Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:48

Жанторо Сативалдиев "илмоқсиз" саволларга жавоб берди


Ўшнинг қоқ марказида жойлашган ўзбек маҳаллалари аҳолиси¸ шаҳарни қайта қуриш баҳонаси билан ўз ҳовлиларининг тортиб олинишидан чўчимоқда.
Ўшнинг қоқ марказида жойлашган ўзбек маҳаллалари аҳолиси¸ шаҳарни қайта қуриш баҳонаси билан ўз ҳовлиларининг тортиб олинишидан чўчимоқда.

25 июн куни Қирғизистон республикаси муваққат ҳукумати Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш дирекциясини таъсис этди ва унинг раҳбари этиб Ўш вилоятининг собиқ губернатори Жанторо Сативалдиевни тайинлади. Янги мулозим¸ уч кун ичида қилган иши бўйича Озодликка ҳисоб берди.


Озодлик жаноб Сативалдиевга Ўш ва Жалолободда уйлари таланган ва ёндирилганларни шу кунда қийнаётган баъзи саволларни берди.

Жанторо Сативалдиев билан суҳбатимиз унинг огоҳлантиришидан бошланди.

Жанторо Сативалдиев: Янги лавозимда иш бошлаганимга атиги уч кун бўлди ва агар "илмоқли" саволлар берадиган бўлсангиз, жавоб бермай қўйишим ҳам мумкин.

Озодлик: "Илмоқли" саволлар бермоқчимасман. Лекин Сиз гапни огоҳлантиришдан бошлаганингиз учун суҳбатимизнинг охирига мўлжаллаб турганим саволни биринчи савол сифатида берай бўлмаса. Хабарларга қараганда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари тартибсизликлар давомида ёнғиндан зарар кўрганларни "уйим тасодифан куйиб кетди", деб ариза ёзишга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда балки¸ Сиздан сўрашим тўғри эмасдир? Лекин Ўш ва Жалолободни қайта тиклашга масъул амалдор сифатида бирон нима дерсиз?

Жанторо Сативалдиев: Менда бундай информация йўқ. Ким кимни қандай ариза ёзишга мажбурлаётганини билмайман. Бас, хабар пайдо бўлган экан, демак, шундай факт бўлса керак. Бунинг устида ишлаш керак. Дирекциямиз эндигина ташкил этилди ва биз ўз командамизни йиғаяпмиз. Халқаро ташкилотлар билан можародан кейинги вазиятдан чиқиш йўлларини излаяпмиз.

Озодлик: Биз бугун Ўшнинг бир неча маҳалласи билан боғланиб, уйсиз қолганларга чодирлар берилаётганини билдик. Демак, иш бошлангандай. Истасангиз, шу иш қандай кетаётгани тўғрисида айтиб беринг.

Жанторо Сативалдиев:
Мен ҳозир ўз командамни шакллантириш билан, қоғоз ишлари билан, хуллас бюрократия аталмиш юмушлар билан бандман. Дирекцияда ўзимдан бошқа ҳеч ким йўқ. Сўппайиб ўтирибман, десам ҳам бўлаверади. Шунинг учун чиндан ҳам иш бошландими-йўқми, айта олмайман.

Озодлик: Демак, уйи ёнганларга чодир тарқатишга Сиз бошқараётган дирекциянинг алоқаси йўқ?

Жанторо Сативалдиев:
Ҳа, алоқаси йўқ. Мен шаҳарларни қайта тиклаш ва ривожлантиришга жавоб бераман. Гуманитар ёрдам ёки чодирлар тарқатиш билан шуғулланмайман.

Озодлик:
Ўшни, айниқса, ёндириб юборилган маҳаллалардаги уйларни қандай қайта тикламоқчисиз?

Жанторо Сативалдиев:
Энг аввало ўша уйлар эгалари билан учрашамиз. Маҳалла қўмиталари, мэриялар вакиллари, архитекторлар, мутахассислар билан, социологлар, конфликтологлар билан учрашамиз. Можаронинг оқибатларини эмас, унинг сабабларини ўрганишимиз, бартараф этишимиз учун масалага ҳар томонлама ёндошишимиз керак. Бу эса, вақт талаб қилади.

Озодлик: Уйларни қайта тиклаш учун пул берасизларми ёки ўзларингиз янги уй қуриб берасизларми? Ўшлик ва жалолободлик жабр кўрганларни мана шу иш механизми қизиқтиряпти.

Жанторо Сативалдиев: Мана икки кундирки, мен донорлар билан ишлаяпман, улар билан сўзлашувлар ўтказаяпман. Улар ҳам ўзлари кўрсатадиган ёрдам механизмини ишлаб чиқаяпти. Донорлар товон тўлаш учун ҳамда Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш учун қанча маблағ ажратишларини айтганларидан кейингина биз Ўш ва Жалолобод шаҳарлари ҳамда бошқа аҳоли пунктлари учун бир хилда ёндошув механизмини ишлаб чиқамиз.

Озодлик: Жавобингиз навбатдаги саволимга ўрин қолдирмаган бўлса-да уни – ўша саволни бермасам бўлмайди. Масалан, Черёмушки мавзеидаги маҳаллалар аҳли ёндирилган уйларининг вайроналари суриб ташланиб, участкалари ўрнига кўп қаватли уйлар қурилишидан чўчимоқда. Ҳар ҳолда улар орасида шундай миш-мишлар юрибди. Улар ўз ер участкаларини ҳеч кимга бермоқчи эмас. Сиз уларга нима деган бўлардингиз?

Жанторо Сативалдиев:
Мен ҳар бир ўшлик, хусусан черёмушкиликлар билан учрашишга, уларнинг фикрларини эшитишга ҳаракат қиламан. Шундай кейингина ҳамма учун бир хил ёндошув ишлаб чиқамиз. У мавзе учун бундай, бу мавзе учун ундай ёндошув бўлмайди. Ҳозирча эса, бу масалада сиёсий даражада ҳам, ҳукумат даражасида ҳам ягона қарор йўқ. Шу кунда ҳар-хил вариантларни ўрганаяпмиз.
XS
SM
MD
LG