Линклар

Ўш ва Жалолободда қайта комендантлик соати жорий қилинди

  • Барно Анвар

Ўшнинг вайронага айланган маҳаллаларидан бирида пайдо бўлган кўча бозори.

Ўшнинг вайронага айланган маҳаллаларидан бирида пайдо бўлган кўча бозори.

28 июн кунидан бошлаб тунги соат 10 дан эрталабки соат 6 га қадар уйидан чиқмаслик буюрилган шаҳарликларнинг аксарияти якшанба куни ўтган референдумдан сўнг қўрқув ўрнашган қалбларга туби йўқ тушкунлик кайфияти ҳам чўкканидан сўзламоқдалар.



Ўшнинг Жийдалик маҳалласида яшайдиган суҳбатдошимиз Мамир аканинг сўзларига қараганда, ҳозир Ўшда, умуман олганда сокинлик, аммо бу сокинлик замирида жуда чуқур тушкунлик бор.

- Умуман олганда¸ отишма¸ ўқ овозлари тўхтади. Лекин очисткаси одамни жуда хорлаб юбораяптида. Келган одам ҳам нима учун келганини биладида. У қурол истамайди. Чунки у нарса у ерда йўқ. Фақат пул истаяпти¸ қимматбаҳо буюм бўлса¸ шуни олиш ҳаракатида. Солдатларнинг мақсади фақат шу.

Озодлик: Шаҳарнинг қайси қисмида?

- Энди ҳозир мен масъулият билан мана бу ерда деб айта олмайман¸ аммо ҳозир Дўстлик мавзеи тарафда бўлаяпти. Бу Ўзбекистонга яқин ер.

Озодлик: Кимнидир ҳибсга олиш¸ дўппослаш ҳоллари кузатилмадими?

- Эшитган миш-мишларим оғзимдан чиқмайди. Ҳозирги пайтда менинг ўзимнинг кўрганларим йўқ. Миш-мишлар кўп.

Озодлик: Ҳаëт қандай?

- Ҳаëт энди¸ бирор нарсани ўйлашга ҳам нима бўлиб турибмиз. Шунча нарсани қилиб кетаверишса¸ битта одам “Ўт қўйганлардан биттаси қўлга тушди. Суд бўлаяпти” демаса. Бирорта бош кўтарган одамни “Ундан қурол чиқди¸ у чиқди” деб нима қилаверса. Ëш болалар ишониши мумкин. Бошқалар ишонмайдику. Телевидениеда фақат иккитаси ярашаяпти ëки бўлмаса “Қирғиз миллатига мансуб биродарларимиз қидирилаяпти. Қирғиз миллатига мансуб биродарларимиз касалхонада ëтибди” ва ҳоказо. Бирорта ўзбек қидирилмаяпти¸ “бирорта ўзбек ўлди” деган гап йўқ. 99 фоиз ëқилган уйларга мана бугунгача ҳали бир сўм олганимиз йўқ. Ëки бирортаси “Уйингни ëқиб юборибди. Кечириб қўй” дегани йўқ. Шунақа тушкунликда турибмиз. Ҳамма ўзбеклар тушкунликда. Дунë ҳамжамиятидан умидимиз бор¸ дейди Мамир ака.

Ўш шаҳрининг Ўш кўчасида яшайдиган суҳбатдошимиз Зафар ака эса зоҳиран тинчлик кўринса-да, одамларнинг қалбини қўрқув тарк этмагани боис¸ дадил кўча-кўйга чиқаётган ўзбек оз, дейди.

- Шаҳарда сукунат.

Озодлик: Рейдлар¸ уйма-уй юриб текширувлар¸ у ердан бу ердан уни-буни олиб чиқиб кетибди¸ деган гаплар бўлаяптими?

- Бўладида¸ бўлмай қўядими.

Озодлик: Ҳали ҳам давом этаяптими?

- Ҳа.

Озодлик: Масалан¸ бугун шунақа ишлар бўлганини эшитдингизми?

- Энди миш-миш. Менда аниқ маълумот эмас. Мен ўзимнинг кўчамдан чиқаëтганим йўқ. Қаерда нима бор¸ деб мен йиғиб келаëтганим йўқ.

Озодлик: Ҳозир ҳам ҳамма уйидан чиқмай ўтирибдими ëки бозор-ўчарга чиқса бўлаяптими?

- Маҳаллада уже натуралний торговля бошланди. Ким катта бозорга чиқади? Ким рисковат қилади? Маҳалланинг ўзида пиëз¸ сабзи. Қассобларнинг ўзи сўйиб маҳалланинг ўзида сотаяпти.

Озодлик: Ўзларингизнинг ўзбек сотувчилари ва қассобларими?

- Ҳа. Ҳозир ўзбекнинг маҳалласига қирғиз кирмайди. Ўзбеклар ўзи ўтказди. Қирғизлар келиб ўтиргани йўқ. Бу бизнинг проблемамизмас. Бу дунë мамлакатларининг¸ дунë аҳолисининг проблемасику дунëда тартиб ушлаш¸ қонун-қоидани ушлаш. Нима учун бошқа давлатлар томоша қилиб туришибди? Сўраяпти “тартиб ўрнатдингми?” деб. Конечно ўрнатилади тартиб. Биз урушга тайëрланганмизми¸ бизда қурол борми? Мана энди уйма-уй кириб ўзлари ташлаб қўйиб¸ граната ташлаб қўйиб¸ автомат ташлаб қўйиб¸ анчасидан эшитдим. Афғонда хизмат қилган болани “Уйингдан автомат топдик” деб ушлаб кетибди. Ким тарафини олади¸ қаерга боради? Эртага “мана ўзбекларнинг уйидан автомат чиқди. Граната чиқди. Булар урушга тайëрланаяпти” деб бутун дунëга кўрсатилади. Унақа бўлса¸ нима учун бизнинг минглаб одамлар ўлиб кетди? 2000-3000 уйларимиз ëниб кетди. Бу ҳаммага аëнку.

Журналистлар келиб қаттиқ ишлади. Ҳамма ëқни суратга олди. Натижа қачон бўларкан¸ бу иш қачон кўриб чиқиларкан? Уйга бостириб келган армия тартиб ўрнатадими? Наҳотки буни тушунмайсизлар ëки тушунишмайди бошқа давлатлардагилар? Эшигимизни тақиллатиб миямизга урар эди инсон ҳуқуқлари¸ декларация прав человека¸ деб. Бу ерда яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилинаяптию¸ улар томоша қилиб турибди “биз ички ишларга аралашмаймиз” деб. Двойной стандарт¸ дейди буни. Демократиянинг иккиюзламачилиги бу. Бошқа нима дейишимиз керак¸ дейди Зафар ака.

Ўшнинг Турон шаҳарчасида истиқомат қиладиган Нодирбек ҳали-ҳануз зачистка давом этаётгани, шаҳарнинг Ўн адир мавзеидан сўнгги икки кун ичида олиб кетилган ўзбек йигитларидан ҳануз дарак йўқлигини айтди.

- Яхши¸ ҳозир тинчлик. Осойишта ҳамма ëқ. Янгилик йўқ. Референдум ўтди кеча. Яна комендантлик соати бошланди. Кечқурунги соат 10 дан эрталабки соат 5 гача. 10 августгача дейилди.

Озодлик: Текширувлар бўлаяптими?

- Ҳозирча адрес бўйича. Бу ерда қанақадир информация берилаяпти. Шу информацияга қараб тинтув олиб борилаяпти. Биз тарафларда бирма-бир текшириш йўқ ҳали. Бўлиши мумкин¸ деган гаплар ҳам юрибди. Ўзбек болаларни олиб чиқиб кетаяпти¸ дейилаяпти. Бизда Ўн адир деган жой бор. Ўша ердан олиб чиқиб кетилган болалар дом-дараксиз. Наримондан ҳам олиб кетилаяпти¸ дейишаяпти.

Озодлик: Бу шу кеча-кундуздами?

- Аниқ билмадиму¸ лекин мана шу икки кун атрофида бўлаëтган иш. Кўчада юриш умуман хавфли. Айниқса¸ якка юриш. Кетаëтган бўлсангиз ҳам машинада учта-тўрттаси тўхтатиб тажовуз қилаяпти. Эртанги кун нима бўлиши билан қизиқаяпти ҳамма. Одамлар ҳали ҳам қўрқувда. Кечаси билан дежурнийлар туради. Шовқин-сурон бўлса¸ ҳамма юрагини ҳовучлаб паникага тушади. Одамларда ҳозир ҳаловат йўқ¸ дейди Нодирбек.

Ўш шаҳрининг Уч кўчасида истиқомат қиладиган Бахтиёр ака Нодирбек сўзлаган аниқ манзил бўйича зачистка гувоҳларидан бири. Унинг уйи 20 июндан бери бир неча бор тинтув қилинган.

- 20 июн куни саккиз яримлар чамасида форма кийган ҳарбийларнинг 15 тачаси уйимизга кириб¸ бизнинг устимиздан кулиб¸ пулларимизни¸ телефонларимизни олиб¸ ҳамма ëғимизни синдириб чиқиб кетишди. Бундан кейин 24 июн куни¸ мен уйдамас эдим¸ акам бор эди¸ уйга 15-20 та формадаги қуролланган одамлар кирган. Ўшаларнинг ичида битта эркак ва битта аëл фуқаро кийимида бўлган. Улар “Сенлар одамларни заложник қилгансан” деб туҳмат қилибди. “Йўқ¸ бизмас” дегандан кейин ҳалиги хотин иккиланиб турса¸ ëнидаги одам “Буми бумасми мана шу деб қўявер. Олиб чиқиб кетавер” деб олиб чиқиб кейиб жиянимни ГУВДдан топдик¸ дейди Бахтиëр ака.

Кейинги суҳбатдошимиз эса жалолободлик Жалолиддин ака бу шаҳарда ҳам тинчлик ҳукм сураётгани, ҳибсга олишлар ҳақидаги гап-сўзлар тинчиб қолганини айтмоқда. У киши билан суҳбатдан жалолободликлар ҳам, худди ўшликлар каби шаҳарга чўккан тинчликка ишонишдан чўчиётганини пайқаш мумкин.

- Осойишта бўлиб турибди.

Озодлик: Бозорлар ишлаяпти¸ транспорт юраяпти.

- Ҳа¸ ҳаммаси жойида. Ишлаган ишлаяпти¸ ишламаган уйларида ўтиришибди. Ҳозир ўзи дадил ишлай оладиган ҳолат йўқ. Кўпчиликнинг уйи куйди. Шунга иш қилишга кўпчилик одамларнинг қўли бормай қолган.

Озодлик: Тинтув бўлаяпти¸ ҳибсга олишлар бўлаяпти¸ деган гаплар бўлаяптими? Шунақа фактларга гувоҳ бўлмадингизми?

- Унақа нарсаларга мен аҳамият берганим йўқ. Одамларда миш-миш гаплар ҳам йўқ ҳозир. Оллоҳга шукур¸ ҳаммаси тинч. Маҳаллаларда патрулний дежурство бўлиб¸ давлат томонидан қўйилиб кечаси-кундузи дежурство бўлаяпти. Кеча комендант соатини тўхтатган эди¸ яна бошланди. Шаҳарда миллатчилик деган нарсалар ҳозир йўқ. Қирғиз миллати билан гаплашсак¸ деярли ҳаммасидан “Битта-иккита ахмоқни деб шунча нарсалар бўлди” деган нарсалар эшитилаяпти. Инсонни билиб бўлмайдиган ҳолатда бўлиб турибди ҳозир. Мана мен ўзим касалхоналарга бордим. Қирғиз миллатидан ҳам¸ ўзбек миллатидан ҳам “Қаëқдаги келгиндилар мана шу ишларни қилиб кетди” деб афсусланаëтганлар ҳам бор. Қирғизчилик¸ ўзбекчилик деган гап-сўзни эшитганим йўқ¸ дейди жалолободлик Жалолиддин ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG