Линклар

Медведев Қирғизистондаги ўзгаришларга шубҳа билдирди



Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари Қирғизистонда 27 июн куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумига ижобий баҳо бердилар.

- Қирғизистон муваққат ҳукуматининг мамлакатдаги вазият оғир бўлишига қарамай¸ тинч референдум ўтказиш учун шарт-шароит яратишга муваффақ бўлгани¸ олқишлашга сазовордир. Бироқ референдум давомида бир қатор камчиликлар ҳам қайд этилди ва бу муаммолар кузда ўтказилажак парламент сайлови арафасида инобатга олиниши лозим, деди бугун Бишкекда чиқиш қилган ЕХҲТ миссияси вакили Борис Фрлец.

Қирғизистонда қабул қилинган янги конституцияда президент ваколатларининг кескин қисқартирилиши ва Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги биринчи парламент республикасига айланиши кўзда тутилган.

Айни пайтда Россия президенти Дмитрий Медведев Қирғизистоннинг парламент республикасига айланишини савол остига олди.

- Парламент республикаси моделининг қандай қилиб Қирғизистонда ишлаб кетиши мумкинлигини тассавур қила олмаяпман. Бу нарса парламентдаги тинимсиз тортишувлар ва муаммоларга олиб келмайдими? Ҳокимиятга у ёки бу кучларнинг келиши, бундан ташқари ҳокимиятнинг ҳеч қандай назоратсиз бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиши, охир-оқибат экстремистик руҳдаги кучларнинг ҳокимиятга келишига хизмат қилмайдими? деди Дмитрий Медведев Канаданинг Торонто шаҳрида қилган баëнотида.
XS
SM
MD
LG