Линклар

Астанада Назарбоев номида университет очилди



Астана шаҳрида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев номидаги университет очилди.

Билим даргоҳининг очилиш маросимида иштирок этган Назарбоев университет мамлакатнинг миллий брэндига айланиши, унинг тимсолида миллий таълим тизими ҳамда халқаро тадқиқот ва таълим амалиёти ютуқлари уйғунлашажагини таъкидлади.

Университет матбуот хизматига кўра, президент Назарбоев ўз номидаги билим даргоҳида таҳсил олишни истаган талабаларга қарата:

- Ёшларимиз бу университетга ўқишга киришга уриниб кўришлари керак. Мен бу университетга ўз номим берилишига рози бўлдим. Шундай экан, мени хижолатга қўймаслигингиз керак, деб мурожаат қилган.

Президент Назарбоев номидаги бу университет раҳбарияти ҳозирданоқ дунёдаги қатор етакчи билим даргоҳлари, жумладан, Лондон глобал университети, Карнеги Меллон университети, Висконсин, Питтсбург ва Пенсильвания университетлари каби нуфузли таълим масканлари ҳамкорлик шартномалари имзолади.

Университет 22 000 талабага мўлжалланган бўлиб¸ унда уч йирик йўналиш: муҳандислик¸ табиий фанлар ва тиббиёт соҳасида мутахассислар ҳозирлайди.

Айтилишича¸ мазкур университет дипломи халқаро майдонда тан олинади ва 2012 йилдан бошлаб талабаларга магистратура ва докторлик бўйича ўқув машғулотларининг бошланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG