Линклар

Қирғизистон: янги конституция маъқулланди


Қирғизистон муваққат ҳукумати якшанба кунги референдумда янги конституция маъқулланганини маълум қилди.

Қирғизистонда этник хунрезликлар ва сиёсий бўҳрондан кейин ўтказилган референдумда овозга қўйилган конституция лойиҳасида мамлакатда парламент ҳокимиятини ўрнатиш кўзда тутилган.

- Бу республикамиз учун тарихий кундир. Референдум бўлиб ўтди ва Қирғиз Республикасининг янги конституцияси қабул қилинди, деб ҳисоблаймиз. У мухолифларнинг қаттиқ қарама-қаршилигига қарамасдан қабул қилинди. Мамлакат фуқароларининг ярмидан кўпи референдумда овоз берди ва халқ бу билан аввалги икки президентнинг авторитар ва оилавий ҳукмдорлиги даврига катта нуқта қўйди, деди овоз бериш участкалари ёпилгандан кейин чиқиш қилган Қирғизистон муваққат ҳукумати раисаси Роза Ўтунбоева.

Марказий сайлов комиссияси овоз бериш участкаларининг ярмидан кўпроғидан олинган маълумотларга асосланиб, дастлабки натижаларни эълон қилди. Уларга кўра, овоз берганларнинг 90 фоизига яқини янги конституцияни маъқуллаган. Якуний натижаларнинг келаси икки кун ичида эълон қилиниши кутилмоқда. Референдумда сайловчиларнинг 70 фоизи иштирок қилгани айтилмоқда.

Янги конституцияда президент ваколатларининг кескин қисқартирилиши ва Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги биринчи парламент республикасига айланиши кўзда тутилган.

Якшанба кунги референдум мамлакат жанубида, расмий маълумотларга кўра, 294 киши ҳалок бўлган ва 400 мингга яқин одам ўз уйларини ташлаб кетишига сабаб бўлган этник хунрезликлардан кейин ўтказилди. У октябр ойига белгиланган парламент сайловларига йўл очиб беради.

Ўтунбоева ҳукумати апрел ойида президент Қурманбек Бакиевнинг ағдарилишига олиб келган халқ қўзғолони оқибатида ҳокимиятга келди.

Айни пайтда Россия Президенти Дмитрий Медведев Қирғизистонда парламент республикасининг ўрнатилиши “давлатчиликнинг емирилишига” олиб келиши мумкинлиги каби таҳликаларни юзага келтиришини баён қилди. Медведевга кўра, бунинг олдини олиши учун мамлакатда яхши ташкил қилинган кучли ҳукумат лозимдир.
XS
SM
MD
LG