Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:58

Ўш ва Жалолободда уйи куйганларга ким ëрдам беради?


Ўшдаги ўзбек маҳаллаларидан бирининг вертолëтдан олинган тасвири.
Ўшдаги ўзбек маҳаллаларидан бирининг вертолëтдан олинган тасвири.

БМТ маълумотига кўра, Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар пайтида Ўш шаҳри марказида 1749 та уй тўлалигича ёниб битган¸ яна 58 та уйга жиддий зарар етган. Жалолобод вилоят ҳукумати эса, вилоятда 354 уйнинг ёниб битгани ҳақида маълум қилди.



Ўш шаҳри марказида жойлашган Ўзбекистон халқ шоири Шавкат Раҳмон номи берилган кўчадаги уйлар¸ қирғин кунлари бутунлай ёниб кулга айланди.

Шоир яшаган уй ўрнида эса бугун фақат култепа қолди¸ холос.

Шоирнинг укаси Маҳмуд Раҳмонов оиласи ҳам бугунги кунда кўчада қолди. 4 фарзанди, 2 келини ва 3 невараси билан қариндошлари уйида яшаётган Маҳмуд Раҳмоновга кўра, уйи бутунлай ёниб битган.

Маҳмуд Раҳмонов: Уйим 6 сўтик эди. Олти хона¸ ошхона ва подвали ҳам бор эди. Бирданига қилмаганмиз. 1992 йилдан бери озгина қисми¸ озгина қисми қилиб қурганмиз. Қўлимизда ортиқча пулимиз бўлганда. 2000 йилгача шу ҳолга келтирганмиз. Битган уйда 10 йил яшадикда энди.

Озодлик: Маҳмуджон ака¸ уйингизнинг қанча фоизи ëнди?

Маҳмуд Раҳмонов: Фақат девори қолдида. 100 фоиз яроқсизда энди.

Озодлик: Қанча зарар кўрганингизни ҳисоблаб кўрдингизми?

- Зарарни энди¸ мисол учун ота-онамиздан қолган¸ аяларимиздан қолган нарсалар эдида энди. 50 йиллик рўзғорда (чуқур хўрсиниб) Келинимнинг сеплари бор эди. Қизимни 18 ёшда узатамиз дегандик. Қизимизга қилиб қўйган сеплар бор эди. Ҳаммаси ёниб кетди. Уйимизга ўт қўйиб бўлгач машинамизни ҳам олиб чиқиб кетишди. Матиз эди¸ дейди Маҳмуд Раҳмонов.

Ўшлик Шарофиддин Собиров уйи ёнган ўнлаб ўшликлардан бири. Унинг айтишича, тахминан 60-70 минг АҚШ доллари турадиган уйидан, бугунги кунда ҳатто деворлари ҳам қолмади.

- Тўққиз хонага қўшилган ошхона¸ яна ҳаммомлар бор эди. Ҳаммаси ёниб кетди. Фақатгина ҳаммом қолди. Бетон билан ўралган бўлгани учун ҳаммомнинг ичи қолган. Қолган ҳаммаси ëниб кетган. Тахминан олганда уйимиз 60-70 минг долларлик уй эди. Ичида мол-мулкларимиз бор эди. 60-70 минг доллар атрофида зарар кўрдик ҳозир биз, дейди Шарофиддин Собиров.

Жалолободлик тадбиркор Дилмурод Турғунбоев эса ёниб битган мол-мулкининг ҳисобини қилар экан, унинг салмоғи анча катта эканини айтади.

- Уйимизнинг ичида ишхонамиз ҳам бор эди. Мебелний цехимиз бор эди. Бу ëқда саккиз хона уйимиз бор эди. 8 сўтик эди. 100 фоиз ëниб кетди. Ҳаттоки темирлар ҳам эриб кетган. Қалин темирлар ҳам эриб кетган. Шишалар эриб оқиб кетган. Ойналар худди пластмасса эриб оқиб кетгандай эриб кетди. Умуман ҳеч нарса қолмади. Ҳатто документларимизни ҳам олиб чиқа олмадик. Ўзимизнинг жонимизни сақлаб қолдик¸ холос. Менинг ишхонамда 10 та оила ишларди. 10 та оилани боқаëтган ишхона эди. Мебелний цехимнинг ўзида 45 минг долларлик нарса бор эди. Янги товарлар¸ нарсаларни олиб келган эдим. Уйимизга эса яқинда харидор келган эди. Сотмаган эдик. 100 минг долларга сўраган эди, бермаган эдик. Ичидаги нарсасини санаманг. Унинг ичида анча нарса бор эди. Ҳаммаси куйиб кетди. Гарнитурларимиз¸ ошхонадаги нарсалар¸ стенкалар – умуман ҳамма хона тўлиқ созланган эдида. Ҳаммаси ёнди, дейди Дилмурод Турғунбоев.

Уйи ёниб уйсиз қолган ўшликлар ҳали ўзлари учун бирор бир кўмак таклиф қилинмаётганидан нолишади.

- Маҳалла кенгашларидан "уйи куйган" деган справка олаяпмиз. Буни олиб бориб пожарний отделлардан справка оламиз экан. Кейин Финполицияга заявление берамиз экан. Шундан кейин бир нарса бўлиши мумкин. Лекин ҳозир ҳеч гап йўқ. Қанақа ëрдам беради¸ қанча суммада ëрдам беради¸ нима қилади ҳеч гап йўқ. Фақат ҳужжатларни тайëрлаб юрибмиз ҳозир, дейди Шарофиддин Собиров.

Ўш вилоят губернатори ўринбосари Талай Зикировга кўра, уйсиз қолган ўшликларга кўмак кўрсатиш бўйича махсус комисия тузилиб иш бошлади.

- Ҳозирда уйлари ёнган одамларнинг руйхати олиниб, вазият ўрганилмоқда. Айни пайтда эса уларга чодирлар ва кўрпа-тўшаклар берилган. Аксар кўпчилик ўз қариндошлари уйида яшаяпти. Уларнинг барчаларига инсонпарварлик ёрдамлари ажратилган, деди 28 июн куни Озодлик суҳбатлашган Талай Зикиров.

Жалолобод вилоят губернатори ўринбосари Тойхўжа Гиёзов эса Озодлик билан суҳбатда уйлари ёнган жалолободликлар учун ҳукумат томонидан уй қуриб берилишини маълум қилди.

Тойхўжа Гиёзов: Бугунги кунда Қирғизистон давлатида махсус дирекция тузилди, шуларнинг ҳаммасини реабилитация қилиб уйларни қуриш бўйича. Шу дирекция орқали¸ Худо хоҳласа¸ уч-тўрт ойнинг ичида уйларни қуриб берамиз¸ деган иш-амаллар бор. Худо хоҳласа¸ шу иш амаллар асосида уч-тўрт ойнинг ичида уйлар қурилиши керак.

Озодлик: Уй аҳолига тайëр ҳолда қуриб бериладими?

Тойхўжа Гиёзов: Ҳа.

Озодлик: Кимнинг ҳисобидан қурилади?

Тойхўжа Гиёзов: Давлат ҳисобидан.

Озодлик: Шунча уйни қуришга давлатнинг қурби етадими?

Тойхўжа Гиёзов: Бугунги кунда керакли маблағларни топамиз. Шунинг устида иш юргизади¸ деб атайин дирекция тузилди. Кеча Ўтунбаева Жантўрў Сатибалдиев деган кишини шу дирекциянинг бош директори қилиб тайинлади. Худо хоҳласа¸ шу ҳафтанинг ичида кўп масалалар ечилишига ҳаракат бўлаяпти.

Озодлик: Қанақа уйлар қурилади? Кўп қаватлими, ҳовлими...

Тойхўжа Гиёзов: Бугунги кунда стандартдаги уйларни қурамиз¸ деган планлар бор. Чоршанба ëки пайшанба куни у киши келади. Бунга атайин комиссия тузилган. Шу комиссия билан бирга ишлаб келажакда қандай қурилиши бўйича иш юргизилади.

Озодлик: Бу уйларнинг қанақа кўринишда бўлиши маълум эмасми ҳали?

Тойхўжа Гиёзов: Йўқ¸ ҳали маълум эмас. Қанақа кўринишда бўлиши комиссия келгандан кейин бирга ўтириб ечилади.

Озодлик: Уч-тўрт ой ичида дедингиз. Шу ишнинг бажарилишга ўзингизнинг кўзингиз етадими?

Тойхўжа Гиёзов: Агар дирекция планли равишда ўз вақтида қурилиш материалларини берса¸ яъни қурилиш қиладиган корхоналар ўз вақтида қурилиш материаллари билан таъминланса¸ тўрт-беш ойда битирса бўлади.

Озодлик: Демак¸ қишгача Жалолободда уйи ëнган одамлар уйли бўлиши мумкин.

- Худо хоҳласа. Шунга планлаштириб турибмиз¸ дейди Тойхўжа Гиëзов.

Жалолобод вилоят губернатори ўринбосари Тойхўжа Гиёзовга кўра, айни пайтда жабрланганларга товон пули берилиш масаласи очиқ турибди.

Озодлик: Бундан ташқари жабрланган одамларга компенсация кўринишида бирор нарса бериладими?

Тойхўжа Гиёзов: Бугунги кунда бу масалаларнинг ҳаммаси дирекция орқали махсус тузилган давлат комиссияси орқали тахланаяпти. Ҳозир берилади ëки берилмайди¸ деб айтиш қийин. Биз бу масалаларни ҳам вақтли ҳукуматга қўяяпмиз. Ҳали буни қўшимча яна айтиш керак.

Озодлик: Демак¸ бу ҳали номаълум.

- Ҳа. Ҳозир биринчи навбатда уйларни тиклаш керак. Кейинги ишлар махсус комиссиянинг нималарига қараб бўлади, деди Жалолобод вилоят губернатори ўринбосари Тойхўжа Гиёзов.
XS
SM
MD
LG