Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

Тошкент ҳаво йўлаги учун Душанбедан пул олмоқчи


Эндиликда Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан ўтадиган тожик учқичлари транзит учун ҳақ тўлайди.
Эндиликда Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан ўтадиган тожик учқичлари транзит учун ҳақ тўлайди.

Ўзбекистон Тожикистон билан ҳаво йўлагига оид ҳамкорлик борасида 1993 йили имзоланган икки томонлама шартномани шу йил 25 июн куни бир томонлама бекор қилди. Айрим кузатувчилар¸ бу қарорда ҳам Роғун можаросининг давомини кўрмоқдалар.

Ўзбекистон расмий манбалари тарқатган маълумотга кўра, ҳаво йўлагидан фойдаланиш борасидаги икки ёқлама ҳамкорликни халқаро меъёрлар талаби асосида йўлга қўйиш мақсадида янги шартнома лойиҳаси ишлаб чиқилиши ортидан Тошкентда ана шундай қарорга келинган.

Ўзбекистон Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси матбот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳаво ҳаракатига оид ҳамкорлик борасидаги янги шартнома лойиҳаси мазкур идора ва “Узаэронавигация” маркази мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган.

Манбага кўра, мазкур ҳужжат лойиҳаси Чикаго конвенцияси талаби асосида тайёрланган бўлиб, Марказий Осиё ҳудудидаги давлатлар аэронавигация провайдерлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Янги шартномага мувофиқ, ҳар бир давлат ўз ҳудудидаги ҳаво йўлагидан мустақил фойдаланиши ва ундан фойдаланаётган давлатдан маълум миқдорда транзит пули талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Тожикистоннинг “Тожикэйр” ширкати расмийси Степан Зарабяк ўз идораси ва “Тожикаэронавигация” ширкати бошлиқлари Ўзбекистон томон ишлаган янги шартнома лойиҳаси билан танишиб чиққанини маълум қилди.

Расмийга кўра, 1993 йилда имзоланган шартномага мувофиқ, Тожикистон Европага парвозлар учун Ўзбекистоннинг жанубий ҳаво йўлагидан фойдаланган. Ўз навбатида, Тожикистон ўз шимолий ҳаво йўлагини Ўзбекистон учқичлари ихтиёрига берган. Аммо ҳар иккала томон ҳам ҳаво йўлакларидан текин фойдаланиб келган.

- Шу йил 25 июн куни Ўзбекистон ўша шартномани бир ёқлама бекор қилиб, янгисини ишлаганидан сўнг, ҳаво йўлаклари пулли бўлди. Бу бизнинг компаниямизга бир қадар молиявий қийинчиликлар туғдириши табиий, дер экан “Тожикэйр” расмийси Степан Зарабяк ҳозирча ҳаво йўлаги учун тариф ишлаб чиқилмаганини билдирди.

Тожик расмийси билан суҳбатдан маълум бўлишича, Ўзбекистон томонидан икки мамлакат ҳаво йўлагидан фойдаланиш борасидаги ҳамкорлик шартномасининг янги варианти ишлаб чиқилганига қарамай, айни пайтда Тожикистонга кириб чиқаётган ҳар қандай ҳаво кемалари парвозига тўсиқ қўйилмаган.

У янги ҳужжат қонун кучига киргандан сўнг ҳам Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистонга кираётган ва бу мамлакатдан Европага чиқаётган ҳаво кемалари парвози билан муаммолар бўлмайди, деган ишончда.

- Бизни ташвишга солаётган бошқа жиҳати шуки, янги шартномага мувофиқ, Душанбе аэропортига қўнадиган ва ундан Европага парвоз қиладиган ҳаво кемалари бир вақтнинг ўзида бир неча ҳаво ҳаракати бошқармаси назоратидан ўтишга мажбур бўлади. Бу, ўз навбатида, экипаж ишини қийинлаштириб, уни парвозни бошқариш радио ўлчамини тез-тез ўзгартиришга мажбур қилади. Аввал бу йўналишда учадиган ҳаво кемалари Душанбе аэродромидаги ягона диспетчер томонидан бошқарилиб келинган. Энди эса Душанбе аэропортидан кўтарилган ҳаво кемаси аввал Душанбедаги диспетчер, кейин Ўзбекистоннинг Термизи ва Самарқандидаги диспетчерлари томонидан бошқарилади. Бу¸ албатта¸ жуда кўплаб техник муаммолар яратади, дейди “Тожикэйр” ширкати масъули Степан Зарабяк.

Тожик расмийси Ўзбекистон томонидан ишланган янги шартномада ҳеч қандай сиёсий омил йўқлигини айтаркан, “унда фақатгина ўша давлат миллий ҳамда молиявий манфаатлари кўзланган”, дея мулоҳаза билдирди.

Аммо тожикистонлик айрим мустақил таҳлилчилар Ўзбекистон ҳукуматининг навбатдаги қарорида сиёсий мотив борлигини айтмоқдалар.

- Бу яна ўша Роғун жанжали ва икки қўшни муносабатларига бориб тақалади. Бу қарор Тожикистон учун сиёсий босим ўтказишнинг бир усулидир. Ҳаво йўлагининг Тожикистон ҳаво кемалари учун пулли бўлиши пировардида чипта нархларининг ошишига сабаб бўлади. Бу эса¸ ўз навбатида, мамлакат аҳолисига яна бир қатор иқтисодий қийинчиликлар туғдиради, дейди мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов.

Таҳлилчи бу ишда ҳам Россиянинг узун қўли бор бўлиши мумкинлигини истисно қилмаслигини айтади.
XS
SM
MD
LG