Линклар

Ҳизбут-Таҳрирга киришни истамаган аёл чавақланди


Маълумотларга кўра, хотинини чавақлаган Дилшод Охунов уйидан "Ҳизбут-Таҳрир"га оид 200 га яқин адабиёт ва 300 дан ортиқ варақа топилган.

Маълумотларга кўра, хотинини чавақлаган Дилшод Охунов уйидан "Ҳизбут-Таҳрир"га оид 200 га яқин адабиёт ва 300 дан ортиқ варақа топилган.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Жаббор Расулов туманидаги Ғўлакандоз қишлоғида истиқомат қилувчи Дилшод Охунов умр йўлдошини тақиқланган диний гуруҳга аъзо бўлишдан бош тортгани учун сўйиб ташлаган.

Мазкур туманда истиқомат қилувчи суҳбатдошимизнинг айтишича, Дилшод неча йиллардан буён Ҳизбут-Таҳрир партиясининг фаол аъзоларидан ҳисобланган.

- Ҳизбут-Таҳрир партияси аъзоси Дилшод деган йигит умр йўлдошини ҳижоб кийишга ундаган. Аёли бунга рози бўлиб, ҳижобга кирган. Бу ҳам етмагандек, Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзо бўласан, дея мажбур қилган. Хотини бунга рози бўлмаган. Ўртада жанжал кўтарилган. Хотини аразлаб онасиникига кетган. Икки-уч кундан кейин Дилшод қайнонасиникига борган. У ерда яна хотинини партияга аъзо бўлишга мажбур қилган. Хотини бунга кўнмагач, ёнидаги пичоқ билан чавақлаб ташлаган, дейди ғўлакандозлик суҳбатдош.

Тергов материалларида айтилишича, Дилшод Охунов уйи тинтув килинганда, у ердан Ҳизбут-Таҳрир партиясига тегишли булган 200 га яқин адабиёт, 300 дан ортиқ варақа топилган.

Тергов пайтида Дилшод Охунов Жаббор Расулов туманида Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзо бўлган бошқа кишиларнинг исмларини айтиб берган. Айни пайтда туманда яна уч киши ҳибсга олинган. Қўлга олинганларга мамлакат Конституциявий тузумини зўравонлик билан ағдариб ташлаш учун оммавий даъват билан чиққанлик айби қўйилган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ҳизбут-Таҳрир партиясининг яширин фаолияти айнан уч республика туташган Фарғона водийсида кўзга ташланади. Сўғд вилоятида эса ҳар йили бу партияга аъзоликда айбланиб 20-30 киши маҳкамага тортилади. Бунинг сабаблари нимада? Зиёли Мақсуд Жўраев фикрича, бу партияга асосан қашшоқ оилалардан бўлган ёшлар кўпроқ жалб қилинади.

- Ростини айтсам, шу кунга қадар Ҳизбут-Таҳрир партиясига бадавлат одамлар, раҳбар шахслар ёки бошқа ўзига тинч кишилар аъзо бўлганлиги ҳақида бирор жойда эшитадим ва газетада ўқимадим. Шу партия аъзоларига назар ташласангиз, уларнинг ҳаммаси ночор, қашшоқ одамлар. Табиийки, бундай қатламдаги кишиларни ҳар қандай оқим ўз сафига жалб қилиши осон кечади, дейди Мақсуд Жўраев.

Мақсуд Жўраевнинг сўзларига кўра, бундай одамлар қўлга олинганда ва суд қилаётган пайтда масаланинг ана шу томонига хам эътибор берилиши керак. Акс ҳолда, адашган бегуноҳ ёшлар бекорга қамалади. Қамоқхонада эса уларда жамиятга, ҳукуматга нисбатан нафрат кучаяди ва танлаган йўли тўғри эканлигига ишончи ошади.

Тожикистонлик таҳлилчилар фикрича, бу партияга айнан исломий тарбияси заиф булган одамлар ҳам аъзо бўладилар, ёшларни ўз сафига жалб қилаётган бу каби оқимлар эса улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда.

- Менинг фикримча ,кейинги йилларда пайдо бўлаётган бундай диний партиялар фаолияти биринчи навбатда исломни тарғибот қилиш эмас, балки сиёсатга аралашишдан иборат. Чунки дин учун ҳизбнинг ўзи керак эмас. Таҳрирчилар эса динни, покиза ва беғубор Ислом динини ўзларига бир ниқоб қилиб олиб, ғаразли, қора ниятлари учун, ҳокимиятга эришиш, бошқалар устида ҳукмронлик қилиш учун курашишмоқда, дейди таҳлилчи Абдурасул Мамадалиев.

Тожикистонда Ҳизбут-Таҳрир экстремистик партия сифатида эътироф этилиб, унинг фаолияти мамлакатда қонунга мувофиқ таъқиб қилинади. Лекин Ҳизбут-Таҳрир партияси аъзоларининг айтишларича, улар фаолиятида конституциявий тузумни зўравонлик билан ағдариш мақсади йўқ. Улар фақат ғоявий кураш олиб бораётганларини иддао қиладилар.

Куни кеча Ҳизбут-Таҳрирга мансубликда айбланган тўрт киши Хўжанд шаҳар маҳкамаси қарори билан 2 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Маҳкамага тортилганларнинг айримлари ўзларига қўйилган айбларни рад этишган. Айни пайтда¸ Хўжандда мазкур партияга алоқадорликда айбланаётган яна 10 киши устидан маҳкама бошланиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG