Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:11

"Жосуслар воқеаси Вашингтон-Москва муносабатларига путур етказмайди"


Қўшма Штатлар Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумон этилиб, 11 кишининг ҳибсга олингани Вашингтон билан Москва ўртасида муносабатларни яхшилаш уринишларига путур етказмаслигини айтмоқда.

Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббс ҳибсга олишлар ҳуқуқ-тартибот идораларига доир масала экани ва бу идоралар “тегишли тарзда ҳаракат қилгани”ни баён қилди.

Айни пайтда, АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Филип Гордон АҚШнинг Москва билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳаракатларига Совуқ уруш даврига хос жосуслик “қолдиқлари” путур етказа олмаслигини таъкилдлади.

Расмий Москва жосусликда гумон қилинаётганлар орасида Россия фуқаролари борлигини тан олди, лекин уларнинг фаолияти АҚШ манфаатларига зарар етказмаганини иддао қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ расмийларини ҳибсга олинганларга Россия консуллик вакиллари ва адвокатлар билан учрашиш имконини беришга чақирди. Россия томони, шунингдек, жорий АҚШ-Россия алоқаларининг ижобий характеридан келиб чиқиб, воқеа юзасидан “тегишли изоҳ бериш”га чақирди.

Россия Бош вазири Владимир Путин ҳам Москвада АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон билан учрашув чоғида ана шу мазмунда сўз қотди.

- Полициянгиз ўзига эрк бервориб, одамларни қамаяпти, эмиш, деб эшитдим. Лекин бу уларнинг иши бўлса керак. Бу воқеалар икки томонлама алоқларимизда кейинги пайтларда кузатилаётган ижобий ўзгаришларга путур етказмаслигига жуда умид қиламан, деди Путин.

Душанба куни Қўшма Штатлар расмийлари кўп йиллар давомида Россия фойдасига жосуслик қилган ўн кишининг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Айни пайтда Қибрис полицияси жосуслар халқасига алоқадор яна бир кишини Ларнака аэропортида Будапештга кетаётган самолётга чиқаётган пайтда қўлга олгани маълум бўлди. У АҚШга депортация қилиш бўйича судни кутмоқда ва гаров эвазига очиқда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG