Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:55

Тожикистонда “Роғун” майкаси ва матоси урфга кирди


Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қуриш режаси¸ Ўзбекистон эътирози боис пайсалга солиниб турган айни кунларда¸ Душанбе пиарчилари бу режани халқ ëдида ушлаб туриш учун бўлса керак¸ яна бир Роғун акциясини бошладилар.


“Роғун” майкасини кийиб олган тожикистонлик ёшларни бугун ҳар қадамда учратиш мумкин.

- Мен бу майкани кийишдан фахрланаман. Чунки Роғун бизнинг фахримиз, минтақа давлатларида ягона ГЭС бизнинг мамлакатимизда қурилаяпти, нега фахрланмайлик, дейди ўзини Дилшод деб таништирган йигит.

Дилшод фахрланиб кияётган “Роғун” майкаси тожикистонлик тижоратчилар Хитой, Туркия ва ҳатто Ўзбекистондаги хусусий корхоналарга берган буюртма асосида мамлакат бозорларига олиб кирилаётган экан.

- Мен кўпроқ Ўзбекистондаги хусусий корхоналар билан бу борада ҳамкорлик қилаяпман. Ўзбекистон ҳукумати бу ГЭСнинг қурилишини хоҳламаса-да, аммо биздан заказ олаётганлар кўп, чунки бу бизнес қонуни. Бу уларга маълум бир даромад келтиради, улар шу йўл билан пул ишлашаяпти. Роғун масаласи ҳозир жуда қизигани ортидан бу маҳсулотнинг бозори ҳам чаққон бўлган, дейди асосан Ўзбекистондан маҳсулот олиб кираётган савдогар аёл Шоирахон.

Душанбе шаҳридаги Карвон бозори расталарини айланар эканмиз, бу ерда “Роғун” майкаларидан ташқари Хитойда ишланган “Роғун” газламалари ҳам сотилаётганининг гувоҳи бўлдик.

Савдогарларнинг айтишича, айнан шу турдаги газламалар серхаридор экан.

- “Роғун” газламаларидан мен ҳам олдим, қизларимга кўйлак тикиб бердим. Сувнинг нақши туширилган жуда чиройли паплин, кийсангиз ярашади. Ҳамма олаяпти, ҳозир мода экан, энди янгилик-да - олдик. “Эрдан қолсанг ҳам, элдан қолма” деган нақл бор-ку, дейди “Роғун” газламасидан кўйлак кийган душанбелик Собирахон ая.

Суҳбатдошларимиз орасида “Роғун” майкаси ёки матоҳларидан либос кийган тожикистонликлар орасида мода учун эмас, балки ватанпарварлик туйғуси кучли бўлгани учун уни харид қилаётган кишиларни ҳам учратдик.

- Мен унчалик ҳам модага қизиқмайман, моданинг ортидан қувсанг, тубига етмайсан, чунки ҳар кун бир мода чиқади. Лекин мен ”Роғун” майкасини ватанимни севганим учун, ватанпарварлик ҳисси менда ўта кучли бўлгани учун кияман, дейди Шаҳритуз туманида яшовчи Восит.

У ватанига содиқ бўлган ҳар бир тожикистонлик “Роғун” майкасини кийиши ва буни мамлакатдаги хорижлик меҳмонларга намойиш қилиши лозим, дея фикр билдирди.

Бироқ бошқа бир суҳбатдошимиз - Тожикистон Педагогика унверситетининг битирувчиси Умурзоқ бу фикрларни қувватламади.

Унинг айтишича¸ ватанни севиш ёки унга содиқликни “Роғун” майкасини кийиш белгилаб бермайди.

- Энди бугун бу кийимларни ҳар ким ҳар хил тушуниб кияяпти. Айримлар мода учун, айримлар эса ватанда шундай бир йирик ГЭС қурилаётганидан фахрланиб, баъзилар эса ўзининг ватанпарварлигини намойиш қилиш учун кияяпти. Менимча, ватанпарварлик тушунчасининг маъноси жуда кенг. Энди битта майка кийиб, ватанпарварликни намойиш қилиш бу - идиотизм , дея мулоҳаза билдиради суҳбатдошимиз Умурзоқ.

“Роғун” майкаларию газламаларини савдо қилаётган душанбелик савдогарларнинг бош қашишга вақти бўлмай турган бир пайтда¸ бу маҳсулотларнинг тожик жамиятига кириб келиши ва ундан кўзланган мақсад ва будан ким қандай манфаатдор экани атрофида баҳслар тобора қизиб бормоқда.

Тожикистонлик маҳаллий кузатувчилар, гарчи ҳукумат расмийлари мамлакат бозорларида шу турдаги либослар сотувга чиқарилганидан манфаатдор эсалар-да, лекин бу ерда уларнинг таъсири йўқлигини айтишмоқда.

Улар фикрича, расмий Тошкент ва Душанбе ўртасида Роғун қурилиши атрофидаги даҳанаки жанглари давом этаётган бир пайтда¸ бу ҳукуматни қўллаш мақсадида бозорларнинг катта қисми ихтиёрида бўлган ҳукуматга яқин доиралар уюштирган пиар-акция бўлиши мумкин.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса, бу мавзуни сиёсийлаштирмаслик лозимлигини айтиб, бу шунчаки давр талаби билан жамиятга кириб келган мода тури эканини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG