имом Обидхон қори Назаров хавфсизлик хизматлари ходимларининг матбуотга аралашишлари кўнгилсиз оқибатларга олиб келишидан огоҳлантиради.

- Бу нарса кучайтириладиган бўлса, журналистлар яна ҳам ёлғончи бўлишади. Яхши одамларга, оддий одамлар туҳмат ёғдириш улкан жиноятлардан бир ўзи бу, дейди Обидхон Назаров.

Журналистлар ҳуқуқларини ва сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар бу йили Ўзбекистонда сўз эркинлиги янада бўғилганлигини қайд этмоқда. Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 10 йилдан буён эълон қилиб келаётган “Эркин матбуотга ҳужум қилувчи йиртқичлар” рўйхатидан президент Каримов тушмай келаётир.


Ташкилотга кўра, Ўзбекистондаги журналистлар қашшоқлик, аҳоли саломатлиги каби оддий муаммоларни ҳам кескин кўтариб чиқсалар, уларнинг “душман” деган тамғани олиши ва бемаъни айбловлар билан қамалиши ҳеч гап эмас.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Хайрулла Ҳамидов, Дилмурод Саййид, Баҳром Иброҳимов, Даврон Кабилов, Равшанбек Вафоев, Абдулазиз Дадахонов, Ботирбек Эшқўзиев, Солижон Абдураҳмонов, Жамшид Каримов, Юсуф Рўзимуродов ҳамда Муҳаммад Бекжонларни дарҳол озод этишга чақиради. Бироқ ҳозирча қамалган журналистларнинг ушбу рўйхати йил сайин узайиб бормоқда.

"Мамлакатда оз сонли мустақил ёки хорижий журналистлар қолиб ишлаётгани рост, бироқ уларнинг фаолияти ҳам қаттиқ назорат остига олинган"¸ дейди шу йилнинг ўзида икки марта вақтинча ҳибсга олинган журналист Алексей Волосевич.


- Журналистнинг мутлақо ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ. Ўзимнинг тажрибамдан биламан, агар сизни милиция ходими ушласа, ундан: “Сиз журналистнинг профессионал фаолиятига аралашаётганингизни биласизми?” деган риторик савол сўрашингиз мумкин. Лекин бу ходим ҳар эҳтимолга қарши журналистни ҳибсга олганим маъқулроқ деб билади, дейди Волосевич.

Ўзбекистонда журналистларни қамаш амалиётини Алексей Волосевич лотереяга ўхшатади.


- Ҳамкасбларимга ҳеч қандай тавсияларим ёрдам бермайди, бу мисли бир лотереяга ўхшайди, бугун омад кулиб боқмаса, қамоққа кириб кетаверасиз, дейди у.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида президент Каримов ҳам барча журналистларга сиҳат-саломатлик, бахт ва энг муҳими, омад тилаб қолади.

XS
SM
MD
LG