Линклар

logo-print

Россия Қирғизистонга нисбатан тийилиб туришга қарор қилди


Россия матбуоти хабарларига кўра¸ Россия Қирғизистонда яна бир ҳарбий база қуришга оид бир неча йиллик режасини ҳам вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилган.

Россия матбуоти хабарларига кўра¸ Россия Қирғизистонда яна бир ҳарбий база қуришга оид бир неча йиллик режасини ҳам вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилган.

Қирғизистоннинг МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб президент бошқарувидан парламент тузумига ўтишга қарор қилганини хавотир билан кузатиб турган Кремл раҳбарияти¸ бу мамлакатдаги вазият изга тушгунга қадар¸ кутиш сиëсатини қўллашга қарор қилган кўринади.


Россия президенти Дмитрий Медведев Катта йигирмаликнинг Торонто саммитида сўзлаган нутқида¸ ҳозиргидек қалтис вазиятда Қирғизистонни президент бошқарувидан парламент республикасига айлантириш уринишлари оқибатига жиддий шубҳа билдирди:

- Парламент республикаси моделининг қандай қилиб Қирғизистонда ишлаб кетишини тассавур ҳам қила олмаяпман. Бу нарса парламентдаги тинимсиз тортишув ва муаммоларга олиб келмайдими? Ҳокимиятга у ёки бу кучларнинг келиши, бундан ташқари ҳокимиятнинг ҳеч қандай назоратсиз бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиши, охир-оқибат экстремистик руҳдаги кучларнинг ҳокимиятга келишига хизмат қилмайдими? деди жаноб Медведев Канада анжуманида қилган баëнотида.

Дмитрий Медведев, "сайловлар ортидан Қирғизистонда ҳокимият тепасига ана шу муаммоларни бартараф этишга қодир ҳукумат келишига умид қилинаëтгани, акс ҳолда Қирғизистондаги вазиятнинг янада ёмонлашиб, ҳатто мамлакатнинг парчаланиб кетиши мумкинлиги" хусусида ташвиш билдирди.

Бундай хавотирлар баробарида Россия президенти Медведев¸ Қирғизистоннинг мустақил давлат экани ва қандай бошқарув шаклини танлаш - бу мамлакатнинг “ички иши” эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Торонтодани чиқишида Кремл раҳбари Россияда Қирғизистонга "махсус тинчликни сақлаш кучлари"ни юбориш режаси йўқлигини яна бир бор маълум қилди¸ айни пайтда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти кучларининг тинчлик ўрнатиш жараëнига аралашув эҳтимолини назардан соқит этмади.

Медведев баëноти билан айни кунда Россия оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарларга кўра, Россия Марказий Осиё давлатларига нисбатан тийилиб туриш сиёсатини олиб боришни маъқул кўрмоқда.

“Коммерсантъ” газетасининг ёзишича, Россия ҳукумати Қирғизистондаги ўз ҳарбий потенциалини кенгайтириш уринишларини ҳам вақтинча тўхтатишга қарор қилган. Хусусан¸ Қирғизистонда ҳарбий ўқув маркази тузилиши, Бакиев даврида бошланган Қирғизистон жанубида иккинчи Россия ҳарбий базасини ўрнатиш режалари ижроси ҳам номаълум муддатга кечиктирилган.

Айни вазиятда, Россия Бош вазири биринчи ўринбосари Игорь Шуваловнинг Божхоналар иттифоқига аъзо давлатларни (Россия, Қозоғистон, Беларус) МДҲ давлатлари билан бож тўловларини эскича шаклда қолдирмаслик ва уларга берилган муайян имтиёзларни тўхтатиш чақириғи ҳам¸ Москванинг Марказий Осиë республикаларига нисбатан янгича эҳтиëткорлик билан ëндашаëтгани аломати сифатида кўринмоқда.

Россиянинг юқорида зикр этилган ҳатти-ҳаракатларини изоҳлаган МДҲ давлатлари институти директор муовини Владимир Жарихин буни “кутиш” сиёсати дея баҳолади:

- Медведевнинг Қирғизистонда парламент республикаси истиқболига ишончсизлиги унинг Россиядаги парламент республикаси истиқболига нисбатан ишончсизлигидан келиб чиқади. Бу ерда етарли шароит етишмаган. Биринчи сабаби - ҳатто энг тараққий этган Ғарбий Европа парламент республикаларида ҳам қироллик ҳокимияти мувозанат учун сақланиб келинмоқда. Бу¸ албатта¸ бежиз эмас. Монархия, масалан Испанияда, айниқса нотинч даврларда¸ ўзининг зарурлигини аллақачон исботлади. Германияда бундай барқарорлаштирувчилик вазифасини АҚШ қўшинлари бажаради.

Иккинчидан, президент бошқарувидаги республикаларда ҳокимият бошқаруви вертикал тарзда амалга оширилади, яъни амалдорлар орқали. Парламент республикаларида ҳокимият бошқарувчи партия ёки коалиция орқали амалга оширилади. МДҲ давлатларида партиялар якка ҳокимлик, лидерликка таянади, яъни оммавийликка эмас. Бундай ҳолатда вертикал бошқарув иш бермайди, хаос бошланади, дейди Владимир Жарихин.

Бу сиёсатшунос ¸ ҳатто ярим-парламент бошқарувининг Украина ва Молдовага киритилиши бу мамлакатларни парокандаликка олиб келганини ўзи ва ҳуқуқшунос Медведев хавотирларини асословчи мисол тариқасида тилга олди. Қирғизистон муваққат ҳукуматининг давлат бошқаруви шаклини ўзгартириш қарорини эса Жарихин шундай тушунтирди:

- Бундай бошқарув усулини Қирғизистон муваққат ҳукумати парламент тузумига нисбатан ўз ҳурматининг катта эканлигидан эмас, балки президентликка келадиган янги одам Ақаев ва Бакиев қилган иш - яна уруғ-аймоқчилик ҳокимияти бошланишидан қўрқиб жорий қилмоқда. Шу сабабли Медведев Қирғизистонда парламент тузуми истиқболига шубҳа билан қарашини яширмади, дейди Владимир Жарихин.

Бутун бошли давлат келажаги катта савол остида қолаëтган ҳозирги қалтис вазиятда Москванинг Қирғизистонга нисбатан тийилиб туриш¸ ëинки кутиш сиëсатини қўллашини тушунса бўлади¸ дейди МДҲ давлатлари бўйича россиялик бу таҳлилчи:

- Қирғизистон ҳукумати ўз ҳокимиятини расмийлаштирмагунга қадар нафақат Россия, балки бошқа мамлакатлар ҳам бу ердаги ўз иқтисодий-сиёсий лойиҳаларини музлатишга киришади. Тасаввур қилинг, янги парламент ҳокимиятни қўлга олиб “Республикамиздан йўқолинглар!” десачи? Шу сабабли Медведев бирор бир ҳаракатга киришишдан аввал бу ўзгаришларнинг эртага қайга элтишини кутади, дейди Москвадаги МДҲ давлатлари институти директор муовини Владимир Жарихин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG