Линклар

ЕХҲТ расмийси Тошкент ва Бишкекка сафар қилади


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчилик масалалари бўйича комиссари Кнут Воллебек яқин келажакда Ўзбекистон ва Қирғизистонга сафар қилади.

Бу ҳақда Интерфакс-Қозоғистон ахборот агентлиги мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар тарқатди.

Айни пайтда¸ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги чоршанба куни эълон қилган баёнотида айтилишича, 29 июн куни ЕХҲТнинг амалдаги раиси, мамлакат Ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан телефон мулоқоти ўтказган.

- Суҳбат чоғида Саудабаев ва Клинтон хоним яқинда Қирғизистонда бўлиб ўтган референдум жиддий қонунбузарчиликларсиз ўтказилганига оид халқаро кузатувчилар хулосасини олқишлаб, имкон қадар тез фурсатда мамлакат фуқаролари орасида ўзаро ишонч ва бағрикенглик муҳитини қайта тиклаш лозимлигини алоҳида таъкидладилар, дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Мазкур баёнотда айтилишича, ушбу масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ЕХҲТнинг Миллий озчилик масалалари бўйича комиссари Кнут Воллебек Ўзбекистон ва Қирғизистонга сафар қилади.

Хабарларга кўра, Саудабаев ва Клинтон хоним, шунингдек Қирғизистон ҳукуматига кўрсатилаётган ёрдамни ўзаро мувофиқлаштиришга келишиб олганлар.

XS
SM
MD
LG