Линклар

Тожикистонга тегишли вагонларнинг ойлаб Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилиши мамлакат иқтисодиётига катта зарар етказмоқда. Шу боис республика хукумати Ўзбекистонни четлаб ўтадиган темир йўл қурилиши борасида қатор лойиҳаларни ишлаб чиқди.

Ана шундай лойиҳалардан бири Тожикистонни Афғонистон билан туташтирувчи Ваҳдат - Ёвон темир йўл қурилишини Хитой Халқ Республикаси ўз зиммасига олди.

Қиймати 180 миллион долларга тенг бўлган 46 километрли Ёвон – Ваҳдат темир йўли шарқий Душанбени республиканинг жанубий қисми билан боғлайди.

Лойиҳанинг дастлабки қиймати 140 миллион доллар этиб белгиланган эди. Хитой Халқ Республикасининг Chine ROE ширкати мазкур қурилишни ўз зиммасига олар экан, лойиҳа қийматини 180 миллион доллар этиб белгилади.

Мазкур темир йўл қурилиши ўтган 2009 йилда бошланиши керак эди. Бироқ инвесторлар топилмагач, қурилиш ишлари қоғозда қолиб кетаверди.

- Тожикистон президенти июн ойи бошларида Хитой Халк Республикаси Шинжон Уйғур мухтор вилоятига сафар қилган чоғида мана шу йўл қурилиши бўйича ҳужжатлар имзоланди. Айни пайтда хитойлик мутахассислар йўл қурилиш хужжатларини ўрганишмоқда, дейди Тожикистон темир йўллари ширкати вакили Андрей Тропин.

Мутахассисларга кўра, янги темир йўл масофани уч бараварга, яъни 152 километрга қисқартиради. Бу эса ўз навбатида ҳам вақт, ҳам сарф-харажат жиҳатдан фуқаролар учун анча қулайликлар туғдиради.

Айни пайтда мустақил таҳлилчилар Тожикистонни яқин келажакда Афғонистон ва яна қатор Шарқ мамлакатлари билан боғлайдиган Ваҳдат-Ёвон темир йўл тармоғи тожикистонликлар учун янги имкониятлар очиши билан биргаликда минтақа учун янги муаммолар туғдириши мумкинлигини ҳам айтмоқдалар.

- Дунёда наркотик моддалар ишлаб чиқариш манбаи бўлган Афғонистон билан мамлакатимиз ўртасида темир йўл қурилиши бу минтақа давлатлари ва улар орқали ғарб давлатларига наркотиклар олиб чиқилиши учун махсус дарвоза очилишини ҳам англатади. Поездлар орқали банг моддаларини олиб ўтишнинг қулайликлари жуда кўп. Бу янги йўлни Афғонистон билан боғлашдан аввал раҳбарлар наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрмоғи лозим, дейди мустақил таҳлилчи Тожинисо Каримова.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистонни Афғонистон билан туташтирувчи “Қуйи Панж” кўприги қурилиб, ишга туширилганидан сўнг афғон наркотикларининг Тожикистон ва у орқали минтақа давлатларига кенг тарқалиши учун катта имкониятлар яратилгани ҳаммага маълум.

Бироқ мазкур темир йўл қурилиши Душанбе бозорларига мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бераётган хатлонликлар томонидан яхши кутиб олинди. Айни пайтда темир йўл йўқлиги туфайли тижоратчилар ўз маҳсулотларини асосан автомобилларда ташимоқдалар.

- Бу биз учун жуда қимматга тушаяпти. Айтайлик, Ваҳдатгача таксида борадиган бўлсак, 40-50 сомоний (тахминан 9-11 АҚШ доллари – таҳр.) сарфлашга тўғри келади. Агар темир йўл қурилса, тижоратчиларга яхши бўларди, поезд арзонроқ олиб боради, узоғимиз яқин бўларди, дейди ўзини Мағфират деб таништирган аёл.

Тожикистон темир йўллари ширкати вакили Андрей Тропин сўзларига кўра, баҳорги экин-тикин мавсумида ёғингарчилик мўл бўлгани туфайли сел ювиб кетган ҳудудларда техника ишламади, экинлар ўз вақтида экилмади. Оқибатда ерга уруғ қадаш кампанияси тўхтаб қолди ва деҳқонлар ерни уч аср илгари каби қўл омочлари ва эшаклар ёрдамида ишлашларига тўғри келган, зарур юклар етиб келмагани сабабли Тожикистон иқтисоди 7 миллион АҚШ долларидан зиёд зарар кўрган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон темир йўллари жорий йил март ойидан июн ойига қадар фақат инсонпарварлик ёрдам юкланган вагонларнинг қарийиб 400 таси ўтказди, холос.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида юк вагонларини ўтказиш бўйича муаммо юзага келганидан сўнг “Эрон темир йўллари” ширкати расмийлари “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати раҳбарларига огоҳлантириш мактуби жўнатган эди. Мактубда Ўзбекистон томони Тожикистонга тегишли вагонлар блокадасини давом эттираверса, Эрон томони, ўз навбатида, Ўзбекистон вагонларини Эрон ҳудудидан ўтказишни таъқиқлаши айтилган эди. Шундан кейин Ўзбекистон томони фақат Сангтўда-2 ГЭСи учун тегишли вагонлар ўтишига ижозат берганди.
XS
SM
MD
LG