Линклар

Paynetдаги "техник ўзгариш" мижозларга қимматга тушмоқда

  • Садриддин Ашур

9 июн куни Paynet фаолиятининг қайта изга туша бошлагани хабар қилинди.

9 июн куни Paynet фаолиятининг қайта изга туша бошлагани хабар қилинди.

Ўзбекистон бўйлаб тармоқ отган ва электрон тўлов тизимини ўз назоратига олган Paynet тармоғидаги узилиш ўн минглаб мижозни сарсон қилиш баробарида мамлакат иқтисодининг сердаромад соҳаларини эгаллаган монополия манзарасидан ҳушëр торттирмоқда.



Paynet фаолиятида уч кун давом этган узилиш, айниқса мобил телефонлардан фойдаланувчилар учун катта ноқулайликлар пайдо қилди. МТС, Билайн сингари мобил компаниялари офисларида пул тўлаш учун узундан-узоқ навбатлар вужудга келди, пул ўтказиш карточкаларининг нархлари икки баравар ошиб кетди. Paynet орқали айрим коммунал хизматлар учун тўлов ўтказиш ҳам вақтинча тўхтилди.

Ўзбекистон бозорида йиллардан бери рақобатсиз ҳузур қилиб келаётган Paynet эса бу вазият ҳақида қуйидаги расмий изоҳ билан чекланди:

“2010 йил 26 июн шанба куни, кечга яқин Paynet компанияси томонидан тўловлар қабул қилиш хизмати тўхтаб қолди. Paynet тўлов тизими орқали тўловлар қабул қилинмаслиги техник ўзгартиришлар киритилиши билан асосланади. Яқин кунларда компания янги сервер ускуналарини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу эса¸ ўз навбатида¸ тизимни мустаҳкам ишлашини таъминлайди. Компания мутахассислари янги техник базани ишга туширилишини якунлашмоқда. Ҳозирги пайтда тўловлар қабул қилиш хизмати яна йўлга қўйилди. Барча хизматлар бўйича уланиш режа асосида амалга оширилади. Келиб чиққан ноқулайликлар учун Сизлардан узр сўраймиз.”

Paynet тармоғининг ишламай қолганидан норози мижозлар бу ҳақда дарҳол Озодлик радиосига маълум қилдилар. 29 июн куннинг биринчи ярмида Paynet фаолияти ҳали қайта йўлга қўйилмаган эди. Шу орада Paynet фаолиятидаги узилишларни изоҳлаган баъзи норасмий манбалар буни ширкат эгаларининг алмашинилаётгани билан боғладилар. Бу каби талқинни Paynet вакиласи миш-миш деб атади ва аслида тармоқ фаолиятидаги узилиш¸ фақат техник сабаблар билан изоҳланишини таъкидлади.

- Бу масала бўйича ҳозир қараб чиқаяпти. Бугун ишлаб кетди бизларда. Сал секинроқ ишлаб турибди, деди Paynet вакили.

Лавҳани тайёрлаш жараёнида монополия ўрнатган Paynet хизматларининг асосий фойдаланувчиси - Ўзбекистондаги етакчи мобил оператори МТСнинг ҳам ўз мижозларига хизмат кўрсатишда жиддий қийналиб қолгани маълум бўлди.

Озодлик: Одам кўп экан¸ очеред экан¸ қийналиб кетаяпмиз¸ дейишаяпти одамлар бунган қандай жавоб берасиз.

- Узр энди, дея жавоб берди МТС ходимаси.

Демак, Paynet тўловларни қабул қилмаган бир вазиятда¸ МТС нинг мижози¸ дейлик Чилонзорда яшаса¸ телефонига пул қўйиш учун бир соат йўл босиб¸ ширкатнинг Лабзакдаги марказий офисга бориши керак бўлди.

Тошкентлик Расулжоннинг айтишича, марказий офисга борганда ҳам у ерда яна бир неча соат навбатда туришга тўғри келди. Зотан¸ бу ерга бутун шаҳардан мижозлар оқиб келди. Навбатда кутишни истамаганлар эса¸ бунинг ўзбекча йўлини қилишди - Расулжоннинг айтишича, МТС нинг 3000 минг сўм турадиган карточлари 6000 минг сўмдан сотилди.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам аҳвол шундай. Жиззахлик PAYNET агенти Фахриддинга кўра, уч кундан буён улар ҳам ишсиз ўтиришибди:

- Уч-тўрт кундан бери ишламаяпти.

Озодлик: Нима деяпти сабабини?

- Билмайман. Ҳар хил жойдан ҳар хил нималар эшитилаяпти. Бугун ишлади бир. Орада секин-секин нима бўлиб бир ишлади. Тўғирлашаяпти¸ шекилли. Бир нарсага бир нарсани нима қилишаяпти шекилли. Телефон қилаяпмиз. Ҳеч ким кўтармайдида¸ дейди Фахриддин.

Олинган сўнгги маълумотларга кўра, 29 июн кечга бориб Paynet Ўзбекистонда қисман ишлай бошлади.

Шу ўринда йирик ширкатларни ва юз минглаб мижозни ўзига боғлаб қўйган Paynet вақтинча бўлса ҳам фаолиятини тўхтатишга ҳақлимиди¸ қабилидаги ўринли савол туғилади. Ҳақлидир. Аммо бутун бошли Ўзбекистонда Paynet дан ташқари айни хизматларни таклиф этаётган бошқа компания йўқлигининг боиси нима? Бу саволга Озодлик радиоси "Paynet сирлари" мақоласида қисман жавоб беришга ҳаракат қилган эди.

Тошкентлик иқтисодчи Аҳмаджон Бобоевнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг даромадли соҳаларда монополия ҳукм сураётгани тасодиф эмас.

- Конкрет айтадиган бўлсак¸ Ўзбекистонда энг катта даромад кўрадиган¸ энг катта пул айланадиган 99 фоиз соҳанинг ҳаммаси монополиялаштирилган. Мобил телефонда ҳозир тўрт ëки бешта оператор бўлса¸ улар ўзаро бир-бири билан рақобат қилиши мумкин. Лекин уларнинг назорати ахборот агентлигига бирлаштирилган. Яъни ўшаларнинг устидан назорат қилади. Масалан¸ бошқа давлатларда бир нечтагача ҳаво йўллари бор. Ўзбекистонда битта ҳаво йўллари бор. Ўзбекистонда 99 фоиз нарсанинг монополиялаштирилгани аниқ.

Paynet энди Ўзбекистонда биринчи очилган компания. Қанақадир ҳукумат доираларига қарашли бўлиб¸ уларнинг ҳимоясида фаолият юритади. Шу сабабдан унинг бошқа алтернативлари Ўзбекистонда қилинмаган. Масалан¸ ҳозир ҳукумат доираларига пора бериб, шунга қарши рақобатдаги компания кириши мумкин. Лекин ўша компания ўзининг келажагини Ўзбекистонда ëруғ кўра олмайди. “Ўзбекистонда ҳалол рақобат билан Paynetдан ўтиб кетаман. Paynetникидан ҳам кўпроқ сервис қўяман” деган нарсага кўзи етмайди. Шу сабабдан алтернативлар очилиши қийин¸ дейди иқтисодчи Аҳмаджон Бобоев.

Ўзбекистонда¸ мазкур кузатувчи айтган каби¸ аксар сердаромад соҳаларнинг президент оиласига алоқадор ширкатлар моноғолиясига айлангани тахмин қилинади. Хусусан¸ президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Зеромакс ширкатида бошланган алшов-далғов оқибатида аксар Ўзбекистонни бензин билан таъминлайдиган UzGazOil ширкати ëпилиб қолган ва мамлакатда бир неча кунга бензин тақчиллиги юзага чиққан эди.

Айни шундай¸ президент Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаевага қарашли экани тахмин этиладиган Абу-Сахий ширкатининг 2010 йил баҳорида вақтинча фаолиятини тўхтатгани оқибатида Ўзбекистон бозорларига хориж¸ биринчи галда Хитойдан олиб келинаëтган истеъмол моллари оқими кескин камайган ва буни миллионлаб ўзбекистонликлар ҳис қилган эдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG