Линклар

logo-print

Қирғизистон референдуми: ЕХҲТ олқишласа¸ Россия ташвишда


Жанубда референдум ана шундай ўтди.

Жанубда референдум ана шундай ўтди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистонда янги конституция лойиҳаси бўйича ўтказилган референдумни¸ умумиятла “шаффоф тадбир” дея олқишлади. Россия президенти эса¸ аксинча¸ Қирғизистоннинг референдумдан кейинги келажаги борасида ташвиш билдирди.


Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийларига кўра¸ 27 июн кунги референдумда қатнашганларнинг қарийб 90 фоизи Марказий Осиëда илк парламент бошқарувига асосланган давлат тузилишини ëқлаб овоз берган.

Сайлов мутасаддиларининг айтишича¸ мамлакат жанубидаги хунрезликлардан икки ҳафтача кейин ўтказилган референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга 2 миллион 700 минг қирғизистонликнинг 70 фоизга яқини иштирок этган. Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар оқибатида¸ расмий рақамларга кўра¸ 270 одам нобуд бўлди¸ 400 мингдан ошиқ уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди – уларнинг аксарияти ўзбеклардир.

Душанба куни эълон қилинган баëнотда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти¸ Қирғизистондаги вазиятнинг мураккаблигини таъкидлай туриб¸ мамлакат жанубида юзага келган қўрқув ва қўрқитиш муҳити потенциал овоз берувчиларни уйдан чиқмасликка мажбурлаганини эътироф этди.

ЕХҲТ¸ шунингдек маҳаллий кузатувчилар¸ референдум давомида камчиликлар¸ хусусан варақаларни нотўғри санаш ҳоллари бўлганини қайд етишди. Уларга кўра¸ айрим овоз бериш участкаларида бир шахснинг бир неча марта овоз бериши олдини олувчи ҳужжат текшириш амалиëти ҳам амалга оширилмаган.

Бундай ҳолни шарҳлаган ЕХҲТ кузатувчилари¸ уй-жойи ва ҳужжатларидан айрилганларнинг овоз бериш жараëнида қатнашишларини таъминлаш учун шундай ишга қўл урилган бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этди.

- Референдумнинг Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлардан икки ҳафта кейин ниҳоятда мураккаб бир муҳитда ўтказилганини инобатга олган ҳолда¸ муваққат ҳукумат ва бошқа расмийларнинг бу тадбирни тинч ўтказишга муваффақ бўлгани олқишга сазовордир¸ деди ЕХҲТ қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси кузатувчилари гуруҳи раҳбари Борис Фрлец.

27 июн кунги референдумнинг 7 апрел кунги тўнтаришдан сўнг ҳокимиятга келган муваққат ҳукуматни легитимлаштиргани ҳам айтилмоқда.

- Жуда камтар бир тарзда ўтказиладиган қасамëд маросимида¸ менга 2007 йилги конституцияга мувофиқ¸ президентлик ваколатлари берилади. Сўнгра мен янги ҳукумат ташкил қиламан. Бу ҳукумат энди муваққат деб аталмайди¸ тузилажак ҳукуматни инглизча қилиб¸ “caretaker government” дейиш мумкин бўлади¸ деди референдум тугагач ўтказилган матбуот анжуманида Роза Ўтунбаева.

Қирғизистонда қабул қилингани айтилаëтган янги конституция президент ваколатларини кескин қисқартириб¸ аксинча парламент ваколатларини оширишни кўзда тутади.

Ўтунбаевага кўра¸ овоз берувчилар икки президент даврида бир оиланинг авторитар ҳукмронлигига чек қўйишга қарор қилганлар.

Ўтунбаева каби Бишкек расмийлари Марказий Осиëда илк бора парламент демократияси учун замин яратилганини даъво қилаëтган айни пайтда¸ Россия президенти¸ асли ҳуқуқшунос Дмитрий Медведев парламент бошқаруви тизимининг Қирғизистонда иш беришига жиддий шубҳа билдирди.

- Парламент республикаси моделининг қандай қилиб Қирғизистонда ишлаб кетишини тассавур ҳам қила олмаяпман. Бу нарса парламентдаги тинимсиз тортишув ва муаммоларга олиб келмайдими? Ҳокимиятга у ёки бу кучларнинг келиши, бундан ташқари ҳокимиятнинг ҳеч қандай назоратсиз бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиши, охир-оқибат экстремистик руҳдаги кучларнинг ҳокимиятга келишига хизмат қилмайдими? деди қирғиз референдумига муносабат билдирган Медведев.

Айни пайтда¸ Қирғизистоннинг ëн қўшниси Тожикистон референдум натижасини олқишлади ва Қирғизистон халқи танлаган ҳукумат билан бирга ишлашга ҳозирлигини билдирди.

Бошқа қўшнилар эса ҳозирча бу борада сукут сақламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG