Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:36

Тошкент собиқ прокурорининг қамалгани айтилмоқда


Тошкент шаҳар собиқ прокурорини ҳибсга олиш сўрови¸ айтилишича¸ Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров томонидан киритилган.
Тошкент шаҳар собиқ прокурорини ҳибсга олиш сўрови¸ айтилишича¸ Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров томонидан киритилган.

Ҳуқуқ фаоллари ва айрим интернет нашрларига кўра¸ Тошкент шаҳар собиқ прокурори Баҳриддин Валиев қамоққа олинган. Унга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва катта миқдорда пора олиш айби қўйилган. Собиқ прокурор шу йилнинг 19 май куни ўз вазифасидан бўшатилган эди.



Тошкент шаҳар собиқ прокурорининг ҳибсга олингани ҳақдаги хабарни тасдиқлаш учун дастлаб пойтахт прокуратураси билан боғландик:

Озодлик: Сизларда прокурор Баҳриддин Валиев ишлаяптими?

- Ҳозир йўқлар.

Озодлик: Умуман ишлаяптими ëки йўқми?

- Ҳозир йўқлар.

Озодлик: У кишининг устидан жиноий иш қўзғатилибди. Тўғрими шу гап?

- Хабарим йўқ¸ деди ўзини таништирмаган прокуратура ходими.

Uzmetronom интернет-газетасининг ёзишича, Тошкент шаҳар собиқ прокурори Баҳриддин Валиевнинг қамоққа олишга санкция бериш ҳақида судга ёзилган аризага шахсан республика Бош прокурори Рашид Қодировнинг ўзи имзо чеккан. Интернет-газета бош муҳаррири Сергей Ежковнинг Озодликка айтишича, бу хабарни ишончли манбалар ҳам тасдиқлаган. Дастлабки айбловларга кўра¸ собиқ прокурор мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва катта миқдорда пора олиш билан айбланмоқда.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Суҳроб Исмоиловнинг Озодликка айтишича, у ахборот олган манбага кўра, Баҳриддин Валиевнинг қамоққа олинганига бир ҳафта бўлган. Бироқ айни пайтда Баҳриддин Валиевга қандай айбловлар қўйилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ҳуқуқ фаоли фикрича, Ўзбекистонда прокуратура ходимларининг қамоққа олиниши кузатиб туриладиган воқеа, бироқ прокурорларнинг ҳибсга олиниши камдан-кам учрайдиган ҳодисадир:

- Прокурорларнинг қамоққа олиниши бу янгилик эмас. Терговчилари¸ прокурор ëрдамчилари асосан фуқаролар билан масалаларни норасмий йўллар билан ечишда¸ хусусан пора билан тушишда терговчилар ëки ëрдамчилар иштирок этадида. Прокурор ëрдамчиси деган алоҳида лавозим бор. Прокурорга энг яқини ëрдамчиси бўлади. Кейин терговчилар бўлади. Прокуратура ходимларининг пора билан қўлга тушишлари бўлиб туради. Аммо Валиев даражасидаги ходимнинг ушланиши янгилик бўлса керак. Яқин орада бунақа даражадаги прокуратура ходимининг қўлга олингани ҳақида хабар йўқ эди¸ дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, у собиқ прокурор Баҳриддин Валиев ва унинг қўл остидаги прокуратура фаолиятини яхши билади:

- Биз бир неча йил давомида милиция ва прокуратура ходимларининг қонунларни оёқости қилишаётгани ҳақида Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиевга шикоят аризалари ёзганмиз. Ёлғон бўлмасин, тахминан беш йил давомида бизнинг учта аризамизга прокурор жавоб ёзиб, судларнинг адолатсиз қарорига протест киритган. Қолган минглаб шикоятлар эса прокуратуранинг пўлат сандиқларида чанг босиб ётибди. Прокурор Валиев қабулхонаси эшигига гарчи фуқароларни қабул қилиш кунлари расман ёзиб қўйилган бўлса-да, бироқ, биз ҳуқуқ ҳимоячилари бирор марта ҳам унинг қабулига кира олмаганмиз, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева.

Кузатувчилар¸ Ўзбекистондаги прокуратура тизимининг коррупция ботқоғига ботгани, пора эвазига ҳар қандай жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш мумкинлиги ҳақида бонг урадилар. Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиевга ҳам катта миқдорда пора олиш айблови қўйилгани айтилмоқда.

Бир шаҳар прокурорининг қўлга олингани билан бу тизимдаги коррупцияни йўқотиб бўладими? Прокуратура мамлакатда қонун ижросини том маънода назорат қиладиган ва қонун устиворлигини таъминлашга хизмат қиладиган тизимга айлана оладими?

Бу саволга ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Искандар Худойберганов истеҳзо билан мулозаҳа билдиради:

- Ўзи саволни бериб жавобни ҳам бериб бўлдингиз. Чунки коррупция деган нарсадан фақат қамаш билан қутулиб бўлмайди. Аслида нимадан келиб чиққанини аниқлагандан кейин¸ ўша сабабларини йўқ қилгандан кейин бу нарса бўлмайди.

Озодлик: Ўзбекистонда сабаблари қаерда?

- Асли сабаблари демократия ривожланмаганида. Ана шунда. Ҳамма гап шунда. Демократия ривожланмаган дегани¸ сўз эркинлиги йўқ¸ танлов йўқ. Булар инсон ҳуқуқларининг асоси. Булар бўлмагандан кейин ҳеч нарса бўлмайди. Чунки бизларда матбуотда ëзмайди¸ халқ буни билмайди. Мана шунақа нарса бўлган экан¸ деб журналистлар билмагандан кейин қанақа қилиб курашиб бўлади? Курашиб бўлмайди. Бу ошкор бўлиши керак. Ана шунда бу нарса йўқ бўлади¸ дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Искандар Худойберганов.
XS
SM
MD
LG