Линклар

АҚШ ва Россия ўзаро алоқалар бузилмаслигига умидвор


АҚШ ва Россия жосуслар атрофида юзага чиққан можаро икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожига салбий таъсир кўрсатмаслигига умид қилмоқда

Россия ахборот агентликлари ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг “Москва мазкур можаронинг АҚШ-Россия муносабатларига путур етказмаслигига умид қилмоқда”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббс ҳам ўзаро алоқаларнинг ҳозирги даражада сақланиб қолишига ишонч билдирди.

-Ушбу можаро Россия билан ўрнатган муносабатларимизга путур етказади¸ деб ҳисобламайман. Сўнгги бир, бир ярим йил давомида биз биргаликда СТАРТ-1 келишувини ишлаб чиқишда ёки БМТда Шимолий Корея ва Эрон масаласини муҳокама қилишда ижобий натижаларга эришдик. Мазкур можаро ушбу алоқаларимизга путур етказади, деб ўйламайман, деди жумладан Оқ уй матбуот котиби.

Душанба куни АҚШ расмийлари кўп йиллар давомида Россия фойдасига жосуслик қилган ўн кишининг ҳибсга олинганини маълум қилди.

Айни пайтда Қибрис полициясининг жосуслар халқасига алоқадор яна бир кишини Ларнака аэропортида Будапештга кетаётган самолётга чиқаётган пайтда қўлга олгани маълум бўлди. Бу шахснинг ҳозирда АҚШга депортация қилиш бўйича судни кутаëтгани ва гаров эвазига очиқда қолаëтгани айтилмоқда..

Россия Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида жосусликда гумон қилинган шахсларнинг айримлари Россия фуқаролари бўлгани, уларнинг АҚШ манфаатларига ҳеч қандай зиён етказмаганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG