Линклар

logo-print

Россияда қалбаки ҳужжат сотаëтган муҳожирлар ушланди


Ҳақиқий ҳужжатларни олиш билан боғлиқ машмашалар¸ боз устига бу ҳужжатларнинг муҳожирни милиция таъқибидан қутқара олмаслиги¸ уларни қалбаки ҳужжатлар бозорининг харидорига айлантирмоқда.

Ҳақиқий ҳужжатларни олиш билан боғлиқ машмашалар¸ боз устига бу ҳужжатларнинг муҳожирни милиция таъқибидан қутқара олмаслиги¸ уларни қалбаки ҳужжатлар бозорининг харидорига айлантирмоқда.

Расмийларга кўра¸ Санкт-Петербург шаҳрида қалбаки ҳужжатларни сотиш билан шуғулланаётган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Айтилишича¸ бу гуруҳ ўзбекистонлик ва тожикистонликлардан иборат бўлиб, асосан меҳнат муҳожирларига “хизмат” кўрсатиб келган.


Санкт-Петербург шаҳар транспорт милицияси ходимлари “Финляндский” бекатида бир гуруҳ шахснинг қалбаки хужжат сотаётгани тўғрисида оператив маълумот олган. Бу хабар олиниши ҳамоно бошланган амалиëт тафсилотларини “Финляндский - Санкт-Петербург” бекатининг УБЭП бошлиғи Андрей Климкин гапириб беради:

- 4 кишидан иборат гуруҳ қўлга олинган. Қалбаки хужжатларни тайёрловчидан сотувчигача бўлган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Биз уларни бир ой давомида кузатдик, бир неча бор улар хизматини сотиб ҳам олдик. Уларнинг ётоғида қалбаки хужжатларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча асбоб-ускуна, муҳрлар, бланкалар, штамплар, компьютер жиҳозлари аниқланди ва мусодара қилинди. Уларда ҳатто Оқсарой чегара-назорат постининг муҳрлари ҳам топилди. Кейин аниқландики, бу гуруҳнинг ҳаммаси бир оила аъзолари экан. Жиноий гуруҳ асосан разрешение, регистрация, кириш-чиқиш ҳужжатларини қалбакилаштирганда айбланмоқда. Масалан, қалбаки кириш-чиқиш ҳужжати 2000 рублга тўғирланган. Айнан шу қалбаки хужжатлар билан айрим меҳмонлар 5-6 йиллаб яшаб келмоқда, дейди “Финляндский - Санкт-Петербург” бекатининг Истеъмолчилик бозоридаги жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи подполковник Андрей Климкин.

Гуруҳ аъзоларининг ҳозирда шаҳарни тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборилганини билдирган жаноб Климкин¸ сўнгги пайтларда милиция, прокуратура ва миграция идораларининг қалбаки ҳужжат тайёрловчиларга қарши кураш эълон қилганини билдирди:

- Бу оператив тадбиргача бизда режали амалиётлар олиб борилмас эди. Айнан шу қўлга олишдан кейин биз муайян даражада бу иллатга қарши курашиш механизмини ишлаб чиқдик. Ахир қалбаки хужжат сотиб олаётган меҳнат муҳожирлари жиноятга қўл ураётганлиги тўғрисида жуда яхши тасаввурга эга: бу жиноят учун 2 йилгача қамоқ жазосини олиш мумкин. Лекин талаб бор жойда¸ албатта таклиф ҳам бўлади, дея хулоса қилди Истеъмолчилик бозоридаги жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи подполковник Андрей Климкин.

Қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланганини била туриб¸ нима учун меҳнат муҳожирлари кўп ҳам арзон турмайдиган бундай хизматдан фойдаланадилар¸ деган саволга жавоб бериш мақсадида, Санкт-Петербургдаги қурилишлардан бирида меҳнат қилаётган Ўролбекни суҳбатга тортдик:

Озодлик: Сиз бирор марта қалбаки хужжатдан фойдаланганмисиз?

-Ҳа¸ фойдаланганман. Биз келганимиздан кейин уч ойлик регистрация қилишимиз керак. Ўша тугагандан кейин қалбаки регистрация тўғирлаб берадиганларнинг ўзи тўғирлаб беради.

Озодлик: Қайси ҳужжатларни қалбаки қилиб тайëрлаш мумкин?

- Ишга рухсатномани¸ иммиграционнийни¸ печат уриб беради. Паспортни берганингиздан кейин ўзи сизга тўғирлаб беради.

Озодлик: Қанча туради бу?

- "Разрешение на работу"нинг ўзи¸ чистийси¸ 14 минг туради.

Озодлик: Нима дегани бу “чистий”?

- Тозаси. Ҳамма печатлари бор¸ қалбаки эмас. Қалбакисининг 3000-6000-7000 рублликлари бор.

Озодлик: Ҳақиқийсини сотиб оладиганлар ҳам бор-а?

-Ҳа. Бир магазинга ишга кираман¸ деса текширади документи тўғрими ëки нотўғрими деб. Ана шунақа жойга кирмоқчи бўлганлар ҳақиқийсини олади. Олти-етти ой турадиганлар қалбаки қилиб кетаверади.

Озодлик: Сиз ҳақиқий ҳужжатни қандай қилиб олгансиз?

- Мен Россияга келганимдан кейин ўзим почтага бориб ҳаммасини тўғирлатдим. Уч ойгача юра оламан. Уч ойдан кейин тугайди.

Озодлик: Кейин нима қиласиз?

- Кейин тўғриласак тўғрилатамиз, бўлмаса йўқ.

Озодлик: Қўлга тушишдан қўрқмайсизми?

- Қўлга тушсак¸ милициялар ҳам 100-200 сўм чой пулини олади.

Озодлик: Қалбаки ҳужжат билан ҳеч қўлга тушганмисиз?

- Ҳа. Икки-уч соат қамаб қўйган. Кейин қўйиб юборади. Пул бўлса олади¸ бўлмаса текшириб киссаларни қўйиб юборади.

Озодлик: Шунинг учун ҳам кўп болалар чўнтагида катта пул олиб юрмас эканда.

- Ҳа. Чўнтакда қанча бўлса¸ олиб қўяди.

Озодлик: Сиз қалбаки ҳужжат билан чегарадан ўтаëтганингизда¸ бу барибир аниқланадию.

- Чегарада штраф қилади. Самолëт билан қайтаëтган бўлсангиз¸ штрафини тўлайсиз. Агар аннулироват қиламан деса¸ паспортга печат уриб аннулироват қилиб ташлайди. Кейин янги паспорт олишингизга тўғри келади.

Озодлик: Сиз биладиганларнинг нечтаси қалбаки ҳужжат билан¸ нечтаси ҳақиқий ҳужжат билан юради?

- 99 фоизи қалбаки бўлиши мумкин. Бир фоизи тўғирлаб юради¸ дейди Ўролбек.

Санкт-Петербургда меҳнат қилаётган Ўролбекнинг гувоҳлик беришича, қалбаки хужжатларни сотиш билан¸ асосан маҳаллий аҳоли вакиллари шуғулланади, қўлга эса асосан уларга сотувчилик-даллоллик қилаётган ўзбекистонлик-тожикистонликлар олинади:

Озодлик: Қалбаки ҳужжатларни тайёрлаш билан ким шуғулланади?

-Ўрисларнинг ўзи! Сиз айтган болалар йиғиштириб олиб бораётган пайтда қўлга тушган бўлиши мумкин. Аслида уларнинг ҳам бошлиғи бор. Улар кассаларга, почталарга келиб туради, мулоқот қилиб топадида,”яна болалар бўлса хабар қил¸ сенга арзон қиламан”, деб ваъда қилади, дейди ҳозирча ҳақиқий ҳужжатга эга Ўролбек.

Россиядаги меҳнат муҳожирининг бошидаги барча бало ҳатто ҳақиқий хужжатнинг ҳам уни маҳаллий милиция ходимларининг талон-тарожидан сақламаслигида, деб ҳисоблайди Ўролбек:

- Мана 3 ойга регистрация қиламиз, мелиса ушлайдида "Қани разрешение на работу?" деб, гаранг қиладида. Регистрация билан ҳам юриб бўлмай қолди! Пулларни киссадан олиб қўяди ишдан келаётганимизда, кўпчилик бўлиб зўрлик қиладида¸ узоққа олиб бориб ташлаб келади машинада. Наҳот бирор бир ҳақиқий қилиб юрадиган ҳужжат бўлмаса?! дея саволга савол билан жавоб қайтаради Санкт-Петербургда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Ўролбек.
XS
SM
MD
LG