Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:26

АҚШ дипломати: қочқинлар Қирғизистонга ўз ихтиёрлари билан қайтишлари керак


“Биз даҳшатли фожеа юз берган ҳудудга қайтишдан қўрқаётган кишиларнинг хавотирини тушунамиз, айнан шунинг учун уларнинг қайтиши ихтиёрий бўлиши керак”, дея баён қилди АҚШ Давлат котибининг Аҳоли, қочқинлар ва миграция масалалари бўйича ёрдамчиси Эрик Шварц.

АҚШ Давлат департаменти вакили бу ҳақда 29 июн куни Тошкентда журналистлар билан учрашув чоғида билдирди. Эрик Шварц Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар ортидан Ўзбекистоннинг Фарғона водийси вилоятларига қочиб ўтишга мажбур бўлган қирғизистонлик қочқинлар вазияти билан танишиш учун бундан икки кун аввал Тошкентга келганди.

У Ўзбекистонга сафари чоғида республика ҳукумати, халқаро гуманитар ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашганини маълум қилди.

10 июн куни Ўшда бошланиб, кейин Жалолобод вилоятига кўчган хунрезликлардан сўнг, халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, 100 мингдан зиёд қирғизистонлик ўзбек қўшни Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган, ўтган якшанбага белгиланган референдумдан бир неча кун аввал эса бу қочқинлар ёппасига юртига қайтарилганди.

АҚШ Давлат котиби ёрдамичиси бўҳроннинг дастлабки кунлари Ўзбекистон ҳукумати қочқинларга ёрдам бериш бўйича тез ва конструктив қарор қабул қилганини, уларни озиқ-овқат, ичимлик суви, бошпана ва тиббий ёрдам билан таъминлаганини олқишлади. Эрик Шварцга кўра, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ўтган кунлар мобайнида БМТ агентликлари, Халқаро Қизил хоч қўмитаси ва ноҳукумат ташкилотлари билан биргаликда ишлаган ва бу саъй-ҳаракатлар ўта қийин аҳволда қолган одамларга мадад бўлган.

- Аксар қочқинларнинг Қирғизистонга қайтганига қарамай, уларнинг қайтиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда Қирғизистондаги вазиятнинг бақарор қолаётгани юзасидан муайян хавотирлар бор. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик давом этиши, халқаро ташкилотлар ва давлат амалдорлари ўртасидаги мулоқот ривожига туртки берадиган ҳамда тезкор жавоб ҳаракатлари ва гуманитар ёрдам тақдим этишни давом этишини рағбатлантириш механизмлари сақлаб қолиниши муҳим. Шунингдек, ҳалиям Ўзбекистонда қолаётган бўлиши мумкин бўлган қочқинлар мамлакатда қолиш имкониятига эга бўлишлари, чегаралар эса очиқ қолиши муҳим, деган Эрик Шварц қочқинларнинг қайтиши ихтиёрий бўлиши муҳимлигини қайд этди.

АҚШ Давлат департаменти вакили бу масалаларни Ўзбекистон расмийлари билан муҳокама қилиш имконияти пайдо бўлганини, Ўзбекистон тараф юзага келган вазият бўйича АҚШ томони хавотирларини диққат билан кўриб чиқиш ва буни муҳокама қилишга ҳозир бўлганини олқишлади.

- Қўшма Штатлар ҳукумати Қирғизистонда шиддат билан ўзгариб бораётган вазиятни кузатишда давом этади ва бу борада бундан буён ҳам ёрдам беришга тайёр, деди Эрик Шварц.

Маълум бўлишича, БМТ агентлиги аввалроқ қирғизистонлик қочқинлар эҳтиёжи учун Ўзбекистонга келтирилган гуманитар ёрдам ортилган карвонини 30 июн куни Ўшга юборади.

БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси сайтининг маълум қилишича, ёрдам ортилган карвон 10 та юк машинасидан иборатдир.

Якшанба куни Қирғизистонга Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти гуманитар ёрдами ортилган юк машиналари юборилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси томонидан йиғилган ёрдам ҳам Қирғизистонга юборилиши айтилмоқда.

БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозир Қирғизистонда 375 минг киши ички қочқин мақомида яшамоқда. Ўш ва Жалолобод воқеаларида уй-жойларида маҳрум бўлган кўплаб қирғизистонликлар айни пайтда қариндошлари ва танишлариникида, айримлари эса мактаб ва боғчаларда яшаб турибдилар.
XS
SM
MD
LG