Линклар

Катта йигирмалик ўз диққатини иқтисод муаммоларига қаратди


АҚШ президенти Барак Обама ҳукуматларни ўз диққатини иқтисодни барқарорлаштиришга қаратишга ундади.

АҚШ президенти Барак Обама ҳукуматларни ўз диққатини иқтисодни барқарорлаштиришга қаратишга ундади.

Канаданинг Торонто шаҳрида учрашган Катта йигирмалик етакчилари барқарор глобал иқтисодни барпо қилиш масаласи бўйича келишиб олдилар.


Икки кун давом этган саммит якунида қабул қилинган декларацияда айтилишича, жаҳоннинг қудратли давлатлари истеъмолчилар талабини юқори даражада ушлаб туриш билан бир қаторда 2013 йилга қадар давлат бюджетидаги камомадни кескин қисқартиришга келишиб олганлар.

Қудратли давлатлар етакчиларининг Канадада бўлиб ўтган саммитида асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди.

Катта йигирмаликка кирувчи энг бадавлат ва ривожланган давлат раҳбарлари саммитидан сўнг қабул қилинган якуний декларацияда нафақат давлат бюджетидаги камомадни қисқартириш, балки 2016 йилгача давлат қарзларини ҳам “барқарорлаштириш” борасида келишуга эришилгани қайд этилди.

Айни пайтда қудратли давлат етакчилари иқтисодни жонлаштиришга қаратилган дастурлар, яъни ҳукуматлар томонидан кўрилаётган фавқулодда ёрдам дастурларини давом эттириш ва амалга оширишга келишиб олдилар. Айнан ҳукуматлар томонидан жорий этилаётган фавқулодда ёрдам дастурлари кўпгина давлат раҳбарларининг ўзаро тортишувларига сабаб бўлаётган эди.

АҚШ президенти Барак Обама бор диққат-эътиборни бюджет камомадини қисқартириш масаласига қаратиш иқтисодни жонлантириш юзасидан қилинган уринишларга путур етказиши ҳамда жаҳон иқтисодини қайта жар ёқасига етаклаши хусусида огоҳлантирди. Обама фикрича, ҳозирга пайтда асосий эътибор иқтисодни барқарорлаштириш борасида қилинаётган дастур ва ҳаракатларга қаратилиши лозим.

Бироқ Европа давлатлари таъкидича, Европада юзага чиққан қарз билан боғлиқ можаро ва давлат бюджетидаги камомад иқтисоднинг ўсишига тўсиқ яратмоқда ва Грециядаги каби бўҳроннинг яна қайтарилишини олдини олиш мақсадида бу каби муаммолар ҳозирданоқ ҳал этилиши лозим.

Катта йигирмалик етакчилари, шунингдек иқтисоди тараққий этаётган айрим давлатларни ўз валюталари учун эркин алмашинув шароити яратиб беришга чақирдилар. Мазкур чақириқда Хитой тилга олинмаган бўлсада, ушбу баёнотнинг айнан бир неча йилдан буён ўз пул бирлиги юан қийматини атайлаб паст даражада ушлаб келаëтган Хитой ҳукуматига тегишли экани айтилмоқда.

Канададаги саммит чоғида Хитойга қилинган босим самара берган кўринади. Душанба куни Хитой Марказий банки юан курсини АҚШ долларига нисбатан сўнгги йиллар давомида энг юқори курсда қилиб белгилади.

Бундан бир оз аввал АҚШ президенти Барак Обама ҳам расмий Пекинни юан курсини мустаҳкамлашга чақирган эди.

Канададаги саммитда иқтисодий масалалардан ташқари Шимолий Корея ва Эрон ядровий дастури атрфидаги вазият ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, АҚШ президенти Барак Обама хитойлик ҳамкасби Ху Цзинтаони жорий йилнинг март ойида Жанубий Кореяга тегишли ҳарбий кеманинг Сариқ денгизда чўктирилишида Шимолий Кореянинг қўли борлигини тан олишга ундади.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган халқаро тергов натижасида, Жанубий Кореяга тегишли Чхонан ҳарбий кемасининг 26 март куни Шимолий Корея отган торпедодан чўккани аниқланди. Хитой эса халқаро тергов хулосаларини тан олишдан бош тортиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG