Линклар

Ярадор қочқинларни Қирғизистонга қайтариш бошланди


Қирғин кунлари кўплаб ўзбек ярадорлари ëрдам истаб Ўзбекистон чегараси томон ëпирилган эди.

Қирғин кунлари кўплаб ўзбек ярадорлари ëрдам истаб Ўзбекистон чегараси томон ëпирилган эди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича¸ Ўш ва Жалолободдаги хунрезлик чоғида жароҳат олиб, Ўзбекистон касалхоналарида даволанаётган қочқинларни Ўшдаги тиббиёт муассасаларига кўчириш бошланган ва яқин кунлар ичи Ўзбекистонда бирорта соғ ëхуд ярадор қочқин қолмайди.


Тошкент вақти билан соат 15.00 га қадар Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, турли жароҳатлар билан Ўзбекистонда даволанган 21 нафар қирғизистонлик қочқин Жалолобод ва Ўш касалхоналарига кўчирилган. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий вакили Елена Баялинова маълум қилди.

- Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўш вилоят штабида ярадорларни ватанига қайтариш ишларини Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Қосимбек Манбетов мувофиқлаштирмоқда. Қирғизистон фуқароларини Ўш касалхоналарига жойлаштириш жараёни бугун¸ яъни 29 июн куни бошланди ва Қосимбек Манбетовнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар 21 нафар ярадор Қирғизистонга кўчирилган. Улардан 11 нафари ўқ отар қуролдан ярадор бўлган¸ дейди Елена Баялинова.

Вазирлик маълумотига кўра, Қирғизистоннинг Андижон вилояти билан чегарасида ярадор қочқинларни Ўш вилояти касалхоналарига етказиш учун 18 та тез ёрдам машинаси жалб этилган.

Елена Баялинованинг айтишича, тез ёрдам машиналарнинг бештаси бўш қайтган.

Шунингдек, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари¸ 30 июн куни Ўзбекистонда даволанаётган қочқинларнинг 8 та тез ёрдам машинасида Жалолободдаги касалхоналарга етказилиши ҳақида ҳам маълум қилдилар.

Шу тариқа, қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон касалхоналарида даволанаётган қочқинларнинг ҳаммаси босқичма-босқич уйларига қайтарилади.

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги штаби¸ жами 180 нафар атрофида ярадор қочқинни Қирғизистонга кўчиришни белгилаб олган. Жароҳат олганларнинг кўпчилиги ўз оёғида юра олади, яъни улар учун махсус транспорт воситалари керак эмас. Бу масала ҳам ишчи тартибда ҳал этиляпти¸ дея маълум қилди Елена Баялинова.

10 кун аввал Ўшда бошланган отишмалар ва уйларга ўт қўйишлар ортидан жонини сақлаб қолиш мақсадида ўзбек миллатига мансуб 100 минг чоғли кексалар, аёллар, болалар ва ярадорлар Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган эдилар. 27 июнга белгиланган референдум арафасида бу қочқинларнинг деярли ҳаммаси Қирғизистонга қайтарилди, Ўзбекистонда фақат расмий рўйхатларга тушмай қолган ва турли оғир жароҳатлар олгани туфайли касалхоналарда даволанаётган кишиларгина қолган эди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлари Андижондаги касалхонада.
Ярадорларни ҳам тезроқ ватанига қайтариш масаласи 25 июн куни Ўзбекистон ва Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлари ўртасида ҳал этилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов ўз қирғизистонлик ҳамкасби билан учрашуви чоғида, Андижон вилоятидаги тиббий муассасаларга 63 мингдан ортиқ қирғизистонлик қочқинлар мурожаат қилганини, шулардан 2000 га яқини касалхоналарга ётқизилганини маълум қилган эди.

- Ўта оғир аҳволдаги беморлар шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб келинди. Шу билан бирга, тез ёрдам талаб қилинган беморлар туман касалхоналарида жарроҳлик йўли билан операция қилинди, деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов.

Ўзбекистондан 180 ярадор қочқин қайтиши ҳақида билдирган Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари қолган қочқинлар тақдири нима бўлиши ҳақида маълумот бермаганлар.

Ўзбекистон ҳукумати дастлаб лагерларга жойлаштирилган 100 мингдан ошиқ қочқинни шошилинч тарзда Қирғизистонга қайтарган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, расмий Тошкентнинг ярадорларни сақлаш нияти ҳам бўлмаган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов бунинг сабабларини Тошкентнинг Қирғизистонда юз берган воқеаларнинг Ўзбекистондаги режим борасида ҳам савол туғдира бошлашидан қўрққани билан изоҳлайди.

- Қирғизистонда тўқнашувларнинг келиб чиқиши заминида ётган ижтимоий иқтисодий муаммолар, давлат бошқарувидаги инқироз каби муаммоларнинг аксарини Ўзбекистонда ҳам кузатса бўлади. Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу конфликтга халқаро тус бермаганини, қочқинлар масаласи ими-жимида ҳал этилганини яна шундай ҳам изоҳлаш мумкинки, ижтимоий зиддиятлар Ўзбекистонда янада каттароқ кўламда рўй бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда расмий Тошкент Қирғизистондаги воқеаларнинг ўзбекистонликлар онгига таъсир этишининг олдини олишга ҳарақат қилган¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Андижон касалхонасида даволанган ўшлик ярадор.
Ўш ва Жалолободда уюштирилган зўравонликлар оқибатида тинч аҳоли вакилларига турли кўринишдаги жароҳатлар етказилган. Айримлари ўқ отар қуролдан жароҳатланган бўлса, бошқалари қаттиқ калтакланган ёки пичоқланган.

Андижон касалхонасига борган Си-Эн-Эн (CNN) телеканали мухбири Мэтю Ченз улардан бирининг тирик қолганлигини мўъжиза, дея изоҳлаган эди. Бутун дунёга намойиш этилган ушбу лавҳада кўрсатилган у қулоғидан бу қулоғигача бўғизланган Эркинжон исмли йигитнинг бош суяги ва жағи синдирилган ва врачларнинг айтишларича¸ унинг жинсий аъзоларига қайноқ сув қуйилган.

Халқаро қизил хоч ташкилотига кўра, жисмоний ва руҳий жароҳат олганлар орасида бир неча зўрланган аёллар ҳам бор.

Айни пайтда вазирлик расмийлари Ўш ва Жалолободдаги хунрезлик чоғида ҳалок бўлганлар сони 294 кишига, тиббий ёрдам олганлар сони 2240 кишига, касалхонага ётқизилганлар сони 1050 кишига етганини маълум қилди. Норасмий манбалар бу рақамларнинг ўн баробар кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG