Линклар

Ўзбекистонда тўпланиб қолган ёрдам Ўшга юборилмоқда


БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича идораси Ўзбекистондан бошпана топган қирғизистонлик қочқинларга етказиб берилган инсонпарварлик ёрдамини эндиликда Ўш шаҳрига юбормоқда.

ЮНИСЕФнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ходимларидан бирининг айтишича, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотларда бир неча тонна инсонпарварлик ёрдами қолган ва бу юкларни чегара орқали Ўш шаҳрига юбориш режаланган.

БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлиги ўз сайтида ўндан ортиқ юк машинасига ортилган инсонпарварлик ёрдами яқин фурсат ичида Қирғизистонга йўл олишини билдирди.

Якшанба куни Қизил ярим ой ташкилоти ҳам Ўзбекистондан қўшни Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб берган. Маълум бўлишича, “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси томонидан ҳам Ўзбекистон ҳудудида тўпланган инсонпарварлик ёрдами ҳам Ўшга юборилмоқда.

Қирғизистон жанубидаги хунрезликлардан сўнг 100 мингдан ортиқ қочқин Ўзбекистондан бошпана топди. Бироқ ўтган ҳафта давомида Ўзбекистон ҳукумати Андижон вилоятига келиб жойлашган ўзбек қочқинларини ўз ватанига қайтариб юборди.

XS
SM
MD
LG