Линклар

3 нуқта, 3 чизиқча, 3 нуқта... Кўпчилик учун бу нуқтаю чизиқчалар ҳеч нарсани билдирмаса ҳам керак.



Лекин кейинги кунлар ичи ўшлик ва жалолободлик ўзбекнинг ҳар бири учун «SOS» шунчаки ҳарфлар йиғиндиси эмас, балки миллат қалбидан отилган дод-фарёд ифодасига айланди.

Қирғизистон қирғини... Бу сўзлар кўпчилик учун бундан буён ўзакдош деб қабул қилинса ажабмас¸ гарчи ваҳшийликнинг на миллат ва на элат, на дину на маданият фарқлаши бор гап бўлса-да..

Ўзбек маҳаллаларида тикланган баррикадаларга ҳам яна шу уч ҳарф ëзилди.
1 июл куни «SOS» чақириғи халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинганига 102 йил тўлади. 100 йилдан кўпроқ вақт ичида «SOS» минглаб одам ҳаётини сақлаб келди. «SOS» - иложсиз вазиятга тушган вазиятда ҳаво тўлқинлари орқали қутқарувчиларга жўнатиладиган чақириқ. Бундай чақириқнинг дунёда ишлатилмай қолганига 10 йилдан ошган бўлса-да, охирги икки ҳафта ичида бу Қирғизистон жанубида энг кўп ишлатиладиган сўзга айланди.

Қизиқ, биринчи бўлиб қайси ўзбекнинг хаëлига “Сартларга ўлим!” деб ёзилган Ўш ва Жалолобод йўлларию деворларига «SOS» деган нидони ёзиш фикри келган экан? У одам «SOS»нинг инглизчада «Save Our Souls!» - “Жонимизни қутқаринг!” деган маъно ташишини билганмикан?

Қирғиндан омон истаган минглаб Ўш ўзбеклари бу нидо битигини не умидда ëзишди экан - бу ëзувлар келиши интизор бўлиб кутилган Ўзбекистон учқичларига йўл кўрсатиши керак эдими? Ёки ёрдамга келган рус десантчиларига қаерга қўниш ҳақидаги кўрсатмамиди? Ёки фақат Оллоҳгагина йўлланган илтижомиди?


Аëллар¸ болалар шу сўз остида жон сақлашга умид қилди.
“Жонимизни қутқаринг!”... Бу ёзув деворларга, йўлларга, томларга¸ дарвозаларга ёзилди. Унинг ўзбекча таржимаси ҳам бор – “ДОД”! Жонни бандаси қутқара олмайди. Бу Худонинг иши.

Нима бўлганда ҳам, «SOS.UZ» бугун ўзбекнинг уйига¸ кўнглига¸ руҳига чўккан мотам ифодасидир.

«SOS.UZ»!!! Соҳилдан эса “Ўзинг учун ўл етим!” мазмунидаги “ҳамдардлик” телеграммаларининг кети узилмаётир.

«SOS.UZ»!!! – “Қутқаринг”!!! 21-асрнинг 10-йилида ўзбекнинг кўкка йўллаган нидоси бу!

.................................

P.S. БМТ экспертлари сунъий йўдош орқали биргина Ўшнинг ўзида 60 та «SOS» ёзувини санабди.... Аммо осмондан кафтдаги ëзув каби ўқилган бу нидони¸ Қутқарувчи¸ фақат ўзига аëн сабабга кўра¸ кўриб кўрмаганга олгандек...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG