Линклар

logo-print

Қирғиз расмийларига кўра¸ якшанба кунги референдумда сайловчиларнинг қарийб 70 фоизи иштирок этган ва уларнинг 90 фоизи янги конституцияни қўллаб овоз берган. Қирғизистонлик ўзбеклар эса¸ эндиликда жанубдаги вазиятнинг изга тушишига умид қилмоқда.

Якшанба куни бўлиб ўтган референдумда энг кам сайловчи қатнашган ҳудуд, Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Ўш шаҳри бўлди. Бироқ икки ҳафта аввал олов ичида қолган бу шаҳарда ҳам 27 июн куни соат 20.00 гача сайловчиларнинг 51 фоизи овоз берди. Мамлакат шимолий ҳудудларида эса референдумга қатнашган сайловчилар миқдори 80 фоиздан ошиб кетгани ҳақида хабар қилинмоқда.

Овоз бериш жараёни якунланганидан кейин Муваққат ҳукумат раисаси референдумда қатнашган қирғизистонликларга миннатдорчилик изҳор қиларкан, янги конституциянинг қабул қилиниши аввалги оилавий авторитар режимларга нуқта қўярини айтди.

- Биз республика жанубидаги фожеавий воқеалар чоғида ҳалок бўлганлар хотирасини эъзозлаймиз ва уларнинг яраларини тузатиш учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз. Халқ бугун оилавий режимга “йўқ” дея жавоб берди. Янги конституция коррупцияга ҳуқуқий тўсиқ қўяди, йиллар давомида барпо қилинган халқ пулини ўмариш схемасини бузиб ташлайди. Бу бизга янги йўллар, мактаблар, боғчалар қуришга, нафақаларни, ўқитувчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ойлигини оширишга имкон яратиб беради, деди Роза Ўтунбаева.

Шунингдек, муваққат ҳукумат раисаси уйлари куйиб ва бузилиб кетган кишиларни қиш киргунча турар-жой билан таъминлаш биринчи галдаги вазифа эканини қайд этди.

Ўтунбоевага кўра, Ўш ва Жалолобод шаҳарларини тиклаш бўйича махсус дирекция тузилиб, Жантўрў Сатибалдиев бошчилигидаги бу дирекция ўз олдига қўйилган вазифаларни адо этишга киришган.

Айни пайтда муваққат ҳукумат раисаси ҳозирги пайтда Ўшдаги вазият анча мураккаб эканини айтиб, Ўшдаги оммавий тартибсизликларга 40 кун тўлиши муносабати билан воқеалар динамикаси ўзгариши мумкинлигини истисно қилмади. Ўтунбоева бу кунларда “эҳтирослар жунбушга келиши мумкин”лигини тахмин қилади.

Муваққат ҳукумат раисаси шу кунда КХШТнинг 10 вакили “ёрдам керак бўлган заиф нуқталарни аниқлаш” бўйича Ўшда фаолият юритаётганини қайд этиб, ташкилот Қирғизистонга ҳарбий-техник ёрдам кўрсатишига умид билдирди.

Шу билан бирга, Ўтунбоеванинг айтишича, ЕХҲТ ҳам Қирғизистон жанубига полиция контингенти киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Аснода муваққат ҳукумат раисаси ҳозирча мамлакатда барқарорликни сақлаш учун ички кучлар етарли эканини, халқ дружиналари ўзига хос феноменга айланганини ҳам таъкидлади.

Қирғизистон расмийларининг умидлантирувчи баёнотларига қарамай, ўшлик ва жалолободлик ўзбеклар ҳали-ҳануз ўз хавфсизлиги таъминланишига ишонмаяптилар. Улар 28 июндан мамлакат жанубида қайта жорий қилинадиган ва 10 августгача амалда бўладиган комендантлик соатидан фойдаланган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари элни хўрлаш ва талаш амалиётини давом эттириши мумкинлигидан хавотир олмоқдалар. Ўшликларга кўра, ҳозирча уларга ҳеч ким бу бошбошдоқликни тўхтатиш ҳақида ваъда берган эмас.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг кўпчилиги 27 июн куни бўлиб ўтган референдумда қатнашиб, мамлакатда легитим ҳокимият ўрнатилишига ўз ҳиссаларини қўшганини айтмоқдалар. Улар мамлакатда қонуний ҳокимият пайдо бўлиши билан мамлакат жанубида бошбошдоқлик, қонунсизлик ва ҳақсизликка чек қўйилишига умид қилаётганларини яширмаяптилар.

Эслатиб ўтамиз, 10 июн куни Ўшда бошланиб, кейинчалик Жалолобод вилоятида давом этган хунрезликларда, расмий маълумотларга кўра, 294 киши, норасмий манбаларга кўра, 2000 дан ортиқроқ киши нобуд бўлган, минглаб кишилар жароҳатланган ва уй-жойсиз қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG